ИЖТИМОИЙ МУҲИТ – инсонни ўраб турган ва унинг шаклланиши, яшаши ва фаолияти юз берадиган моддий, маънавий ва ижтимоий шарт–шароит. Бу шароит инсоннинг шаклланишига ҳал қилувчи таъсир ўтказади. И.м. икки турли бўлади:
1. Микромуҳит. Шахснинг шаклланиши ва ҳаёти кечаётган бевосита шарт–шароит микромуҳит ҳисобланади. Унга жамиятдаги оила, ўқув, меҳнат жамоалари сингарилар киради. Шахснинг шаклланиши ва фаолияти мана шу бевосита шароит таъсирида кечади ва кўп жиҳатдан, уларнинг йўналиши, даражаси ҳамда бошқа сифатлари шу муҳит билан белгиланади. Иккинчи томондан, шахс микромуҳитда фаолият олиб борар экан, унинг фаолияти микромуҳитнинг ўзгаришига таъсир кўрсатади. Шахс микромуҳитга фаол таъсир кўрсатади. Шахснинг микромуҳитга таъсир даражаси унинг қуввати – ақл–заковати, эҳтироси ва иродаси билан белгиланади.
2. Макромуҳит. Инсон ва у яшаётган микромуҳит ҳаёти ва фаолияти юз берадиган ижтимоий–иқтисодий, моддий ва маънавий системалар макромуҳитни ташкил қилади. Микромуҳит мана шу системалар таъсирида шаклланади. Иккинчи томондан, микромуҳит фаолияти таъсирида макромуҳит ҳам ўзгаради.
Фалсафа фанида, и.м.ни иккига, яъни микро ва макромуҳитга бўлиш жамиятнинг таркибий системаини ўрганиш учун етарли эмас. Микромуҳит ёки микромуҳитлар макромуҳит таркибига бевосита эмас, балки оралиқ системалар воситасида бирикади. Мас., оила микромуҳит сифатида бевосита жамиятга эмас, аввало, маҳалла, халқ, элат, миллат, мамлакат таркибига киради ва сўнгра, улар орқали жамиятнинг парчасига айланади.
И.м.ни таҳлил қилишда, қатор фалсафий системаларда хусусан марксизмда моддий ва иқтисодий омилларга асосий эътибор қаратиб келинган. Маданий ва руҳий омилларга етарли аҳамият берилмаган.
Ўзбекистон мустақиллиги даврида шаклланаётган фалсафий системада и.м.да моддий омилларнинг аҳамияти инкор этилмаган ҳолда, маънавий салоҳиятга катта ўрин ажратилмоқда.
ИЖТИМОИЙ ФАЛСАФА –– фалсафа фанининг таркибий қисми. Жамият, унинг ҳаёти ва тараққиёти қонунятларини, яхлит тизим сифатида, ундаги ҳодиса ва жараёнларни ўрганувчи фан. Шунингдек, ижтимоий фалсафа турли жамиятларнинг ўзаро алоқадорлигини ўрганади. Ижтимоий фалсафа тарихий жараёнларни, уларнинг объектив ва субъектив томонлари, тараққиёт қонунларининг ўзаро боғлиқлигини тадқиқ, таҳлил қилади.
Ижтимоий фалсафа инсонларнинг амалий фаолияти ва улар ўртасидаги ижтимоий муносабатларни ҳам тахлил қилади. Инсонлар ишлаб чиқариш, ижтимоий–сиёсий, илмий, маънавий, ахлоқий, эстетик ва ҳ.к. амалий фаолиятлари жараёнида ўз ҳаётлари учун зарур бўлган моддий ва маънавий қадриятларни яратадилар, табиатни, ўзларига мос ҳолда ўзгартирадилар, ўзларига зарур бўлган маданий–маънавий ва ижтимоий муҳитни яратадилар. Шу каби фаолият жараёнида, ўзаро турли муносабатлар ўрнатадилар. Булар ишлаб чиқариш, сиёсий, ахлоқий, оилавий ва б. ижтимоий муносабатлар бўлиб, уларнинг мажмуи жамиятнинг тузилиши ёки таркибини ташкил этади. Демак, жамият бу авваламбор, ўзаро ижтимоий муносабатларда бўлган инсонлардир.
Демак, инсонларни турли кўринишдаги фаолияти ва уларнинг ижтимоий муносабатлари ижтимоий ҳаётнинг асосий мазмунини ташкил этади ҳамда жамият тараққиётини белгилайди. Шунинг учун улар ижтимоий фалсафанинг диққат марказида туради.
И.ф. инсонларнинг фаолияти ва ижтимоий муносабатларининг объектив ҳамда субъектив томонларини таҳлил қилади.
И.ф.нинг асосий масаласи, бу –– инсонларнинг онги, тафаккури ҳамда борлиғи, турмуши, яъни, бир томондан, уларнинг мақсадлари, иқтисодий, сиёсий, ахлоқий ва ҳ.к. мўлжаллари ва, иккинчи томондан, уларнинг ҳаёти ва фаолиятининг объектив шарт–шароитларининг ўзаро боғлиқлиги масаласидир.
Жамият тараққиёти яхлитлигича, муайян жамиятнинг табиати ва моҳиятига оид энг умумий масалаларни ўрганувчи и.ф. ижтимоий ва гуманитар фанлар – тарих, социология, сиёсатшунослик, ижтимоий психология, ҳуқуқ, этика ва бошқалар учун методология ролини ўйнайди. И.ф. жамият ва ҳаёт қонун–қоидаларининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиб, тўғри ҳал этишга услубий ёрдам беради.
И.ф. дунёқарашни шакллантириш, назарий, услубий ва воқеа–ҳодисаларни олдиндан башорат қилиш вазифаларини бажаради.
Дунёқарашни шакллантириш функцияси инсонда ижтимоий борлиқ, теварак–атроф, жамият ҳаёти ва тараққиёти тўғрисидаги умумий назарий тушунчаларни шакллантиради. Инсоннинг жамиятдаги ўрни, турмуш тарзи, моддий ва маънавий шарт–шароити, ҳаёт мақсадлари тўғрисидаги саволларга жавоб беришга ёрдам беради.
И.ф.нинг назарий функцияси ижтимоий жараёнларининг моҳиятига етиб бориш, уларни назарий жиҳатдан асослаб бериш, яъни тараққиётнинг моҳияти, мазмуни ва йўналиши тўғрисидаги назарий билимлар тизимини шакллантиради.
И.ф.нинг методологик функцияси ижтимоий ҳаётдаги айрим ҳодиса ва жараёнларни турли ижтимоий фанлар томонидан тадқиқ этишда улар учун умумфалсафий аҳамиятга молик назарий услуб ва воситаларни яратиб беришдан иборатдир.
И.ф.нинг олдиндан башорат қилиш функцияси эвристик аҳамият касб этиб, жамият, унинг айрим томонларининг тараққиёти, инсон фаолиятининг яқин ва бўлажак оқибатларини олдиндан айтиб беришдан иборатдир. Бу башорат асосида турли ижтимоий ҳодисалар, қолаверса, бутун жамият тараққиётини олдиндан белгилаб олиш имкони туғилади.
И.ф.нинг бу функциялари фалсафий дунёқараш, фалсафий тафаккур назарияси ва услубини эгаллаган ҳар бир инсон онгининг такомиллашувида намоён бўлади.
Мантиқан ижодий тафаккур инсон фаолияти ва бутун жамият тараққиётидаги ижтимоий ҳодисаларни англаш ва амалий вазифаларни ҳал қилишнинг кучли воситасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |