48-м о д д а. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя
қилаётган давлат бошқаруви органлари,
ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг
фуқаролик процессида иштирок этиши
Давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Давлат бошқаруви органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш, фуқаролар ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш юзасидан хулосалар бериш учун суд томонидан процессда иштирок этишга жалб қилинишлари ёки ўз ташаббуслари билан процессга киришишлари мумкин.
1. Фуқаролик процессида давлат бошқаруви идоралари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар иштирок этишининг бошқа асослари ҳам мавжуд.
Давлат ташкилотлари судда фуқаролик ишларига оид ҳуқуқларини ўзлари процессда ҳимоя қилиш билан бир қаторда давлат бошқаруви идоралари, муассасалар, корхоналар ҳамда жамоат ташкилотлари ёки айрим фуқаролар қонунда кўрсатилган ҳолларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво қўзғата оладилар.
Давлат бошқаруви идоралари, қонунда кўрсатилган ҳолларда, ўзларига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида хулоса бериш учун ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун суднинг таклифига мувофиқ процессда иштирок этишга жалб этишлари ёки ўз ташаббуслари билан процессда қатнашишлари мумкин.
Демак, қонун бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик процессида, прокурордан ташқари яна бошқа идоралар ва шахсларнинг ҳам иштирок этишини белгилайди.
Агар прокурор ҳар қандай иш бўйича бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик процессининг иштирокчиси бўла олсалар, юқорида кўрсатилган идоралар, ташкилотлар ва айрим фуқаролар фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина фуқаролик процессида иштирок эта оладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида, Фуқаролик кодексида, Фуқаролик процессуал кодекси ва бошқа кодекслар ҳамда қонунларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадларида бошқарув идоралари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг фуқаролик процессида иштирок этиш ҳоллари ва асослари назарда тутилган. Масалан, фуқаролик процессида кўпинча ҳокимиятларнинг маориф ва соғлиқни сақлаш бўлимлари қошидаги васийлик ва ҳомийлик идоралари қатнашадилар. Бу идоралар фарзандликка олишни бекор қилиш, ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиш, болани тарбиялаш учун ота-онадан иккинчисига олиб бериш, болаларнинг тарбияси учун алиментлар ундириш, болаларнинг турар-жойга бўлган ҳуқуқлари, вояга етмаганларнинг етказилган зарарнинг ундирилиши ҳақидаги фуқаролик ишларида қатнашадилар.
Бундай ҳолларда васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга ошириш учун ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан халқ таълими бўлимлари муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб топилганларга нисбатан эса, соғлиқни сақлаш бўлимлари, соғлиғининг ёмонлиги туфайли ҳомий тайинланишига муҳтож муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан эса, ижтимоий таъминот бўлимлари жалб қилинади.
2. Болаларнинг тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судда кўрилишида ҳомийлик ва васийлик идоралари вакилларининг иштирок этиш зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг 173-193-моддаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги Пленум қарорида тўғридан-тўғри кўрсатилган1.
Болалар тўғрисидаги масаланинг ҳал қилиниши билан боғлиқ фуқаролик иши юзасидан васийлик ва ҳомийлик органларининг процессга киришишларидан асосий мақсад, судга ишнинг тўғри ва тўла ҳал қилинишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш йўли билан болаларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича ўз бурчларини бажаришдан иборатдир. Фуқаролик процессига киришишда васийлик идоралари боланинг тарбияси тўғрисидаги манфаатларнигина кўзламасдан жамоатчилик ва давлат манфаатларини ҳам кўзлайди.
Васийлик ва ҳомийлик идораси вакилининг фуқарони муомалага лаёқати чекланган ёки уни муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларда албатта иштирок этиши талаб қилинади (ФПКнинг 38-моддаси).
Никоҳдан ажратиш ишларида ҳам агар, муомала лаёқатига эга бўлмаган эр ёки хотиннинг манфаатини ҳимоя қилиш талаб қилинса, зарур ҳолларда, никоҳдан ажралиш тўғрисидаги даъво васий ёки прокурор томонидан қўзғатилиши ва ФПКнинг 48-моддаси биринчи қисмига мувофиқ васий органини иш бўйича хулоса бериш учун процессга жалб қилиши мумкинлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди 1998 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида берилган1.
3. Ўзбекистон Республикаси судлари амалиётида бирмунча мураккаб бўлган фуқаролик ишларда манфаатдор шахслар билан бошқа шахслар ишда иштирок этишлиги маълум. Бундай мураккаб фуқаролик ишлари ҳовли-жойларни сотиш билан боғлиқ ишлар, иморатларни мерос қилиб олиш тўғрисидаги ишлар, турар-жойларни қайтадан қуриш, тақсимлаш тўғрисидаги талаблар, турар-жойларни ўзгартириш, турар-жой бўлмаган биноларни турар-жойга айлантириш, турар-жой майдонини бўлиш ва алмаштириш, якка тартибда турар-жой қуриш, ер майдонларидан фойдаланиш тўғрисидаги низолар ва шу каби бошқа низоли ишлар анча мураккаб ҳисобланади.2 Бундай ишларнинг кўрилишида, аксарият ҳолларда фуқаролик процессида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг турар-жой билан шуғулланувчи бўлим ва бошқармаларининг вакиллари қатнашадилар. Бундай идоралар суд процессида қатнашиш билан ўзларининг турар-жой хўжалигини бошқариш юзасидан олинган бурчларини бажарадилар. Бинобарин, турар-жой идоралари, турар-жойлардан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг судда кўрилишида фуқароларнинг ва турар-жой хўжалигини идора этишда давлатнинг манфаатларини тўғри тушуниш ва ҳимоя қилиш мақсадларида судга ёрдам кўрсатиш учун ишда иштирок этишга мажбурдирлар.
Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисидаги қонунда уй-жой соҳасида кўчмас мулкнинг мажбурий равишда олиб қўйилиши фақатгина суднинг қарори асосида бўлиши (23-модда) ижара шартномаларини суд тартибида бузилишига йўл қўйилиши (16-18-моддалар) тўғрисидаги низоларни кўришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг иштирок этиши лозимлигини кўрсатади3.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди турар-жойга оид қатор Пленум қарорларида бундай ишларнинг судда кўрилишида процессда қатнашиш учун зарур ҳолларда маҳаллий давлат органларининг уй-жой бўйича вакилларини жалб қилиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш берилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Хусусийлаштирилган турар-жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 1997 йил 2 майдаги қарорида давлат уй-жой фондидаги турар-жойни хусусийлаштиришни амалга оширишда фуқаро ва мулкдорларнинг ҳуқуқини муҳофаза қилиш билан вужудга келувчи низолар судларга тааллуқлидир. Булардан ташқари Пленум, турар-жойга эгалик ҳуқуқини берувчи давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишларни кўришда судларда хусусийлаштирилган турар-жой эгасининг оила-аъзолари ҳамда турар-жой майдонига ҳақли бўлган ва уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар, шунингдек, ҳокимият, давлат мулк қўмитасининг турар-жой бўйича ҳудудий бўлинмалари иштирок қилишларини таъминлашлари зарурлиги ҳақида таъкидлайди1.
4. Процессга киришишдан мақсад давлат бошқаруви идоралари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд идораларига холисона, қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқаришда ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади.
Юқорида кўрсатилган ташкилотлар ва айрим шахслар фақат қонун билан назарда тутилган айрим ҳоллардагина низоли фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти бўлса-да, ишнинг ҳал этилиши унинг натижасидан манфаатдор бўлмасдан, уларга берилган ваколат доирасида бошқа шахсларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиб процессда иштирок этадилар. Улар ўзларига юклатилган ҳуқуқ ва бурчларни амалга ошириш билан суд томонидан қонуний, асослантирилган ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқарилишигагина манфаатдор бўладилар. Бу идораларнинг манфаатдорлигини процессуал характерга эга эканлигига аҳамият бериш лозим.
Давлат бошқаруви идоралари, ташкилотлар, муассасалар ва айрим фуқароларнинг фуқаролик процессида иштирок этишларининг ҳуқуқий асослари ФПКнинг 48 ва 49-моддаларида берилган. Бундай асос ФПКнинг 160-моддасининг 3 ва 4-бандиларида кўрсатилган қоидалар билан ҳам белгиланган. Бу қонунда кўрсатилишича, ишда қатнашишга жалб қилинмаган давлат муассасаси, корхона, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар ишининг оқибатларидан манфаатдорлиги судда аниқланса, юритилаётган иш тўғрисида ёки уни кўриш вақти ҳақида улар хабардор қилинишлари лозим.
Бошланғич процессда иштирок этишнинг бу туридан касаба уюшмаларининг техник инспекторлари ҳам фойдаланишлари мумкин. Жумладан, улар ходимларга уларнинг ишлари билан боғлиқ ҳолда шикаст етказилиши ёки соғлиқларининг бошқача зарарлантирилиши туфайли етказилган зарарнинг ундирилиши тўғрисидаги ишлар юзасидан зарур ҳолларда ўз хулосаларини берадилар. Бу туркумдаги ишлар бўйича процессда қатнашиш йўли билан касаба уюшмаларининг техник инспекторлари техника хавфсизлиги юзасидан ўрнатилган қоидаларга ва меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши тўғрисида назоратни амалга оширишда касаба уюшмалари ўз бурчларини бажарган бўладилар ва шунинг ўзи билан ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан касаба уюшмалари органларига юклатилган умумий вазифани амалга оширадилар.
Юқорида кўрсатилган органлар фуқаролик процессида барча ҳолларда эмас, балки қонунда, масалан, ФПКнинг 272, 281, 291, 296 ва бошқа моддаларида кўрсатилган ҳоллардагина, суд таклифига мувофиқ ёинки ўз ташаббуслари билан иштирок этадилар.
5. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ҳам прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади.
Фарзандликка олганлардан болаларни олиш тўғрисидаги масала ҳам, фарзандликка олишни бекор қилиш учун қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлмаса, шундай тартибда ҳал этилиши мумкин1.
Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган суддаги барча низоларни кўришда уларнинг ҳимояси юзасидан ким даъво қўзғатганлигидан қатъи назар ишда иштирок этиш учун халқ таълими бўлими жалб қилиниши лозим. Қайд этилган орган даъво тақдим қилмаган бўлса, у суд томонидан давлат бошқаруви органи сифатида ўзига юклатилган мажбуриятларни бажариш мақсадида хулоса бериш учун процессда иштирок этишга жалб қилинади (Оила кодексининг 88-моддаси)2.
Шу ўринда суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
1) М. судга даъво билан мурожаат қилиб, И. билан тузилган никоҳдан ажратиш ва болаларни яшаш жойини белгилашни сўраган.
Суд тарафларни никоҳдан ажратиб, уларнинг 1990 йилда туғилган қизи А.ни отаси И.нинг тарбиясида, 1992 йилда туғилган ўғли Б.ни онаси М.нинг тарбиясида қолдирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 19 июлда ҳал қилув қарорининг болалар тарбиясига оид қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини янгидан кўриш учун юборди. Ажримда қуйидагилар кўрсатилган.
Оила кодексининг 88-моддасига кўра, болалар тарбияси билан боғлиқ низолар судда кўрилаётганда, ишда иштирок этиш учун васийлик ва ҳомийлик органи жалб қилиниши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 26-бандида кўрсатилишича, бундай ҳолларда васийлик ва ҳомийлик органи давлат бошқарув органи сифатида ўзига тегишли вазифалар нуқтаи назаридан келиб чиқиб хулоса беради.
Биринчи инстанция суди мазкур ишни кўришда васийлик ва ҳомийлик органини ишда иштирок этиш учун жалб қилмаган, ҳамда ундан низо моҳиятига оид хулоса талаб қилиб олмаган1.
2) Т. бир ярим ёшли ўғли М.ни отаси А.дан олиб, ўзининг тарбиясига бериш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилган.
Суд Т.нинг даъвосини рад қилган.
Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 26 апрелда суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор чиқарди. Қарорда жумладан қуйидагилар кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида тушунтирилишича, суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган низоларни ҳал этишда ота ва она ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болалар манфаатларидан келиб чиқиб ҳал этилиши лозим. Бунда, суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, уларнинг ахлоқий, шахсий фазилатларини ва ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларини, уларда болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар яратиш имкони борлигини эътиборга олади. Ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олиши лозим.
Ишда мавжуд васийлик ва ҳомийлик органининг хулосасида бола бир ярим ёшда бўлиб туғилганидан онасининг тарбиясида бўлганлиги, онанинг ижобий ахлоқий фазилатларга ва бола тарбияси учун етарли бўлган моддий-маиший шароитга эга эканлиги кўрсатилган.
Биринчи инстанция суди васийлик ва ҳомийлик органининг хулосасига ҳуқуқий баҳо бермаган ва хулоса билан келишмаганлик сабабларини ўз қарорида асослантирмаган. Т. томонидан икки маротаба болани узрли сабабларга кўра, қисқа муддатга отасига қолдирганлиги фактининг ўзи онанинг болани тарбиялаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун асос бўлмайди1.
Do'stlaringiz bilan baham: |