ДЕКАРТ РЕНЕ (1596–1650) француз файласуфи , математиги, физиги, филологи. Ла Флеш аристократик коллежини тугатган. 1629 йилда Голландияга бориб, илмий ишлар билан шуғулланди. 1649 й.да Стокгольмга келди ва шу ерда вафот этди.
Д.Р. фалсафа ва фанни янгича ёндашув орқали такомиллаштирди. У дунёқарашнинг шундай фалсафий асосларини ишлаб чиқдики, бу кейинчалик, илмий билишни кенг тараққий этишига олиб келди. Д.Р.нинг фалсафаси унинг математикаси, космогонияси ва физикаси билан боғлиқдир. Математикада Д.Р. аналитик геометрияни яратувчилардан биридир. Механикада у ҳаракат ва осойишталикнинг нисбийлигини кўрсатиб берди, таъсир ва қарши таъсирнинг умумий тўла миқдори сақланиши қонунини ифодалаб берди. Космогонияда у фан учун янгилик бўлган, Қуёш табиий ривожланиши ғоясини ривожлантирди. Космик зарралар ҳаракатини оламнинг тузилишига ва осмон жисмларининг келиб чиқишига сабаб бўладиган асосий ҳаракат шаклидир, деб ҳисоблади.
Д.Р.нинг математик ва физикавий тадқиқотларига боғлиқ ҳолда унинг моддий субстанция ҳақидаги таълимоти таркиб топди. Д.Р. моддий субстанцияни кўлам ёки макон билан бир, деб тушунарди: фақат кўламгина, субъективликка боғлиқ бўлмасдан, моддий субстанциянинг зарурий хоссалари тақозоси билан юзага келади, деган эди.
Д. фалсафаси математика, физика, космология билан боғлиқ. Д.Р. аналитик геометрия асосчиларидан бири (тўғри бурчакли координаталар системаси унинг номи билан аталади). У функция тушунчасини тўлдиради («Геометрия», 1637). «Диотрика» (1637) асарида ёруғлик нурининг икки муҳит чегарасида синиш ҳақидаги қонунни шакллантирган. Д.Р. ҳаракат миқдорининг сақланиш қонунини таърифланиши ҳақидаги механистик таълимотни олға сурди. У физиологияга оид бир қанча тажрибалар ҳам ўтказди: биринчи бўлиб шартсиз рефлекс ҳақидаги фаразни илгаи сурди.
Ҳаракат мезони ҳақидаги машҳур мунозара «Декарт Лейбниц муаммоси», деб юритилади. Д.Р. макон материя билан тўла, материясиз макон йўқ, деб тушунди. Беруний ва Бруно каби у ҳам оламда дунёларнинг сони кўп, деган таълимотни тарғиб қилди. Математикага Д.Р. киритган ўзгарувчан миқдор ҳақида тушунчанинг аҳамияти каттадир.
Д.Р.нинг фалсафий қарашлари дуализмни ифодалайди. Д.Р.нинг дуалистик фалсафасига кўра, иккита субстанция мавжуд: материя(жисм) ва жон. У материяда ҳаракат миқдори ҳамма вақт сақланиб туради, лекин бу ҳаракат миқдори дастлаб худо томонидан яратилган. Д. нинг инсон ҳақидаги таълимоти ҳам худди шундай дуалистик тарздадир. Унинг фикрича, инсонда жонсиз ва тирик бўлмаган жисмоний механизм иродаси бор ва у фикрловчи жон билан боғлиқдир. Д.Р.нинг фикрича, моҳияти кўламда бўлган жисмдан фарқли ўлароқ, жоннинг моҳияти тафаккурдадир. Д.Р. ҳайвонларни жон ва фикрлаш қобилиятидан маҳрум бўлган мураккаб автоматлар, деб билади. Д.Р. ҳамма нарсанинг мавжудлигига шубҳаланмоқ зарур, деб ҳисоблайди. Бу шубҳа – бутун мавжудотнинг билиб бўлмаслигига ишониш бўлмай, балки билимнинг сўзсиз ишончли бўлган ибтидосини топиш учун ишлатиладиган бир методдир. Д.Р. фалсафаси худо, жисм ва жондан иборат учта туғма ғоя бор, деган тамойилга асосланади.
Билиш назариясида Д.Р. рационализм асосчиларидан (унинг «мен фикрлайман, демак мавжудман» деган ақидаси Д.Р. гнесеологиясининг моҳият белгилайди).
Do'stlaringiz bilan baham: |