ДИАЛЕКТИКА – ривожланиш тўғрисидаги фалсафий таълимот. Тарихий-фалсафий анънада Д. ҳам назария, ҳам метод сифатида кўрсатилади.
Немис классик фалсафасида Д. алоҳида ўрин тутади, чунки бу ерда фалсафа тарихида биринчи марта тараққиётнинг диалектик назарияси ишлаб чиқилди ва у метафизик методнинг ҳукмронлигига барҳам берди. Д.нинг энг юқори нуқтаси Гегель диалектикаси эди.
Д. метод асосчиси сифатида Кант ўзининг соф ақл антиномияси билан танилганди. Д. методи Гегель фалсафий системаининг барча бўғинларини қамраб олган. Унинг фикрича тараққиёт методи сифатида тушунчалардаги зиддиятларни топиш ва уларни ҳал қилиш тушунилади.
Зиддиятларни эса, Гегель қарама-қарши тушунчаларнинг ўзаро тўқнашуви ва уларни бирлашуви орқали ҳал қилиш, деб билади. Гегель, Д.нинг асосий мазмуни сифатида, бир-бирини инкор этадиган ва шу билан бирга, бир-бирини тақозо қиладиган қарама-қаршиликлар ёки зиддиятлар ташкил этади, дейди. Зиддиятга руҳ тараққиётининг ички манбаси сифатида қаралади, у қадам-бақадам муайянликка ва бу орқали тўлақонли, ҳақиқий натижага қараб интилади.
Бундай илгарилаб йўналган прогрессив ҳаракат тафаккур жараёнига аста-секин ривожланиш, тадрижийлик хусусиятини беради.
Марксизмда материалистик нуқтаи назардан ишлаб чиқилди. Ҳозирги замонда метод ҳамда назария сифатида ўз аҳамияти ва мақомини сақлаб келмоқда. XX аср фан-техника тараққиёти ютуқлари билан бойиб, Д. ўз илмий салоҳиятини тўла намоён қилмоқда ва унинг турлари кўпаймоқда.
ДИВЕРФИКАЦИЯ (лот. diversus – ҳар хил, facura – қилмоқ) – хилма-хил, ҳар томонламали ривожланиш; ишлаб чиқариш Д.си бир-бирови билан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ассортиментининг кенгайиши, ишлаб чиқариш турларининг ривожланиши бир вақтнинг ўзида бўлади.
ДИДРО Дени (1713–1784) – француз файласуфи, қомусий олим. Асосий асарлари: "Файласуф фикрлари" (1746), "Кўзи очиқларга ибрат бўлиши учун кўзи ожизлар ҳақида мактуб" (1749), "Табиатнинг талқинига оид фикрлар" (1754), "Даламбернинг Дидро билан суҳбати", "Даламбернинг туши" ва "Суҳбатнинг давоми" (1769, трилогия), "Материя ва ҳаракатнинг фалсафий асослари" (1770), "Сенека ҳаёти" (1778), "Клавдий ва Нероннинг подшоҳлик тажрибаси" (1782), "Физиология элементлари" (1777–1780), "Скептикнинг сайри ёки хиёбонлар" (1747, 1796 йилларида чоп этилган), "Роҳиба" (1760,1796 йилларида чоп этилган) антиклерикал романи, "Жиян Рамо" (1762, 1792 йилларида чоп этилган) ахлоқий-фалсафий романи, " Жак фаталист ва унинг хўжайини"(1773, 1792 йилларда чоп этилган).
Д. ҳаётининг кейинги йигирма йилдан кўпроқ вақтини 35 жилдлик "Энциклопедия ёки фан, санъат ва ҳунармандчиликнинг изоҳли луғати"ни (1751–1780) яратишга сарфлади. Д.нинг саъи-ҳаракатлари билан "Энциклопедия"нинг чоп этилиши ниҳоясига етказилади. "Энциклопедия"нинг яратилишида фалсафий фикр ва маърифатчиликнинг энг ёрқин ва тараққийпарвар намоёндалари (Руссо, Даламбер, Вольтер, Кондильяк, Монтескье, Гольбах ва б.) фаол иштирок этдилар. Д. томонидан Энциклопедия учун берилган Проспектида (1750) ўз олдига улкан вазифа – "барча даврларда ва барча илм соҳаларида инсон тафаккури кучининг умумий манзарасини акс эттиришдан иборат" эканлигини алоҳида қайд этиб ўтган эди.
Д. Петербург Фанлар академиясининг фахрий аъзоси этиб сайланган. Д. фалсафий таълимотида "биз, деярли, ҳеч нарсани билмаймиз", деган скептик шиордан келиб чиқса ҳам, "инсон билимларининг, тараққий этиб борган сари", олам тўғрисидаги тасаввурлари тобора адекват бўлиб боришини кўрсатиб беради.
Ҳаракатни Д. жуда кенг маънода – умумий ўзгариш тарзида тушунган. Д.нинг табиат тўғрисидаги қарашларига трансформизм ("атрофдаги барча нарсалар тўхтамай ўзгаришда") хос бўлиб, у Дарвиндан анча аввал, биологик тадрижийликнинг мосланувчанлик механизми ва табиий танланиш ғоясини илгари сурди: Материянинг ички фаоллигини ифодаловчи бу ғалаён "ундан бирон бир яшашга лаёқатли комбинация пайдо бўлгунга қадар, материя вазнини комбинациялашни давом эттирган ва давом эттирмоқда". Д. таълимотида трансформизм тамойили ҳиссиёт (сенсор) соҳасига ҳам татбиқ этилган.
Д. инсондаги тафаккур қилувчи "Мен"ни миясида "уя қурган" ўргимчакка, асаб системасини эса инсон организмини қамраб олган "тўр иплари"га қиёслайди. Бу эса инсонга, "сезгилари орқали, табиатни билиш" имкониятини беради. Д. инсонни сезиш қобилиятига ва хотирага эга бўлган асбобга ўхшатади.
Д. инсон билимларининг манбаи – «сезиш» эканлигини таъкидласада, унинг қарашлари ўта сенсуализмдан анча йироқдир. У, ҳиссий ва рационалликнинг бирлигига асосланган, рационалликнинг янги шаклини яратади, бунда кузатувлар далилларни тўплайди, тафаккур уларни комбинациялаштиради, тажриба комбинациялаш натижаларини текширади. Д. фикрича, "табиатни таҳлил этувчи" субъект, албатта, фалсафий билишнинг "тажрибавий" ва "рационал" шаклларини синтез қила олиши керак. Шу мақсадда, "ақлий муҳокама юритувчи файласуфлар гуруҳи «фаолиятидаги» файласуфлар гуруҳи билан қўшилса" – "ҳақиқат учун фойдали" бўлар эди. Д. ақлий тафаккур тажриба маълумотларини калькуляциялашдан иборат, деган тушунчадан йироқ бўлиб, аксинча, "тажрибавий кузатишнинг буюк одати илҳомланиш хусусиятига эга эмпирик информацияни ижодий интеграциялаш ва унда ноёб умумлашмаларни топишга имкон беради», деб ҳисобланган.
Д.нинг ахлоқий қарашларида "табиий инсон", "табиий инсон эҳтиёжлари" ҳақидаги тасаввурлардан келиб чиқиб, инсондаги ёмон одатларнинг табиий асосга эгалигини кўрсатиб, уларни, тарбия таъсирида оқилона чеклаш кераклигини уқтиради. Лекин, шу билан бирга, ижтимоий омилларнинг ахлоқий онгга таъсирига эътиборини қаратиб, "агар қонунлар яхши бўлса, ахлоқ ҳам яхши бўлади; агар қонунлар ёмон бўлса, ахлоқ ҳам ёмон бўлади", деб ҳисоблайди. Зеро, у, "алоҳида индивидлар бахт–саодатини умумий бахт–саодат билан боғловчи", қонунларни яхши қонунлар, деб тушунади.
Д. "оқилона эгоизм" ғоясини илгари суриб: "бу дунёда шахсий бахт–саодатимиз учун, аввало, ҳалол инсон бўлишимиз маъқул", деган хулосага келади.
Д. инсондаги "табиийлик" ва "оқилона эгоизм"га нисбатан устунроқ бўлган ригористик (қатъий) ахлоқий императив (қонун)нинг мавжудлиги ҳақида фикр юритади: "Инсон табиатида, бошқа ҳеч бир нарса босиб кетолмайдиган қадрият бўлиши керак". Кант қатъий императивининг моҳиятини ташкил этувчи универсал ахлоқий максима: инсон бошқаларга нисбатан ўзига талаб қилган муносабатда бўлиши керак, деган ғояни Д. ундан илгарироқ фаҳмлаган эди.
ДИЛ (жон, қалб, юрак, кўнгил) – Марказий Осиё фалсафий тафаккурида ушбу тушунчалар деярли, бир хил маънода ишлатилиб, борлиқнинг номоддий асосини ҳамда инсоннинг туб моҳиятини ифодалаш учун хизмат қилиб келган. Тасаввуф фалсафасида, бу тушунчалар билан бирга, нафс тушунчаси ҳам ишлатилади. Абу Али ибн Синонинг уқтиришича, киши ўз туб моҳиятини зоҳирий нарсалардан ажрата билиши керак. Нафсга жисмга бирикиб кетган унинг фаолиятини бошқарувчи теран қувват сифатида қарамоқ лозим. Ушбу қувват Форобийнинг фикрича, турли даражаларда, инсоннинг борлиққа келиши билан даставвал уни озиқлантирадиган қувват (жон ёки нафс) мавжуд бўлган. Кейинги туйғулар (таъм, ҳид, овоз, кўриш, қувват) ва шу туйғулардан келиб чиқадиган истак ва хоҳишлар (ёки истамаслик, ҳоҳламаслик) қувватидир ёки интилувчи қувватдир. Ундан кейин юзага келадиган қувват хаёл қилиш қуввати бўлиб, бундай қувват ёрдамида киши ўзи ҳис этган нарсаларни бир-бири билан бирлаштиради (гуруҳлайди) ёки аксинча бир-биридан ажратади. Ушбу қувват нотиқа қувватини ҳам келтириб чиқаради. Бу даража ҳозирги давр илмий тилида идрок, деб аталади. Кейингиси ақл қувватидир.
Бу қувват ёрдамида одам борлиқни билиш, гўзал билан хунукни бир-биридан ажратиш, санъат билан шуғулланиш имконига эга бўлади. Шунингдек, турли орзу-ҳавасларни ўз олдига қўйиши ҳам ақл қуввати даражасига киради.
Бу қувватлар ичида ҳукмрон қувват мавжуд бўлиб, у бошқа қувватларни бошқаради. Бу қувват қалбда (юракда) бўлади. Бошқа қувватларнинг ҳам инсон жисмида ўз ўрни бор. Хусусан нотиқ қуввати тилда, ақл қуввати мияда жойлашган бўлади.
Қалб шундай бир аъзоки, - дейди Форобий, у баданнинг бошқа ҳеч қандай аъзолари билан идора қилинмайди. Ундан кейин мия келади. У ҳам асосий аъзо саналади. Лекин, унинг ҳукмронлиги биринчи даражали бўлмай, балки иккинчи даражалидир. У барча аъзоларини қалб амрига кўра идора қилганлиги учун шундай бўлади. У фақат қалбгагина хизмат қилади. Шуниси ҳам борки, унинг табиий мақсади қалбга хизмат қилиш бўлгани учун табиийки, бошқа аъзоларга ҳам хизмат қилади.
Юқоридагилардан кишининг туб моҳияти бўлган қалб инсоннинг барча бошқа қувватлари манбаи эканлиги келиб чиқади.
Шунинг учун ҳам тасаввуф фалсафасида комилликка эришмоқ йўлини қалб йўли, деб англашилади. Қалбни поклаш – соғлом бўлиш йўли, деб аталган. Қалбни софлаш эса тубан, иккинчи даражадаги қувват (ёки нафсни)ни олий даражадаги қувватга — қалбга бўйсундириш орқали, амалга оширилади. Натижада, нафс ёки қувватлар орасидаги уйғунликка эришилади.
Ўзбек тилидаги “қалб” тушунчаси юнон. “анима” ва “псюхе” тушунчаларига мос келади. Қалб фаолиятини ўрганиш эса, шунга мувофиқ, “психология” деб аталган. Аристотельнинг, “қалб ҳақида” номли, махсус асари бор. Форобий, Ибн Сино қарашлари Аристотель ғояларига ҳамоҳангдир.
Ҳинд фалсафасида “қалб” тушунчаси “живо” тушунчасига мос келиб, инсон қалби унинг танасига тутқун, деб уқтирилади. Жон ёки қалбнинг тана зиндонидан қутулишининг йўли нирвана ҳисобланади. Нирвана туфайли инсон қалби тана ҳукмронлигидан озод бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |