ДУНЁНИНГ ФАЛСАФИЙ МАНЗАРАСИ. Фалсафа дунёқараш шакли сифатида оламни инсон ва оламнинг ўзаро муносабатлари нуқтаи назаридан ўрганади. Дунёқараш объекти – бутун дунё, унинг предмети – табиат дунёси ва инсон дунёсининг ёки антик бўлиб, фалсафий таъбири билан айтганда, макрокосмос ва микрокосмоснинг ўзаро муносабатидир. Бундан унинг муаммолари доираси келиб чиқади. Инсоннинг дунёдаги ўрни қандай? Умуман, дунёнинг ўзи нима? Инсон ҳаётининг мазмуни нимадан иборат? Вақт, макон ва ҳаракат нима?
Бу ерда биз аввало шуни қайд этишимиз мумкинки, фалсафа дунёни ўзлаштиришнинг назарий усуллари қаторига киради. Назарий усул объектдан онгли равишда «узоқлашади». Дунёга назарий муносабат субъекти дунёни тушунчалар ёрдамида англашга ҳаракат қилаётган инсондир. Фалсафа дунёни фикрда, сўзда гавдалантиради. Фалсафанинг ҳар қандай шакли бундай имкониятга эга. Бинобарин, дунё ҳақидаги фалсафий тасаввур замирида билим ётади. Айни вақтда фалсафа бу билим – инсон дунёсига ташланган бир назар эканлигини тушунади. Шу сабабли у дунё ҳақидаги билим билан бир қаторда инсоннинг дунёга муносабатини ҳам шакллантиради.
Борлиқ тушунчаси дунё фалсафий манзарасининг бош тамойили сифатида амал қилади. Айни шу тушунча ёрдамида инсон ўзининг дунёдаги ўрнини англаб етиш учун ҳаракат этади.
Борлиқни фалсафий тушунишдан нарсалар, жараёнлар, ҳолатлар, тузилмалар, системаларнинг барча шаклларини ўз ичига олган яхлит бир бутун дунё ҳақидаги тасаввур келиб чиқади. Борлиқ шаклларининг ранг–баранглиги бу шаклларни бирлаштирувчи нарса борми, чексиз ранг–баранг дунёнинг бирлиги тўғрисида сўз юритиш мумкинми, деган саволни ўртага ташлашни назарда тутади.
Бундай бирлик ҳақидаги ғоя барча мавжуд нарсаларнинг умумий негизи тўғрисидаги тасаввурнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу тасаввурни белгилаш учун фалсафада субстанция категорияси қабул қилинган. Бу категория ўзини намоён этувчи нарсалар, ҳодисалар, воқеалар ва жараёнларнинг ички бирлигини қайд этади. Шундай қилиб, субстанция нафақат умумий изчил принцип сифатида, балки фаоллик функцияси сифатида ҳам тушунилади.
Дунёнинг бирлигини битта субстанциядан келиб чиқиб тушунтирувчи фалсафий таълимот монизмга киради. Бироқ субстанция ҳар хил тушунилиши: яъни унда инсон онгидан қатъи назар мавжуд бўлган ҳақиқий дунё негизини кўриш ёки уни онгни яратган дунё билан тенглаштириш, демак субстанцияда материя ёки руҳни кўриш мумкин. Бунга мос равишда материалистик ва идеалистик монизмни фарқлаш лозим.
Монизмга икки субстанциянинг муштараклиги ғоясидан келиб чиқадиган дунёнинг дуалистик талқини қарши туради. Биринчи субстанция моддий борлиқ соҳасини, иккинчи субстанция руҳий соҳани бирлаштиради.
Субстанциянинг фаоллиги ва тўлиқ-янги ҳақидаги фалсафий ғоядан дунёнинг атрибутлилиги муаммоси келиб чиқади. Атрибут тушунчаси объектнинг зарур, ажралмас, муҳим хоссасини қайд этади. Айрим фалсафий системаларда ҳаракат материянинг муҳим атрибути ҳисобланса, айрим системаларда – макон ва вақтнинг кўламлилиги ёки фикрлаш ва ҳ.к.лар шу вазифани бажаради. Барча ҳолларда ҳаракат муаммосини ечишга тўғри келади. Бунда ҳаракат деганда ҳар қандай ўзгариш тушунилади. Элементар зарраларнинг бир–бирига ўтиши, моддий дунёнинг кенгайиши, организм ҳужайраларида моддалар алмашинуви, фикрлаш жараёнлари ҳаракатдир. Дунё ҳаракатсиз мавжуд бўлиши мумкин эмас. Бошқача айтганда, ҳаракат дунё каби мутлақ ва абадийдир.
Ҳаракат турларининг ранг–баранглиги макон ва вақт каби умумий шакллар орқали яхлитлик касб этади. Маконда системалар, макросистемалар ва мегасистемани ташкил этувчи система элементлари ва тузилмаларнинг синхрон ўзаро алоқаси қайд этилади. Вақтда системанинг диахрон ўзгариши, ривожланиши ва бузилиши қайд этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |