75-м о д д а. Ёзма далилларни тақдим этиш мажбурияти
Ишда иштирок этмаётган ташкилотлар ва фуқаролар суд талаб қилган ёзма далилларни тақдим этиш имконига эга бўлмасалар, буни судга маълум қилиб, сабабини кўрсатишлари шарт.
Судга маълум қилинмаган тақдирда, шунингдек ёзма далил тақдим этиш узрли сабабсиз рад қилинган тақдирда, суд бунда айбдор бўлган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солиши мумкин.
Жарима солиш тегишли мансабдор шахсларни ва фуқароларни суд талаб қилаётган ёзма далилни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
1. Фуқаролик ишларини судда кўришда ишда иштирок этувчи шахслар қонунда белгиланган тартибда ўзларига берилган ваколат доирасида процессуал ҳаракатларни, шу жумладан ёзма далилларни тақдим этишлари тегишли қоидалар билан тартибга солиниши билан бирга ишга дахлдор бўлмаган шахс сифатида иштирок этмайдиган шахслар ҳам ишни қонуний ҳал этилишида кўмаклашишлари мумкин. Шу боисдан ҳам ушбу қоиданинг биринчи қисмида иш кўришда иштирок этмаётган ташкилотлар ва фуқаролардан ҳам ёзма далилларни тақдим этишлари лозимлиги белгиланган.
Ишда иштирок этмаётган шахслар ёзма далилларни судга ўз хоҳишлари бўйича тақдим этмаган ҳолларда тақдим эта олмаслик сабабларини судга хабар бериши лозим, акс ҳолда ушбу модданинг иккинчи қисмидаги чоралар татбиқ этилиши мумкин.
Юридик адабиётларда ёзма далилларни тақдим этиши лозим бўлган шахсларга (субъектларга) кимлар киритилиши асосли кўрсатилган, буларга: 1) тарафлар, фуқаролар ва ташкилотлар (ФПКнинг 74-моддаси биринчи қисми); 2) ишда бошқа турда иштирок этувчи фуқаролар, буларга учинчи шахслар, арз қилувчилар, манфаатдор шахслар; 3) ишда умуман иштирок этмайдиган фуқаролар; 4) барча ташкилотларнинг мансабдор шахсларидир. Бу шахслар (субъектлар) ишни кўришда иштирок этган-этмаганлигидан қатъи назар ёзма далилларни тақдим этишлари белгиланган1.
2. Юқорида баён этилганидек, судга керакли ёзма ҳужжатларни ўз вақтида етказиб бермаслик ёки далилларни тақдим этмаслик сабабларини суд узрсиз деб топган ҳолларда айбдор бўлган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ҳамда фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жаримага тортилиши назарда тутилган. Бундай сакциянинг қўлланилиши суд ҳокимиятига бўлган ҳурмат нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда кўрилиб уларга илтимос шаклида эмас балки, топшириқ эканлигига эътибор бериши лозим.
3. Борди-ю, суд талаб қилган ёзма далиллар, суд узрсиз деб топган асослар бўйича тақдим этилмаганлиги туфайли белгиланган миқдорда ташкилот, фуқаро жаримага тортилган бўлсада, суд талаб қилаётган ёзма далилни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинмайди (ФПКнинг 75-моддаси учинчи қисми).
Do'stlaringiz bilan baham: |