КОНФУЦИЙЛИК – милодгача бўлган VI–V асрларда қадимги Хитойда юзага келган фалсафий оқим.
Конфуций (Кун цзи, мелодгача 551 – 479 й.лар) – мазкур таълимотнинг асосчиси бўлиб, у ҳозирги Шаньдун вилояти ҳудудида Лу хонлиги даврида туғилди. Конфуцийлар бу вақтларда деярли камбағаллашган эски зодагонлар оиласига мансуб эди.
К. асосчисининг қарашлари унинг издошлари томонидан ёзилган "Лунь юй" ("Суҳбатлар ва мулоҳазалар") номли фалсафий китобда баён этилган. К.лар таълимотида "чжун" (подшоҳга садоқат), "и" (бурчга садоқат), "сяо" (ўғилларча эҳтиром) ва б. ғояларни ифода этувчи, "жень" (инсонпарварлик) қарашлари системаи марказий ўринни эгаллайди. Унинг асосида ушбу ҳислатларни ўзига сингдирган "цзюнь–цзи (олижаноб кишилар) ҳақидаги ғоя туради. Кишиларни "цзюнь – цзи" (олижаноблар) ва "сяо – жень" (паст табақалар)га ажратиш шундан келиб чиққан. Унга кўра, бошқарув биринчилар томонидан амалга оширилиши, кейингилар эса фақат итоат этишлари зарур бўлган.
Бошқа фалсафий оқимлар каби к. ҳам, биринчи галда, осойишталик ва хотиржамлик, тартиб ва гуллаб–яшнашни кўзлашга йўналтирилган. Конфуций ўтмишни, жумладан, Инь ва Чжоу бошқаруви даврини идеаллаштириш билан қадимги Хитой жамияти ҳаёти даври интилишларига хизмат қилиши зарур бўлган одатларга алоҳида эътибор беришга уринди. Уларнинг таълимотига кўра, одат аслзодалар билан паст табақаларнинг алоқалари асосидир, у халққа ҳаёт бахш этади.
К. фалсафасида осмон тартиб ва мукаммаллик тимсоли ҳисобланган "Осмон иродаси" (тянь – мэнь) назарияси, жумладан, "осмон фарзанди" таълимотига кўра, унга фақат барча зарур ҳимматга эга бўлган, императоргина эга. К. вакили Мэн цзи Хитой тарихида биринчи бўлиб ошкора тарзда ҳукмдорнинг шахс сифатидаги манфаатларига нисбатан мамлакат ва халқ манфаатларининг устуворлиги ҳамда ноинсоф подшоҳни ағдариб ташлашга халқнинг ҳуқуқи борлиги ҳақидаги ғояларини шакллантирди. У ижтимоий тенгсизликни "осмоннинг иродаси" мавжудлиги билан асослади. К.нинг бошқа бир тарафдори Сюн цзининг таълимотига кўра, "Осмон" табиатнинг бир қисми бўлиб, у онгга эга эмас. Инсон нарсаларнинг яшаш қонунлари ("дао")ни билиб олгач, улардан ўз манфаатлари учун фойдаланиши лозим.
Қадимги Цин империяси инқирозидан сўнг Хан даврига келиб, Цин империясининг расмий мафкураси бўлган легизмнинг к. билан қўшилиб кетиши ортодоксал к.нинг пайдо бўлиши ва шаклланишига олиб келди. К.нинг бошқа бир вакили –– Чжу Си, Сун (мелоднинг 12–13 асри) янги к.нинг ривожланишига ва шаклланишига катта ҳисса қўшди. Янги к.ка дуализм хос эди ва, унга кўра, барча нарсаларнинг икки ибтидоси – "ли" (ахлоқ – одоб, қонун) ва "ци" (заррачалар) мавжуд дейиларди. Ушбу унсурлар унинг ғоясига кўра бориб–бориб бир ибтидога бирлашади.
Ортодоксал к. сўнгги хитой империяси 1911 йилдаги Синьхай инқилобидан кейин қулагунга қадар икки минг йил давомида Хитойнинг расмий мафкураси сифатида ҳукмронлик қилди. К. ғоялари ҳозирги хитой фалсафасининг шаклланишида муҳим роль ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |