ДЕТЕРМИНИЗМ (лот. determino– белгиламоқ ёки тақозо этмоқ, алоқадорлик) – барча предмет ва ҳодисаларни қонуниятлар ёрдамида сабабий жараёнларини изоҳлаб берадиган таълимот.
Борлиқдаги барча (моддий ва руҳий) нарса ва ҳодисаларнинг бир-бири билан боғлиқлиги ва ўзаро бир–бирини тақозо этишининг қонуниятлилиги ҳақидаги таълимот. Д. таълимотининг мазмунини бир ҳодиса (сабаб) бошқа ҳодиса (оқибатнинг ёки натижанинг) келиб чиқишини зарурий равишда белгилаши ҳақидаги ғоя ташкил этади.
Нарса ва ҳодисаларнинг пайдо бўлиши, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши доимий бўлиб улар бирор сабаб орқали амалга ошади. Ўзаро таъсир келиб чиқади. Ушбу ўзаро таъсирлар детерминацияланиш жараёнида амалга ошади. Яъни нарса ва ҳодисалардаги ҳаракатларни барчаси бир вақтни ўзида амалга ошмайди. Улардан маълум бир қисмлар ва ҳодисаларгина янги нарса ва ҳодисаларни келиб чиқишига туртки бўлади. Бу ҳам қонуниятдир. Детерминация ана шу баъзи қисмлар ёрдамида тубдан янги қисмларни келиб чиқишини ифодалайди.
Замонавий илм - фан боғланишлар хилма-хиллигини ўрганишга катта ҳисса қўшган. Шунга кўра, сабабиятлиликдан ташқари Д. таълимотига бошқа хилдаги тақозоланиш турлари ҳам киради. Булар қаторига ҳолатлар орасидаги боғланишлар, функционал боғланишлар, корреляция боғланишлари, симметрия боғланишлари ва ҳ.к.лар киради.
Ҳар бир махсус фан боғланишлар, тақозоланишлар ва сабабийликнинг ўзига хос хил ва жиҳатларини ўрганади. Шу маънода, ҳар бир фанда муайян боғланишнинг ўзига хослиги ифодаланишини фалсафий Д. таълимотининг конкрет проекциялари, яъни қисман туширилган аксланишлари, деб ҳисоблаш мумкин.
Фалсафий Д. бутун борлиқнинг, ундаги қисмларнинг ўзаро тақозоланиши, боғланишини ўрганади. Фалсафий Д. чизиқли тафаккур билан чамбарчас боғлиқ. Бунга мисол сифатида Лаплас Д.ни келтириш мумкин.
Ўрта Осиё мутафаккирлари – Форобий, Ибн Сино, Беруний, Аҳмад Дониш ва бошқалар борлиқнинг мавжудлиги тўғрисидаги ғояга катта ҳисса қўшганлар. Мас., Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида Аллоҳни дунёдаги барча мавжудот мавжудлигининг сабаби, деб кўрсатади. Тангри, унинг уқтиришича, барча нарса ва ҳодисаларнинг дастлабки сабабчисидир. Аллоҳ илк борлиқ бўлиб, унинг борлиғи бошқа нарсаларнинг борлиғига боғлиқ эмас. Қолган барча мавжудот борлиғи эса унинг борлиғига боғлиқ, бошқа мавжудот шу “илк борлиқ”дан тошиб чиқади, ундан “файз олиш” оқибатида бор бўлади. “Илк борлиқ” энг мукаммал борлиқ бўлиб, ундан кейинги барча борлиқ тобора номукаммал бўлиб боради. “Илк борлиқдан”дан, биринчи бўлиб, келиб чиққан иккинчи борлиқ “илк борлиқ”дан номукаммал, лекин ўзидан кейин келиб чиққан барча борлиқдан мукаммалроғи ва барча борлиқнинг сабаби, деб қаралади ва ҳ.к.
Шу тариқа, илк борлиқ сабаби туфайли келиб чиққан борлиқ, унинг даражалари ҳақида батафсил фикр юритилади. Бу ғоялар юнон фалсафасидаги, хусусан, Демокрит, Платон, Аристотель ва бошқа мутафаккирларнинг ғоялари билан уйғундир.
Ибн Сино д.и Форобийники каби қадимги юнон файласуфлари, хусусан, Демокритнинг мутлақ Д.и ғоялари билан ҳамоҳангдир. Мутлақ д. борлиқда тасодифият мавжудлигини инкор этади. Ибн Сино ҳам борлиқнинг бош сабаби сифатида Яратганни тан олади. Ибн Сино борлиқнинг вужудга келиш жараёнини ўзининг “Келиб чиқиш ва қайтиш” асарида очиб беради. Бу асарда у ўзининг эманация назариясини давом эттиради. Унда Тангри билан табиат орасидаги сабабий боғланишлар очиб берилган. Тангрининг азалий ва абадийлигидан Ибн Сино изчиллик билан бутун борлиқнинг азалий ва абадийлиги ҳақидаги хулосани келтириб чиқаради.
Д. оқимларидан бири бу механистик д. оқими бўлиб, улар айнан нарса ва ҳодисалардаги умумий ўзаро таъсирнигина эътироф этадилар. Нарса ва ҳодисалардаги алоҳида-алоҳида рўй берадиган томонларни инкор этадилар. Мас., дарахтлар қуёш нуридан баҳраманд бўлиб ўсадилар. Бу умумий таъсир. Лекин дарахтларни ривожланиши учун бошқа сабабиятлар ҳам бор, чунончи, тупроқ, тупроқдаги элементлар, сув, намлик ва бошқалар. Буларнинг бўлиши бир томондан зарурий бўлса иккинчи томондан сабабиятдир. Булар бирлашиб сабабий қонуниятни келтириб чиқаради. Бу ҳолатлар фалсафада детерминацияни ташкил этади. Аниқроғи механик детерминация, бу ташқи таъсурот натижасида ҳолат ўзгаради деб тушунтиради. Улар нарса ва ҳодисалардаги ички ва турли туман зарурий эхтиёжларни юзаки тушунтирганлар. Аслида эса янгиликларни пайдо бўлиши қатъий ва бирёқламалик натижасида эмас, балки сон саноқсиз муҳит ва шароитлар ёрдамида ҳосил бўлади. Бу жараёнларни илмий ҳал этиш, табиат ва жамият қонунларини тўғри тушунишга олиб келади. Бошқача айтганда, детерминизм бу методологиядир.
Д. тамойилини табиат, жамият ҳодисаларини моҳият ва мазмунини билишга жалб этиш турли камчиликлардан сақлайди. Ҳар бир нарса ва ҳодисада ички ва ташқи ҳамда зарурий боғланиш қонуниятларини билмасдан туриб тўла билимга эга бўла олмаймиз. Д.ни қўллаш ёрдамида нарса ва ҳодиса ҳақида тўлароқ билимга эга бўламиз. Шу сабабли ҳам эҳтимоллик, статистик, бир ёқламалик, қатъийлик детерминацияларини бир биридан фарқ қилиш зарур. Масалан, статистик детерминацияланиш бу катта қисмдаги миқдорий жиҳатларни бирлашиши натижасидир.
Детерминацияланиш жараёни жуда кўп жиҳатларни қамраб олади. Жумладан, предмет ва ҳодисаларнинг имкониятлари, мазмун ва шакли моҳияти, зарурий, тасодифий томонлари бирлашмаси детерминацияланишни келтириб чиқаради. Демак, ривожланиш ва тараққиёт бундай жараёнсиз ҳам бўлмайди.
Фалсафада Д. ғояларига қарама-қарши турадиган ғоялар индетерминизмдир. Индетерминизм борлиқда сабабий боғланишлар мавжудлигини инкор этувчи таълимотдир. Ушбу таълимот тарафдорлари физика фанининг тараққиёти муносабати билан вужудга келган эди. Физиканинг квант механикаси, статистик физика каби эҳтимолли боғланишларни ўрганадиган соҳалари вакиллари, борлиқда сабабийлик амал қилмайдиган жараёнлар бор, деган фикрни илгари сурганлар. Мазкур фанларнинг кейинги тараққиёти тасодифнинг нисбийлиги, уни ночизиқли тафаккур билан боғлиқлигини кўрсатиб берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |