5-м о д д а. Судда фуқаролик иши қўзғатиш
Суд фуқаролик ишини қуйидаги ҳолларда қўзғатади:
1) ўзининг ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризаси бўйича;
2) прокурорнинг аризаси бўйича;
3) агар давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунга мувофиқ бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли бўлсалар, уларнинг берган аризалари бўйича.
1. Судда фуқаролик ишини қўзғатиш учун ёзма шаклда берилган ариза асос бўлади (ФПКнинг 148-моддаси).
Иш қўзғатиш учун манфаатдор шахслар ФПКнинг 5-моддаси 1-бандида кўрсатилган ҳолларда ўзларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кўзлаш назарда тутилган бўлса, шу норманинг 2-3 бандларида бошқа шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш назарда тутилади.
Судда фуқаролик ишини қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган қонунда кўрсатилган шахслар белгиланган процессуал ҳуқуқларидан фойдаланиш билан ўзларига тегишли ёки бошқа шахсларнинг манфаатини ҳимоя қилишда, процессуал қонунлар кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланишларида айрим фарқлар бўлишига қарамай, процессда тенгдирлар.
Судда фуқаролик иши қўзғатишга ҳақли бўлган ФПКнинг 5-моддаси 2-3 бандларида кўрсатилган шахслар қонунда кўрсатилган ҳоллардагина бундай ҳуқуқларни амалга оширишларига йўл қўйилади.
Юқорида келтирилган қонун фуқароларнинг ҳуқуқи бузилганда унинг қўриқланишини илтимос қилиш ҳуқуқини мазкур шахснинг ўзига бериши билан бирга, бузилган ҳуқуқларнинг ҳимоя қилиш мақсадларида, фуқаролик процессида прокурорнинг иштирок этиши, фуқаролик ишининг бевосита давлат ва жамоат ташкилотлари ташаббуси билан қўзғатилиши мумкинлигини белгилайди.
Моддий ҳуқуқи бузилган фуқаро эркин ҳуқуқ принципига биноан даъво қўзғатиш ёки қўзғатмаслик ҳуқуқига эга. Ташкилотларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолларда эса, мазкур ташкилотларнинг мансабдор шахслари мулкий аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқни қўриқлаш мақсадларида, даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлибгина қолмасдан, балки бундай даъвони қўзғатишга мажбурдирлар. Бу принципга мувофиқ, даъвогар ўз даъвосининг предметини, ҳажмини, ҳуқуқий асосини белгилайди; иккинчи тараф-жавобгар эса, даъвони тан олиш ёки даъвога қарши бўлиб, даъвони инкор этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Судда қўзғатилган фуқаролик иши тарафларнинг ўзаро келишувлари бўйича тугатилиши ҳам мумкин. Аммо тарафларнинг, яъни даъвогар ва жавобгарнинг ўз ҳуқуқлари ва бурчларини амалга ошириш-оширмаслик тўғрисидаги ихтиёрий ҳаракатлари, ўзаро келишувлари суд учун мажбурий эмас. Суд давлат ва жамоат манфаатлари талаб қилганда ёки бирон-бир шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига қаратилган ҳолларда даъводан воз кечишни ёки даъвони тан олишни ҳал қилмаслиги ҳам мумкин. Тарафларнинг даъво ишини ўз розиликлари бўйича бутунлай тамомлашлари тўғрисидаги келишувлари ҳам суд учун мажбурий эмас.
Фуқаролик ишида қатнашувчи даъвогар ва жавобгарлар суднинг ҳал қилув қарори устидан, шунингдек юқори судларнинг ажримлари устидан шикоят бериш ва бермаслик ҳуқуқига эгадирлар. Аммо баъзи ҳолларда фуқароларнинг, ташкилотларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш зарур бўлган ҳолларда, қонуний кучга кирмаган суднинг ҳал қилув қарори устидан прокурор апелляция протести келтириши мумкин. Ишда иштирок этувчиларнинг бири томонидан шикоят берилганида ёки бир шахснинг ёки бир неча шахсларнинг манфаатлари кўзланиб, протест келтирилганида, юқори суд фақат бу шикоят ва протестлар билан чекланиб қолмасдан, ишнинг ҳамма ҳолатини тўлиқ текширишга мажбур бўлади.
Судда иш қўзғатиш қонунда кўрсатилган шахсларга берилган бўлиб, бундай қоидалар эркин ҳуқуқ принципи асосида амалга оширилади. Бу принцип даъво ишининг қўзғатилишидан бошлаб то даъво юзасидан чиқарилган қарорларнинг ижро этилишигача қўлланиб, ишда иштирок этувчиларга тегишли процессуал ҳуқуқларнинг қонунлар билан белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминлайди. Фуқаролик ишларини қўзғатишда иш юритиш турларига эътибор берган ҳолда даъво тартибида, давлат органлари ва бошқа органлар шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича ва алоҳида тартибда кўриладиган ишларни иш қўзғатишдаги фарқига ва процессуал хусусиятларига аҳамият бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |