КАРИМОВ ИСЛОМ АБДУҒАНИЕВИЧ (1938) – атоқли давлат ва жамоат арбоби, мустақил Ўзбекистон Республикаси Президенти, академик. Янги тарихий шароитларда мустақиллик ғоялари ва истибдод тузумидан эркин бозор иқтисоди муносабатларига ўтиш назарияси ва тартиб–қоидаларининг асосчиси, мустақилликни мустаҳкамлаш ва миллийликни илмий ёритишда ижтимоий фалсафани қатор янги тамойиллар билан бойитган жамиятшунос олим. У давлат тепасига фақат Ўзбекистон эмас, балки бутун жаҳон сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиётининг энг масъулиятли паллаларидан бирида келди. СССР парчаланиши натижасида шаклланган қатор мустақил давлатларда қонли воқеалар, талофатли жараёнлар кечган бир вазиятда И.А.Каримов аниқ асосланган назарий йўл ва амалий тадбирларнинг истиқболли режасини ишлаб чиқди ва изчил иш олиб борди. Шу боисдан, мустақилликнинг биринчи ўн йилини мустақил Ўзбекистон энг кам қурбонлар бериб, ижтимоий ва иқтисодий путурга йўл қўймасдан, мустаҳкам барқарорлик, тинчлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик вазиятида якунлади. Натижада мустақил Ўзбекистон жаҳон сиёсий раҳбарларининг диққатини ўзига торта бошлади. Бундай ижобий натижаларнинг сабабчиси И.А.Каримов эканлиги, уларнинг негизи И.А.Каримов томонидан амалга оширилган чуқур фалсафий–ижтимоий таҳлил натижаси эканлиги дунё аҳлига намоён бўлди.
И.А.Каримов истибдод йилларини таҳлил этар экан, кўп жиҳатдан ўзининг бой ва серқирра шахсий тажрибасига суянади, зеро у истибдод тузумининг инсонга, динга, миллий маънавиятга бўлган муносабатини амалда кўрган. Шу асосда у истибдод тузумининг барбод бўлишини олдиндан кўра билди ва унинг парчаланиш даврида турли тартибсизликларнинг содир бўлишига йўл қўймади.
Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон СССР давридаёқ давлат ҳокимиятини ифода этишнинг президентлик шаклини жорий қилди ва биринчи бўлиб унинг тимсолида ўз Президентини сайлади. Шу боис, Ўзбекистон СССРнинг парчаланишини ва ундан кейинги ўзгаришларни тўла тайёрлик билан кутиб олди, унда саросимага, ўзбошимчаликка, бошбошдоқликка, мажлисбозлик, сиёсий беқарорлик ва турли оғмачиликларга йўл қўй.мади. Бунинг учун И.А.Каримов ўзбек халқининг миллий менталитети, миллий маънавияти, ўзига хослиги, ҳислат ва хусусиятларини, унинг бағрикенглиги, туғма байналмилалчилигини инобатга олиб иш юритди. И.А.Каримовнинг тарих олдида яна бир хизмати шундан иборатки, у ўтиш даврининг ва мустақил ривожланишнинг ўзбек моделини ишлаб чиқди ва ҳаётга кенг татбиқ этилишига бошчилик қилиб келмоқда. Жаҳон тарихида биринчи марта миллий модел тамойилларини ўз асарларида асослаб берди.
Мустақиллик йўлини босиб ўтган ва бу борада тажриба ортирган ўнлаб давлатлар унинг ижобий тажрибасини синчиклаб ўрганди ва айни вақтда Ўзбекистон воқелиги, ўзбек халқининг миллий ўзига хос томонлари, миллий менталитети, анъана ҳамда хусусиятларини инобатга олган ҳолда янги муносабатларга, янги давлатга хос тараққиёт йўлини ишлаб чиқди ва ҳаётга татбиқ этилишига шахсан бошчилик қилиб келмоқда. Бу модел асосан беш тамойилга таянади: иқтисоднинг мафкурадан устунлиги; қонуннинг устуворлиги; давлатнинг бош ислоҳотчилиги, ўтиш даврида янги иқтисодий муносабатларга босқичма–босқич ўтиш зарурлиги; ижтимоий ҳимоя сиёсатига жиддий эътибор ажратиш.
И.А.Каримов янги даврда мустақил давлатлар орасидаги муносабатлар қандай бўлишини аниқлашда, бунга янгиликлар киритилишининг ташаббускори бўлди, шу жумладан, бу борада тенглик ва ўзаро ҳурмат алоқалари мазмуни ва шакли қандай бўлиши масаласида ўрнак бўларли тартиб–қоида жорий этилишига сабабчи бўлди. Бу муносабатлар мутелик, қарамлик, зўр давлатлар ва йирик миллатлар олдида тиз чўкиш, уларга сажда қилиш каби кўникмалардан ҳоли ишга хисса қўшди, бу йўл мустақил Ўзбекистоннинг мавқеи ва обрўсини кўтарди. Миллионлар онгидан ва кўникмаларидан истибдод даври сингдирган одатларни сиқиб чиқарган назарий қоидалар ва амалий қадамларнинг инсоният тарихидаги аҳамияти ва ўрни бизнинг берган баҳомиз билангина эмас, балки, биринчи навбатда, жаҳон давлатлари раҳбарлари, машҳур сиёсий арбоблар, мутахассис олимларнинг холисона айтган фикрлари асосида белгиланади. Уларнинг оламнинг турли мамлакатларида, университетларида, сиёсий партиялари, оммавий ахборот воситалари орқали билдирган фикрлари шундан далолат берадики, И.А.Каримов ҳозирги замоннинг энг фаол, ташаббускор, барча халқлар манфаатларига монанд фикр ва ғояларни олға сурувчи йирик давлат арбоби ва олим сифатида тан олинмоқда. У бир неча чет эл университетлари ва илмий даргоҳларининг фахрий аъзоси ва профессори аъзоси этиб сайланган. Унинг асарлари, айниқса, «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари», «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» ва б. китоблари жаҳон халқлари тилларига таржима этилиб, Нью–Йорк, Лондон, Токио, Дехли, Париж ва б. шаҳарларда чоп этилган.
И.А.Каримов фалсафа фанига доимо ўз диққат–эътиборини қаратиб келмоқда, Ўзбекистон файласуфлари олдига долзарб вазифаларни қўймоқда. Шу боис, улар миллий ғоя, маънавият, мафкура устида самарали тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Бу соҳалар шу вақтгача фалсафа фанининг диққат марказидан четда қолиб келган эди. Эндиликда ривожланган мамлакатлар файласуфларининг асарларини ўрганишни биринчи даражали долзарб вазифалар сифатида олға сурилмоқда. Унинг танқидий мулоҳазалари ва маслаҳатлари асосида Ўзбекистон файласуфлари ўзлари учун амалий хулосалар чиқариб олмоқдалар.
И.А.Каримов ҳозирги замон мустақиллик фалсафасининг асосчиси ва унинг тамойилларини ҳаётга, амалиётга тадбиқ этувчи йирик маърифатпарвар давлат арбоби ва атоқли олимдир. У илмий жасорат кўрсатиб, «Авесто» ва зардуштийлик фалсафаси, айни вақтда, ўзбек халқининг ҳам фалсафаси эканлигини юксак жаҳон минбарларидан туриб асослаб берди, истибдод томонидан ноҳақ қораланган Амир Темур шахси тарих саҳифаларида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига имкон очди. И.А.Каримовнинг хизматлари давлат ва дин масаларида, айниқса, таҳсинга сазовордир. Давлат фақат эзиш қуроли ва синфий ҳумкронлик воситаси, деган эски қарашларга у кучли зарба берди, давлат жамиятни бошқариш, унинг вазифаларини белгилаш, уларнинг бажарилишини таъмин этиш, миллат, жамиятнинг демократик асосда ривожланиш ва юксалиш воситаси ҳамда қуроли эканини асослаб берди. Ал–Бухорий, Ат–Термизий, Нажмиддин Кубро, Бурхониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби ўнлаб дин фалсафаси ва фиқҳ фанининг машҳур вакилларининг номларини тиклаб, улар яшаган ва ижод этган жойларни умумхалқ саждагоҳларига айлантирди. У динга такаббурона муносабатда бўлишга ва, айни вақтда, дин ниқобига бурканиб, қабиҳ сиёсий мақсадларга интилувчи гуруҳлар фаолиятига самари қарши курашмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |