ДУНС Скотт (1266–1308) – Шотландиялик ўрта аср христиан схоластикасининг энг йирик вакилларидан бири. Оксфорд ва Париж университетларида таълим олади. Кейин эса худди шу университетларда фалсафа ва илоҳиётдан дарс беради. Кёльнда вафот этган. Энг йирик асари (Пётр Ломбардскийнинг "Сентенций" асарининг тўрт китобига шарҳ тарзида ёзилган) "Оксфорд асари" номи билан аталган. Д.С. асарларининг тушунилиши ва қабул қилиниши қийин бўлгани учун унга "дунс" номини беришган. "Дунс" сўзи софист, схоласт деган маъноларни англатади. Унга "нозик доктори" деган унвон ҳам берилган. Д.С.нинг қарашлари Фома Аквинский таълимотига зид бўлган. У фалсафа ва илоҳиётни бир–биридан кескин ажратади. Унингча илоҳиёт, бу – инсон фаолиятининг диний таълимотларни бажаришга қаратилган билимдир. Фалсафани ёки метафизикани, олий поғонадаги билим деб ҳам қарайди. Фалсафа – ҳамма мавжуд нарсаларни, шу жумладан Худони қамраб олувчи, борлиқни мутлақни ўрганади.
Д.С. фалсафий категориялар бўлган моҳият ва ҳодисани бир–биридан ажратмайди. Унингча, моҳиятнинг ўзи ҳодисани мужассамлаштиради. Шунинг учун айрим якка нарсаларнинг вужудга келишида Худонинг аралашуви шарт эмас. Д.С. материя ва шакл муносабатлари масаласини жуда жиддий талқин қилади. Унингча материя ўзида долзарблик ҳолатига кириш имкониятига эга ва уч кўринишда бўлади. Шакл фақат нарсанинг хусусийлигини белгилайди. Д.С. материя ва шакл муносабатлари мас.и "шундай"("этост") ибораси ёрдамида ҳал қилади. Унингча агар "бундай" материяга эмас, шаклга тегишли деб қаралса, унда уни амалда бўлмаса ҳам лекин моҳиятан билиш мумкин. Шундай қилиб, универсал шакл ва якка "шундай" худо томонидан яратилган моҳиятга тегишлидир ва яккалик шаклнинг буткул мавжудлигидир. Гарчи "универсаллик"лар (умумий тушунчалар) моҳияти масаласида Д.С. изчил бўлмаса ҳам якканинг моҳияти масаласидаги қарашлари билан уни номиналистлар сафига киритиш мумкин.
Д.С. билишнинг вужудга келишида ҳиссий билишга катта ўрин беради. Унингча ҳиссий билиш якка нарсаларнинг мавжудлигини тасдиқлаш имконини беради. Бу якка нарсаларни уларнинг моҳиятини белгиловчи, уларнинг тимсоллари (образ) орқали белгиланади. Унингча мавҳумлаштириш, нарсаларнинг айрим хусусиятларини умумлаштириш орқали вужудга келади. Инсон муаммоси ҳақидаги таълимот ҳам Д.С. дунёқарашида муҳим ўрин эгаллайди. У инсонни ташқи дунёнинг бир қисми, деб ҳисоблаган ҳолда, нисбатан инсон иродасининг мустақил мавжудлигини таъкидлайди. Инсон иродаси ҳеч қандай ақлий таърифга боғлиқ эмас ва ўз моҳияти жиҳатидан эркиндир. Худо ҳам эркиндир. Худо ўз қудратини бирон нарса билан ҳам белгиламайдиган ирода орқали амалга оширади.
Д.С. таълимотига кўра, дунё қандай бўлса шундай яратилган. Бунда ҳам Худо иродаси намоён бўлади. Дунёда эзгуликнинг мавжудлиги Худонинг эзгу иродаси туфайлидир. Бу нарса инсон ахлоқига ҳам тааллуқлидир. Инсон Худо шуни хоҳлагани учун эзгу ишларни амалга оширади. Фақат бутунлай илоҳий иродага бўйсунсагина инсон иродаси эзгуликка айланади.