ДИСКУРСИВ (лот. discursus – муҳокама) – ҳиссий бевосита интуитив билимдан муҳокаматалаб билимдан фарқли ўлароқ, муҳокама орқали восита билан ҳосил қилинадиган мантиқий далил – исботли билим. Ҳақиқатларнинг бевосита (интуитив) ва билвосита (далил – исбот асосида қабул қилинадиган) ҳақиқатларга бўлинишини Платон ва Аристотел асарларида учратиш мумкин. "Д" атамаси Фома Аквинский асарларида ҳам мавжуд.
ДОГМАТИЗМ (юнон. dogma – фикр, мулоҳаза, таълимот, қарор) - тушунчалар, назазариялар, гипотезалар, қонунлар ўзгармайди, деб кўрсатувчи таълимот. Д. тушунчасини қадимги юнон скептиклари – Пиррон ва Зенон фалсафага киритганлар. Улар ҳар қандай фалсафани догматик, деб аташган, чунки, уларнинг таълимотлари муайян фикрни, мулоҳазани қайд этади. Догматизм ақидапарастликни ҳам билдиради. Кейинчалик, д. атамасининг мазмуни ўзгариб борди. Д. ўзининг гносеологик, психологик ва ижтимоий асосларига эгадир.
Тараққиётнинг маълум босқичида фанда шаклланган тушунчалар воқеликнинг у ёки бу томонини адекват акс эттириши мумкин, лекин объектнинг ҳамма қирраларини улар тўла–тўкис акс эттиради, дейиш тўғри эмас. Инсон дунёни билиш жараёнида фақат белгилар, образлар, сезгилар орқалигина эришмайди.
Инсон жамият тараққиёти давомида ишлаб чиқилган илмий ахборот, тушунчалар системаи, назарий билимлар ва ижтимоий амалиёт ютуқларига ҳам таянади. Шунинг учун билишга, энг аввало, жараён деб қараш керак. Билимга ва воқеликка ўзгариш хос эканлиги туфайли инсон тафаккури ривожининг имкониятларига қараб, билимнинг ривожини баҳолаш лозим бўлади. Агар биз билишнинг бирор–бир томонини мутлақлаштириб, унга ортиқча баҳо берсак, д.га томон йўл тутган бўламиз. Умуман, биз яшаб турган дунёни билишда, инсоннинг табиий имкониятларидан ташқари инсоният ижтимоий амалиётининг ривожланганлик даражасидан ҳам фойдаланамиз.
Д. нарса ва ҳодисаларга танқидий кўз билан қарамасдан, тушунчаларнинг асосини ўзгармас, деб қабул қилиб, улардан муайян шароит ҳамда вақт ва даврни ҳисобга олмасдан фойдаланиб, кўр–кўрона, обрўга бўйсунишни талаб қилади. Д. воқеликда илм–фан ва амалиётда содир бўлаётган ўзгаришларни назар–писанд қилмайди, аввалги классик шахслар, илм аҳли вакиллари ғояларини рўкач қилади, уларни сўнгги ҳақиқат сифатида эътироф этади.
Инсон дунёни билишда фақат белгилар, образлар, сезгилар орқалигина ўзлаштирмайди. Инсон жамият ривожи давомида ишлаб чиқилган илмий ахборот, тушунчалар системаи, назарий билимлар, ижтимоий амалиёт ютуқларига ҳам таянади. Шунинг учун билишга, энг аввало, жараён деб қараш керак, яъни билим ҳам воқеликка хос ўзгариш туфайли ривожининг имкониятларига қараб инсон билимининг ривожини баҳолаш керак бўлади. Агар биз яшаб турган дунёни билишда инсоннинг табиий имкониятларидан ташқари инсоният ижтимоий амалиётининг ривожланганлик даражасидан ҳам фойдаланамиз.
Афсуски, ҳозирги кунда диний ақидапарастликни ёқловчи кишилар йўқ эмас. Тўғри дин биз учун маънавият, қадрият, яъни ундан фойдаланиш зарур. Айниқса, жамиятнинг диний–руҳий асосларини, халқимизнинг минг й.лик маънавий–ахлоқий юксалиш тажрибасини ўзида жамлаган ислом маданиятини тиклаш, ўз тақдирини ўзи белгилаш, тарихий хотирага, маданий–тарихий бирликка эга бўлиши йўлидаги ғоят муҳим қадам бўлди. Лекин бир гуруҳ экстремистларнинг ислом динига сиёсий тус бериши ва сиёсатга ислом руҳини олиб киришга уриниши тўғри эмас. Догматизм тарафдорлари динга ана шундай муносабатда бўлишади, бу тўғри албатта. Шундай қилиб, догматизмни ёқловчилар ўз фалсафий қарашлари билан билишнинг объектив жараёнлиги, ҳақиқат билишнинг асоси эканлиги ҳамда объектив оламга янгича муносабатлар тарзида билимимиз ривожланиб, кенгайиб боришлигини инкор этадилар, бу билан нисбий ҳақиқатнинг ролини камситиб абсолют ҳақиқатни билишнинг бирдан–бир босқичи, деб баҳолайдилар.
ДУАЛИЗМ (лот. duo – икки) – фалсафий таълимот. Д. монизм, яъни ягоналикни эътироф қилувчи, плюрализм (кўпликни, турли–туманликни эътироф қилувчи) таълимотларга қарама – қарши бўлиб, оламни ва инсон борлиғининг негизини икки мустақил асосдан иборат, деб кўрсатади. Д.га икки қарама–қарши асоснинг доимий мавжудлигини эътироф этиш, ўртасида доимий кураш мавжудлигини, уларнинг бир–бирларини йўқ қилишга интилишларини ҳам тан олиш хосдир.
Д. унсурлари қадимги "Авесто"даги яхшилик худоси – Ахурамазда ва ёмонлик худоси – Ахура манлар курашида ҳам намоён бўлади. Ушбу қарашлар манихийликда ҳам мавжуд (ёруғлик ва қоронғилик тўқнашуви, эзгулик ва ёмонлик).
Do'stlaringiz bilan baham: |