ГХОШ АУРОБИНДА (1872–1950)– XIX аср охири – XX аср бошларида Ҳиндистонда бошланган миллий озодлик ҳаракатининг кўзга кўринган арбобларидан.
Г.А. Англияда ўқиб юрган кезларида Гераклит ва Платонларнинг ҳамда қадимги ҳинд фалсафий системаи – Веданта билан яқиндан танишиб чиқади. 90–йиллардан бошлаб Ҳиндистоннинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок эта бошлайди. Г.А. мустақилликка эришиш йўлида, ҳатто, "олов ва қон билан ҳаракат қилиш керак", деган. Бу борада, у Тилак билан ҳамфикр бўлган. У ҳам бошқа раҳбарлар сингари Свараж (мустақилликка эришиш) ва Свадеши (инглизча маҳсулотларини рад қилиш) шиорларини тарғиб қилган.
1906–1907 йиллари Г.А. раҳбарлигида, Бенгалияда "Бандэматарам" ("Ватанга қасамёд") газетасини нашр этилган. Бу газетада инглизлар олиб бораётган сиёсати қаттиқ қораланади. 1908 йили инглизлар томонидан қамоққа олинди.
1920–1950 йилларда фалсафа ва илоҳиёт билан шуғулланади. "Ашрам" диний жамоасини тузиб, унга раҳбарлик қилади. Бу жамоа аъзолари зоҳидлик тамойили асосида ҳаёт кечирар эдилар. Г.А. Ҳиндистонда буюк мутафаккир ва миллий озодлик ҳаракатининг кўзга кўринган арбоби сифатида шуҳрат қозонади.
Жавоҳарлаъл Неру Г.А.га "фикрлар ҳукомаси", деб баҳо берган. Г.А. "Гхош ҳақида очерклар", "Ижтимоий тараққиёт психологияси", "Идеал ва прогресс", "Эволюция", "Инсоният бирлиги идеали", "Бенгалия ҳақида достон", "Гераклит", "Интеграл Веданта" асарлар муаллифи. Г.А. фалсафий масалаларни, объектив идеа. позициясидан туриб ҳал этади. Унинг фалсафаси асосида Веданта таълимоти ётади. Нарсалар дунёси объектив ҳаққоният бўлиб, брахмандан пайдо бўлади ва қонуний равшида яна браҳманга айланади. У номаълум браҳман маълум брахман ва руҳ, мутлақ онг ҳамда жон (атман) сифатидаги браҳман мавжуд, дейди. Субстанция деб, номаълум браҳманни тушунади. Бу браҳман ўз – ўзидан мавжуд, моддий ҳам эмас, руҳий ҳам эмас, унга вақт, фазо, ҳаракат, сифат, миқдор каби тоифалар тааллуқли эмас.
Браҳман буларнинг барчасидан юқори туради. Брахман барча нарсаларнинг асосидир. Унинг ҳақиқийлиги муайян атрибутларда, материя ва руҳда гавдаланади. Г.А. фикрича, инсон пастга қараб тушаётган брахман заррачаларининг аралашмасидир. У инсоннинг ижтимоий моҳиятини инкор этади ва бу масалада анъанавий ведантизм доирасида бўлади. У билишни, инсон ўз ички дунёсини англаши ва унинг илоҳий мазмунини кашф этиш жараёни сифатида тушунади. У "Билмоқ учун биз ўз ичимизга кириб, ички мушоҳадага берилишимиз керак", дейди. Инсон ўзини билиши, ўрганиши орқали браҳман даражасига кўтарилиши, у билан қўшилиши ва ниҳоят "илоҳий ҳаётга" эришиши мумкин.
Унинг фалсафий қарашлари, асосан, мистик табиатга эга бўлса–да, Г.А. улар орқали ўз даври учун илғор фикрларни илгари сурди. У анъанавий Ведантага қарши чиқиб, оламнинг ҳақиқатан мавжудлигини тан олади. Г.А. инсон ҳаётидаги асосий зиддиятни шахс билан жамият ўртасидаги зиддият, деб билади. Бундай қарашга қўшилиш учун ҳар бир киши онгли, билимли бўлмоғи зарур.
Инсонлар онги қанчалик юқори, яъни баркамол бўлса, жамият ҳам шунча равнақ топади. Г.А.нинг фикрича, идеал жамият тузиш учун миллатларнинг "дунёвий иттифоқ"ини тузиш лозим. Дунёвий иттифоқни, адолат ва эркинлик тамойили асосида тузиш керак, дейди. Г.А.нинг таъкидлашича, сиёсий жиҳатдан ҳар бир шахс ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, ҳар қандай зўравонликка чек қўйиш лозим. Идеал жамият синфларнинг ўзаро келишуви асосида тузилиши лозим.
Г.А. фикрича, дин билан фалсафа бир–бирини тўлдириши керак. Унинг бу фикрлари замонавий ҳинд файласуфларининг диққат марказидан ўрин олган. Мустақил Ҳиндистоннинг бугунги кундаги фалсафий–ижтимоий ва сиёсий равнақида Г.А. илгари сурган таълимотнинг ҳам муносиб ўрни бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |