34810-м о д д а. Кассация шикоятини (протестини) тўлдириш, ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш ва протестни қайтариб олиш
Кассация шикояти берган шахс уни тўлдириш, ўзгартириш ёки ундан воз кечишга ҳақли.
Кассация протести келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунига қадар протестни тўлдириш, ўзгартириш ёки қайтариб олишга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят бермаган бўлса, шикоятдан воз кечиш қабул қилинганлиги тўғрисида ва протест қайтариб олинган тақдирда, кассация инстанцияси суди ажрим чиқариб, кассация тартибида иш юритишни тугатади.
1. Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг принципларига кўра, ҳар қандай шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги Конституция ва “Судлар тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топган.
Шу билан бир қаторда, манфаатдор шахс қонунга зид бўлмаган ҳолларда суд ҳимоясидан воз кечишга ҳақли эканлиги ҳам ўз ифодасини топган (ФПКнинг 34810-модда).
Апелляция босқичидаги каби кассация инстанцияси судида ҳам шикоят берган манфаатдор шахс уни тўлдириши, ўзгартириши ёки ундан воз кечиши мумкин.
Кассация протести келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунига қадар протестни тўлдириш, ўзгартириш ёки қайтариб олишга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят бермаган бўлса, шикоятдан воз кечиш қабул қилинганлиги тўғрисида ва протест қайтариб олинган тақдирда, кассация инстанцияси суди ажрим чиқариб, кассация тартибида иш юритишни тугатади.
Шикоят ва протест келтириш ҳуқуқидан фойдаланиш ишда иштирок этувчи шахсларнинг эркин ҳуқуқ принципига асосланган бўлиб, қонунда кўрсатилган моддий ва процессуал ҳуқуқларини амалга ошириш уларнинг мажбурияти бўлмасдан, балки ҳуқуқидир.
Демак, ана шундай ҳуқуқдан фойдаланиш манфаатдор шахсларга нисбатан ҳеч қандай ташқаридан таъсир этувчи тайзиқ бўлмаган тақдирдагина амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда суд бундай шикоятдан воз кечишни ғайриқонуний деб топиши ва уни қаноатлантирмаслиги мумкин.
Юқорида кўрсатилганидек, прокурор кассация шикоятини суд мажлиси бошлангунига қадар қайтариб олишга, тўлдиришга ҳамда ўзгартиришга ҳақли, чунки кассация инстанцияси судида иш кўрилиши бошлангандан сўнг протестда кўрсатилган ҳолатлар тасдиқланмаслиги мумкин. Шунинг учун, бундай тартиб прокурорни протест келтиришдан аввал чуқур мулоҳаза этиш, ишни қонуний ҳал этишга қаратилган ҳолатларни таҳлил этган ҳолда муносабатда бўлиш назарда тутилгандир.
Агар шикоятдан воз кечиш суд томонидан қабул қилинган, протест қайтариб олинган ҳолларда кассация инстанцияси суди иш юритишни тўхтатиш ҳақида ажрим чиқаради, ажрим чиқарилиши биланоқ қонуний кучга киради. Бундай ҳолларда тўланган давлат божи, агар даъвогар арз қилган талаблардан воз кечса, тўланган харажатларни жавобгар тўламайди. Лекин талаб қўйилгандан кейин уларни жавобгар ихтиёрий равишда қаноатлантирганлиги натижасида даъвогар ўз талабларидан воз кечса, суд даъвогарнинг илтимоси бўйича унинг иш юзасидан қилган барча суд харажатлари жавобгардан ундириб берилиши мумкин (ФПКнинг 118-моддаси).
2. Қонунда белгиланганидек кассация протестини келтирган прокурор, шунингдек, юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунига қадар протестни тўлдириш, ўзгартириш ёки қайтариб олиши мумкин.
Агар прокурор кассация судида иш кўриш жараёнида келтирган протестни қайтариб олиш тўғрисида илтимос қўйган тақдирда, суд уни қайтариб бермаслиги лозим. Бундай ҳолларда прокурорнинг протестни қувватлашдан воз кечиши ҳақли бўлади.
Кассация шикоятини берган шахснинг ундан воз кечиш масаласини қабул қилиш-қилмаслик судга боғлиқ бўлса, кассация протестини қайтариб олиш тўғрисидаги аризани суд қаноатлантириши лозим.
Протестни чақириб олиш мазмунида, уни судга берилмаган деб ҳисобланиши ётади, шу боисдан кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қайта кўрмайди1.
3. Кассация инстанцияси суди, агар кассация шикоятини берган шахс ундан воз кечиш ҳақидаги аризаси ўзининг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг манфаатига зид эканлигини аниқласа, уни рад этиши ва шикоятни кўришни давом эттириши мумкин.
Агар кассация шикоятидан ишда иштирок этувчи шерик иштирокчилардан биттаси воз кечса-ю, бошқа иштирокчилар унга қўшилмаса, кассация шикояти кўрилаверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |