46-м о д д а. Процессда прокурорнинг иштироки
Прокурор бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек прокурор бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган ишни кўришда бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурорнинг қатнашишини зарур деб топган ҳолларда фуқаролик ишини кўришда, шунингдек прокурорнинг аризаси билан қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт.
1. Прокурорнинг бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган ишни кўришда процесснинг ҳар қандай босқичида эмас, фақат бошидан иштирок этишга бўлган ҳуқуқи амалдаги процессуал кодексининг янги жиҳатларидан бўлиб ҳисобланади.
2. Фуқаролик суд ишлари билан боғлиқ бўлган қонунларнинг бажарилиши юзасидан назорат олиб борувчи прокурор фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқарилишига судларнинг мустақиллиги ва фақатгина қонунга бўйсуниш принципига қатъий риоя этишни таъминлаш билан одил судловни амалга оширишга кўмаклашади. Қонунда прокурор бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, прокурор бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган ишни кўришда бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Фуқаролик ишларини кўришда прокурорнинг иштироки қонунда кўрсатилган ҳолларда, шунингдек унинг аризаси билан қўзғатилган ишларда иштирок этиши шарт эканлиги кўрсатилган ёки мазкур ишда иштирок этишни суд томонидан зарур деб топган ҳоллардагина мажбурийдир.1 Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сенябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорнинг 13-бандида «ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича прокурорнинг иштироки қонунда назарда тутилганлигини эътиборга олиб, судлар бу ишларни прокурор иштирокисиз кўришга ҳақли эмаслиги» кўрсатилган.2
Юқорида келтирилган қонунда (ФПКнинг 46-моддаси) прокурорнинг фуқаролик процессида икки шаклда иштирок қилишини: биринчидан, ариза бериш йўли билан иш бошлашини, иккинчидан, манфаатдор шахс томонидан қўзғатилган ишни кўриш жараёни бошланишидан бошлаб қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилади.
Демак, прокурор ФПКнинг 5-моддасига мувофиқ ўз ташаббуси билан ишга киришишдан ташқари, суд ташаббуси (қарори) бўйича ҳам, шунингдек қонуннинг махсус, тўғридан-тўғри кўрсатмасига биноан ҳам ишга жалб қилиниши мумкин. Фуқаролик процессида қонунчиликка риоя қилиниши юзасидан ва одил судловни амалга оширишга судга кўмаклашиш мақсадида прокурор қатор процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади. Унинг бу ҳуқуқлари ФПКнинг 34, 46, 47 ва бошқа моддаларида белгиланган.
Ушбу ҳуқуқий меъёрга киритилган янги қоидалардан яна бири ФПКнинг 46-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган прокурорнинг аризаси билан қўзғатилган ишларда иштирок этишининг шартлигидир. Бу қоидалар ФПКнинг 276-278-моддаларида берилган.
3. Демак прокурор ҳар қандай фуқаролик ишлари бўйича манфаатдор шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш қўзғатади ва қўзғатилган процессга кириши лозим. Бироқ, прокурор шахсларнинг шахсий ҳаётларига аралаша олмайди, масалан, никоҳдан ажратиш, оталикни белгилаш ишларига ва ҳоказо фақат бундай ҳоллар балоғатга етмаганлар билан боғлиқ бўлсагина ишда қатнашишлари ва уларнинг манфаатларига қаратилган ҳаракатларни қилишлари мумкин.
Прокурорнинг процессуал ҳуқуқлардан, жумладан, даъво аризасидан воз кечиш, унинг моддий ҳуқуқдан воз кечганлигини англатмайди, шунинг учун асосий даъвогар устунлик ҳуқуқини сақлаб қолади.
Прокурор барча фуқаролик ишларини кўришда процессда иштирок этиш ваколатини таъминлаш имконияти бўлмаганлиги учун қонун, фақат қонунда кўрсатилган ҳолларда иштирок этишлиги мажбур деб ҳисоблайди, масалан сайловчилар рўйҳатидаги камчиликларни аниқлаш ҳақида ФПКнинг 272-моддаси; фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки фуқарони ўлган деб эълон қилиш тўғрисидаги ФПКнинг 290-моддаси; фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ФПКнинг 281-моддаси; ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги ва бошқалар.
Суд лозим топган ҳолларда ҳам прокурорнинг процессда иштирок этиши шарт ҳисобланади.
4. Амалдаги “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга кўра, Республика прокурори Республика Олий судининг Пленуми мажлисида, вилоят ёки унга тенглаштирилган прокурорлар эса вилоят, Тошкент шаҳар суди Президиумларининг мажлисларида иштирок этиши зарурлиги кўрсатилган.
Республика Бош прокурорининг кўрсатмаларига асосан, айрим туркумдаги фуқаролик ишларини судда кўришда иштирокини зарур деб ҳисоблайди, масалан: уй-жойдан кўчириш; меҳнат ишлари ва ҳоказо
Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ёки прокурор томонидан бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васийга (ҳомийга) ёки болалар муассасасига нисбатан қўзғатилади. Бундай ишлар судлар томонидан васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг ва прокурорнинг иштирокида кўрилиши лозим1.
5. Оила кодексининг 80-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади2.
6. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилиши лозим.
Прокурор ёки васийлик ва ҳомийлик органи вакили судга келмаган тақдирда ишни кўриш бошқа вақтга қолдирилиши лозим3.
Do'stlaringiz bilan baham: |