ЕТАРЛИ АСОС ҚОНУНИ (Lex rationis determinates sive sufficientis) формал мантиқнинг асосий қонунларидан бири. Е.а.қ.и талаби: ҳар қандай чин фикр ёки фикр чинлиги аввалдан исботланган бўлиши шарт. Етарли асос қонунининг бу талаби қуйидаги формула орқали ифодаланади: «Агар В мавжуд бўлса, унинг асоси сифатида А ҳам мавжуд бўлади».
Инсон тафаккурига хос бўлган бу қонунни биринчи марта немис файласуфи ва математиги Г.Лейбниц (1646–1716) таърифлаб берган. Унинг таъкидлашича, барча мавжуд нарсалар ўзининг мавжудлиги учун етарли асосга эгадир.
Фикрлаш жараёнида нарса ва ҳодисалар ҳақида чин муҳокама юритибгина қолмасдан бу муҳокаманинг чинлигига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги учун уни исботлашга, асослашга ҳаракат қилинади. Ҳар бир нарса ва ҳодиса реал асосга эга бўлгани каби уларнинг инъикоси бўлган фикр ва мулоҳазалар ҳам асосланган бўлиши керак. Бунинг учун чинлиги аввалдан маълум бўлган ва ўзаро мантиқий боғланган мулоҳазаларга асосланилади.
Е.а.қ.ида тўғри тафаккурлашнинг энг муҳим хусусиятларидан бўлган фикрларнинг умумий изчиллик билан маълум ва муайян тартибда боғланиб келиш хусусияти ифодаланади. Бу қонун аввалги кўриб ўтилган қонунлар билан ўзаро боғлиқ ҳолда амал қилади. Фикрлаш жараёнида берилган мулоҳазанинг чинлигини асослаш учун келтирилган чин мулоҳазалар мантиқий натижа деб юритилади.
Мантиқий асос билан объектив ҳақиқий асосни аралаштириб юбориш мумкин эмас. Асос ва натижа орасидаги мантиқий боғлиқликни сабаб ва оқибат алоқадорлигидан фарқлаш зарур. Мас., «Бу киши бемор», деган мулоҳазани «У шифохонада даволаняпти», деган фикр билан асослаш мумкин. Аслида шифохонада даволаниш дастлабки мулоҳазанинг сабаби эмас, балки оқибатидир. Маълум бўладики, мантиқий асос ҳамма вақт ҳам ҳодисанинг сабаби билан мос келмайди. Фикрларнинг етарли асосга эга бўлишлигининг объектив манбаи фақат сабаб-оқибат муносабатинигина эмас, шунингдек фикрнинг изчиллиги, асосланганлигини исботланган бўлишлик хусусиятларини ҳам, яъни объектив мазмуни сабаб-оқибат муносабатларидан ташқарида бўлган бошқа муносабатларни ҳам ўз ичига олади.
Фикр-мулоҳазаларни асослаш мураккаб мантиқий жараён бўлиб, унда бир ёки ундан ортиқ ўзаро боғланган муҳокамалар системасидан фойдаланилади. Кенг маънода бирор мулоҳазани асослаш деганда, шу мулоҳазанинг чинлигини тасдиқловчи, ишончли ва етарли далилларнинг мавжудлиги тушунилади. Бу ишончли ва етарли далилларни, шартли равишда, икки гуруҳга бўлинади: эмпирик ва назарий асослар. Булардан биринчиси ҳиссий билиш тажрибасига асосланса, иккинчиси ақлий билиш тафаккурга таянади. Эмпирик ва назарий билимларнинг чегараси нисбий бўлгани каби эмпирик ва назарий асослар ўртасидаги фарқ ҳам нисбийдир.
Инсоннинг шахсий тажрибаси макон ва вақт билан чегараланган бўлиб, унинг сезгилари берган маълумот эса ҳамма вақт ҳам тўғри бўлмайди. Шунга қарамасдан мулоҳазаларни эмпирик асослашнинг аҳамияти катта, чунки билиш жонли ҳиссий мушоҳададан, бевосита кузатишдан бошланади. Ҳиссий тажриба инсонни ташқи олам билан боғлаб туради. Назарий билим эса эмпирик базиснинг устқурмаси ҳисобланади.
Назарий асослашнинг кенг фойдаланиладиган методи – дедуктив метод, яъни, чин мулоҳазаларга таянишдир. Берилган мулоҳазани мантиқий /дедуктив/ метод орқали бошқа чин мулоҳазалар ёрдамида асослаш мумкин бўлса, унда берилган мулоҳаза чин, яъни асосланган бўлади. Бунда фикрлар ўртасидаги боғланиш, умумийлик, хусусийлик ва яккалик ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ифодалайди. Мас., тўғри тафаккур қонунларининг объектив тусда эканлигини барча илмий қонунларнинг объектив тусга эга эканлиги ҳақидаги, умумий чин мулоҳаза ёрдамида асослаш мумкин.
Умумий чин мулоҳазалар сифатида фанларнинг қонун-қоидаларидан, тушунчаларнинг таърифларидан, шунингдек аксиомаларидан фойдаланилади. Буларнинг барчаси назарий асослашнинг рационал ёки демонстратив усуллари бўлиб, улар умумилмий аҳамиятга эга бўлган исботлаш методларининг асосини ташкил этади.
Шунингдек, асослашнинг субъектив тусда бўлган ва бевосита тажриба натижаларига ёки назарий фикр юритишга тааллуқли бўлмаган методлари ҳам мавжуддир. Интуицияга, эътиқодга, авторитетларга ва урф-одатларга асосланиш шундай методлар жумласига киради. Бу методлардан кўпроқ кундалик онг даражасида фойдаланилади.
Фикр-мулоҳазаларнинг чинлигини асослаш тафаккурнинг энг зарурий хусусиятларидан бири бўлиб, Е.а.қ.ига амал қилиш фикрнинг мантиқли, тартибли, ишонарли бўлиши учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгадир.
ЁШЛАР – маънавий дунёқараши шаклланаётган, қарор топаётган, асосий ижтимоий ўсишни, интенсив ижтимоийлашув ва мослашувни, ижтимоий ва руҳий-физиологик балоғат ёшни (14-30) бошдан кечираётган ижтимоий демографик гуруҳдир.
Ёшларнинг катта ҳаётга қадам қўйиш билан боғлиқ асосий ижтимоий муаммолари, таълим олиш, оила қуриш, меҳнат фаолиятини бошлаш, касбий маҳорат ва илгарилаш, қатъий ижтимоий-сиёсий нуқтаи-назарга эга бўлишга интилишдан иборат.
Юқорида қайд этилган ёшларнинг ижтимоийлашув ва мослашуви мазкур жамиятга, ижтимоий жамоага, гуруҳга тегишли бўлган умуминсоний ва миллий қадриятларни, қоидаларни, тартибларни, одоб-ахлоқ намуналарини индивид томонидан эгаллаши ва ўрганиши, шахснинг шаклланиш жараёнини ўзида намоён этади. Ушбу муаммолар ўз ичига зарурий равишда ёшларнинг жамиятга қўшилиши, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий муносабатларга мослашуви ҳамда ижтимоий тараққиёт бунёдкорларига айланиши каби масалаларни қамраб олади.
Ёшларнинг ижтимоийлашуви бир томондан ижтимоий муносабатларга таъсир кўрсатади, иккинчи томондан эса, ёшлар ана шу муносабатларга кириб борар экан, уларнинг таъсири остида ўзгара боради. Ана шу икки томон жамият ҳаётининг барча даврларида муҳим ўрин эгаллайди.
Ёшлар мамлакат ва миллатга ҳаётбахшлик бағишлаб, давлатни куч-қувватга тўлдириб, ҳаракатга келтирувчи, янгилаб турувчи катта ижтимоий қатламдир.
Ўзбекистонда баркамол авлодни шаклланиши умуммиллий ва умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлганлиги учун ҳам 2008 йил мамлакатимизда «Ёшлар йили» деб эълон қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |