ЗАРУРИЯТ – бирор ҳодисанинг рўй беришдаги муқаррар вазият ҳисобланади. Заруриятнинг сабаб ва оқибатга алоқадорлиги табиий ривожланишининг натижасидир. Муайян ҳодисанинг ривожланишидаги табиий, муҳим, ички, барқарор ва доимий алоқадорликлар зарурий алоқадорликлар ҳисобланади. Шу жиҳатдан, зарурият ҳодисаларнинг сабаб ва оқибат йўналиши бўйича сабабий боғланишларнинг қонуний ривожланиш йўлини акс эттиради. Оламдаги барча ҳодисалар ўртасида зарурий боғланишларни пайқаш мумкин.
ЗАРУРИЯТ ВА ТАСОДИФ – фалсафий категориялар. Бу категориялар кишиларнинг объектив реалликдаги сабаб-оқибат боғланишлари ҳақидаги тасаввурлари янада чуқурлашиши оқибатида шаклланади.
З. ҳодисаларнинг ички моҳиятидан келиб чиқади ва уларнинг қонуни, тартиби, тузилишини билдиради. З. муайян шароитда, албатта, юз бериши лозим бўлган нарсадир. Аксинча, Т.нинг асоси ҳодисанинг моҳиятида эмас, балки муайян ҳодисаларнинг бир-бирига кўрсатадиган ўзаро таъсиридадир, бинобарин у бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам ёки бошқача тарзда юз бериши ҳам мумкин. Чизиқли тафаккурга кўра, ҳар қандай жараён ҳамиша муҳим хоссаларни ажратиб кўрсатиши мумкин, деган тамойилга асосланади. Шу сабабли, З.Т. ўзаро алоқадор бўлган, бир-бирига ўтиб турадиган ва бир-бирисиз мавжуд бўлолмайдиган диалектик қарама-қаршиликдан иборатдир.
Ҳар бир ҳодисанинг ички З. тақозоси билан пайдо бўлиши ташқи шароитлар билан боғлиқдир ва бу шароитларнинг келиб чиқишига уларнинг муайян ўзига хослиги ҳамда бениҳоя хилма-хиллиги сабаб бўлади. Т. муайян ҳодисанинг ўзига хос белгилари ва томонларининг манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ўзининг ички зарурияти ва ташқи, яъни "тасодиф" асослари бўлмаса, ҳеч қандай ҳодиса юз бермайди. Шунинг учун З. муқарар равишда Т. билан тўлдирилади. Жараён З.т.дан иборат ўз асосига эгадир, унинг юз бериш шаклидир. Т. замирида ҳамиша зарурият яширинган бўлади ва бу зарурият табиат ва жамиятдаги тараққиётнинг йўналишини белгилайди.
З.т. категориялари моддий дунёнинг объектив боғланишларини акс эттиради. Улар акс эттирган боғланишлар сифат жиҳатдан ўзига хос хусусиятга эга.
З. қуйидаги асосий белгилар билан характерланади:
– з.нинг сабаби ўзида бўлиб, у мазкур ҳодиса ёки жараённинг ички табиатидан еклиб чиқади;
– з. воқеликдаги нарса ёки ҳодисаларнинг чуқур, муҳим қайтарилиб турадиган ички боғланишлардан келиб чиқади;
– з. олдинги ривожланиш йўли орқали тайёрланади;
– з. муқаррарлик хусусиятига эга, мувофиқ шарт-шароит мавжуд бўлганда, з. ҳодисалар жараёнини муқаррар суръатда, муайян йўналишга олиб келади.
– з. умумий, оммавий ва шунинг учун ҳам у типик характерга эга.
Т. заруриятдан фарқ қилган ҳолда, қуйидаги хусусиятлар билан характерланади:
– т.нинг сабаби ўзида эмас, балки бошқа нарса ёки ҳодисалардадир;
– т. воқеликдаги муҳим бўлмаган, иккинчи даражали боғланишлардан келиб чиқади;
– з.дан фарқ қилган ҳолда тасодиф ҳодисанинг бутун ривожи давомида тайёрланмайди, балки ўз табиатига кўра турлича бўлган жараёнларнинг аралашуви натижасида содир бўлади;
– т. нарсалар ривожланиш тенденциясини белгилаб бермайди ва шунинг учун ҳам муқаррар эмас. Т. юз бериши ҳам юз бермаслиги ҳам мумкин;
– т. типик бўлмаган, индивидуал характерга эга.
З. ва т. ўзаро диалектик алоқададир. Улар «соф» ҳолда эмас, балки бир-бири билан чамбарчас боғлиқ мавжудликда кўринади. Заруриятдан мутлақо ажралган тасодифнинг бўлиши мумкин бўлмаганидек, тасодиф билан боғлиқ бўлмаган зарурият ҳам мавжуд эмас.
Т.лар зарурият тизилмаси остида бекинган бўлади ва улар орқали юзага келади. З.т. ривожланиш жараёнида бир-бири билан ўрин алмашиб туради, яъни тасодиф сифатида вужудга келган ҳодисалар, боғланишлар шароитининг ўзгариши билан аста-секин заруриятлик характерига кира борадилар ва маълум шароитда зарурият бўлган ҳодисалар аста-секин предмет ривожланишининг ички моҳиятини белгилашдан чиқиб, тасодиф ҳолда учрай бошлайди.
Ҳозирги замон табиатшунослиги ва жамиятшунослиги зарурият ва тасодиф моҳияти ва алоқалари ҳақидаги хулосаларни янги маълумотлар билан бойитмоқда. Мас., синергетика, ночизиқли тафаккурга кўра, оламдаги объектив алоқадорликни тушунтиришда тасодифнинг аҳамияти эътироф этилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |