КАНТ, ИММАНУИЛ (1724-1804) жахон фалсафасининг энг буюк файласуфларидан биридир. У Германиянинг Кёнигсберг шаҳрида (ҳозирги Калининград шаҳри) туғилган, ўқиган, ижод қилган ва вафот этган. Унинг ижодини икки даврга бўлиб ўрганилади. “Танқидгача бўлган давр” деб номланувчи, 1870 йилга қадар давом этган ижодининг дастлабги даврида у фалсафа билан бирга табиатшуносликга ҳам қизиқиб бу соҳада бир қатор буюк ғояларни илгари сурган. Кант “Осмоннинг энг умумий тарихи ва назарияси” асарида (1755) Коперник, Бруно, Галилей, Кеплер ва Ньютон таълимотларига таяниб Қуёш системасининг газ ва чангдан тузилган, ўрама шаклида муайян ўқ атрофида айланадиган катта булутдан пайдо бўлганлиги ҳақида гипотезани яратган. У Коинотдаги Куёшдан бошқа юлдузлар атрофидаги сайёралар системалари ҳам шундай пайдо бўлганлигини тахмин қилган. Бу ғоя атрофимиздаги бутун табиатни ва жамиятни ривожланиш асосида тарихан пайдо бўлган ва шаклланган борлиқ сифатида ўрганишни тақозо қилар эди. Бу борлиқга диалектик қараш учун туртки эди. Кант тирик жонзодлар турлари ривожланиш борасида муайян кетма-кетликда пайдо бўлиши ҳақидаги ғояни ифода этди. Кант инсон ирқлари табиий келиб чиқганлиги ҳақидаги ғояси илгари сурган. Кант танқидгача бўлган даврида Руссо, Декарт, Лейбниц каби файласуфларга ҳамоҳанг рационализм ва гносеологик оптимизм руҳида фикр юритган.
Кант ижодининг “танқидий фалсафа даври” “Ҳиссий ва ақлий англанадиган дунё шакли ва принциплари тўғрисида” мавзуидаги диссертациясини ҳимоя қилган 1770 йилдан бошланиб умрининг оҳиригача давом этади. Кант дунёқарашининг бундай ўзгаришида Юм фалсафий таълимотининг таъсири катта бўлган. Критик даврида И.Кант инсон тафаккури ва руҳининг имкониятларини системали ва танқидий тадқиқ этади. Кант одам образини янгича тасаввур этиб, уни ўзининг қарама-қаршиликларга тўла дунёсининг буюк яратувчиси сифатида талқин этади. Метафизика асослари ва Юм скептицизми ғоялари устида қилган мушоҳадалари натижасида Кант, ўзининг сўзи билан айтганда, “догматик уйқудан уйғонади” ва объектнинг метафизик абсолют бирламчи асосларини излашдан одам субъекти томон “Коперниксифат тўнтариш”ни амалга оширади.
Кантнинг ушбу фалсафаси танқидий ёки трансцендентал идеализмдир. Кантнинг бу таълимотни “Соф ақлни танқид” (1781), “Амалий ақлни танқид” (1788), “Муҳокама қобилиятини танқид” (1790) асарларида ифодаланган. Бу таълимот бўйича, фалсафанинг энг муҳим муаммолари бўлмиш - борлиқ, ахлоқ ва абсолют (Тангри) масалаларини таҳлил қилиш учун инсон билимининг имкониятлари ва чегараларини аниқламоқ керак. Кант фикрича билимларимиз нарсанинг ҳодисасини, яъни бизга қандай ҳолатда намоён бўла олишини (феноменларни) била олади. Феноменлар бизнинг тажрибамиз мазмунини ташкил қилади. "Нарса ўзида"нинг бизнинг сезги аъзоларимизга таъсири натижасида сезгилар мажмуаси вужудга келади. Бу мажмуа бизнинг аклимиз қуввати билан тартибга солинади ва бир бутунга айлантирилади. Биз табиат қонунлари деб билган нарсалар аслида ақл томонидан ҳодисалар дунёсига киритилган алоқалардир. Яъни Кантга биноан, ақлимиз табиатга қонунлар киритади. "Нарса ўзида" биз учун фақат ақл билан билиш мумкин бўлган, лекин тажрибадан келиб чиқмайдиган моҳиятдир, ноуменлардир. Танқидий даврда Кант инсон ақлининг чексиз қудратига ишонмайди ва гносеологик оптимизм позициясидан агностицизм позициясига ўтади. Инсон билимининг нисбатан чекланганлигига у маълум ахлоқий маъно беради. Унингча, агар инсон мутлақ билимга эга бўлса, унда ахлоқий бурчни бажариши учун кураш ҳам, интилиш ҳам бўлмасди.
Кант таълимоти бўйича, макон ва замон ғоялари инсонга унинг тасаввурларидан олдин, яъни априор шаклда маълумдир. Макон ва замон реал эмас, балки фақат тушунчада, ғоялардадир, улар ҳиссий мушоҳаданинг априор шаклларидир.
Билиш назариясида Кант диалектикага катта ўрин беради. Кант билиш жараёнининг бир қатор антиномияларини, яъни зиддиятларини қўрсатиб берди. Кант қарама-қаршиликни билишнинг зарурий омили сифатида қарайди. Кант таълимоти фалсафада катта аҳамиятга эга. Унинг вафотидан кейин классик немис фалсафасининг ривожи И.Г.Фихте, Ф.В.Шеллинг, Г.В.Гегель, Л.Фейербах ижодида ўзининг юксак чўққиларига эришди. Кант таълимоти кантчиликнинг бир қатор янги турларида ҳам ўзига хос ворисларига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |