ДИЛЬТЕЙ ВИЛЬГЕЛЬМ (1833–1911) – немис файласуфи, маданиятшуноси, «ҳаёт фалсафаси» оқимининг вакилларидан биридир.
Д.В. фикрича, ҳақиқий фалсафа “ҳаёт бутунлиги”, “ҳаётий тажриба”га асосланиши лозим. У ҳаётни ақл билан англаб бўлмаслигини, ҳаётни фақатгина ҳис қилиш орқали билиш мумкинлигини эътироф этади. Шу сабабли, файласуф табиатни механик тарзда талқин этувчи позитивизм ва билиш жараёнида фақатгина ақлий билишни устун қўювчи «метафизик» идеализмни танқид остига олади. Д.В. ўз таълимотида “Ҳаётни ақл ҳукмига топшириш мумкин эмас” деган ғояни илгари суради.
Неокантлик (Баден мактаби) таъсирида Д.В. фанларни табиатшунослик ва “руҳ” тўғрисидаги фанларга ажратади. Унинг фикрича фанлар нафақат предметига кўра, балки методларига кўра ҳам фарқланади. Ижтимоий фанларнинг предметини руҳнинг намоён бўлиш шакллари (руҳ ҳосил қилган) ташкил этади ва улар қуйидагиларадан иборат: аҳлоқ, ҳуқуқ, дин, давлат, санъат, фанлар ва фалсафа. Агар “табиат тўғрисидаги” фанларнинг асосий методи – тушунтириш бўлса, “руҳ тўғрисидаги” фанларнинг асосий методи тушунишдир.
Д.В. герменевтикани “ёзма баён этилган ҳаётий ҳақиқатларни тушуниш санъати” сифатида таърифлайди.У ўзга оламни мас. у ёки бу тарихий ҳодисани тушуниш учун, тадқиқотчи ана шу даврда “яшамоғи”, ўша ҳодисаларни “бошидан кечирмоғи” ва “ шарҳлаб” бериши лозим. Ижтимоий билиш Д.В. таъкидлаганидек, иррационал ва релятивистик хусусият касб этади. Файласуф бундай релятивизм инсонни догматизмдан халос этиб, толерантлик ва эркинликка олиб боришини таъкидлайди. Д.В. бизнинг ва ўтмиш даврлардаги кишилар ҳиссиётларининг мувофиқ келиш муаммосини инсоният табиатига ва “ҳаётий тажриба”, “ҳаёт”нинг намоён бўлишдаги умумийликка асосланган “ўхшашлик” тушунчаси ёрдамида ҳал этади. Унинг фикрича бунингсиз тушуниш мумкин эмас.
Д.В. илгари сурган ғоялар ХХ асрдаги экзистенциализм, герменевтика, постмодернизм каби европа фалсафаси оқимларига катта таъсир кўрсатди.
ДИНАМИК, ЭҲТИМОЛЛИК – СТАТИСТИК ҚОНУНЛАР – динамик қонун алоҳида олинган объект ҳатти-ҳаракатини бошқарадиган, унинг ҳолатларидаги бир хил муҳим алоқадорликларни аниқлаш имконини берадиган қонунлардан бири. Д.қ.нинг бу турига қаттиқ жисм ҳаракатининг тезлигини, Қуёш системаидаги сайёралар ҳаракатини аниқлаш имконини берадиган, классик механика қонунлари мисол бўла олади.
Эҳтимоллик-статистик қонунлар шундай қонунлар сирасига кирадики, улар йирик жамланмалар, бирликлар хатти-ҳаракатларини бошқаради ва, алоҳида объект ҳатти-ҳаракатига доир, эҳтимоллик табиатидаги турли хулосалар (фикрлар) чиқаришга ёрдам беради. Эҳтимоллик-статистик қонунлар квант механикаси, генетика каби фанларда кенг тарқалган. Д.қ. эҳтимоллик-статистик қонунлар каби зарурий алоқа ва муносабатларни ифодалайди. Д.қ.дан фарқли ўлароқ, эҳтимоллик-статистик қонунларда, зарурият, яққол тасодифлар билан бевосита алоқадорликда акс этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |