313-м о д д а. Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки
нотўғри қўллаш
Қуйидаги ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилган ёки нотўғри қўлланган ҳисобланади:
1) суд татбиқ қилиниши лозим бўлган қонунни қўлламаган бўлса;
2) суд татбиқ қилинмаслиги лозим бўлган қонунни қўллаган бўлса;
3) суд қонунни нотўғри талқин қилган бўлса.
1. ФПКдаги бу қоидада моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри татбиқ этиш асослари санаб ўтилган бўлиб, бунга кўра, суд манфаатдор шахснинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунни татбиқ этмасдан, бошқа ҳуқуқий актни қўллаш билан унинг манфаатига зид ҳал қилув қарорини чиқариш ҳоллари ёритилган.
Иккинчи инстанция суди ишни апелляция тартибида кўриш вақтида ишга оид далиллар ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан қўшимча равишда келтирилган материаллар бўйича биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг шикоят қилинган қисмини ҳам, шикоят қилинмаган қисмини ҳам, шунингдек, шикоят бермаган шахсларга нисбатан қанчалик қонуний ва асосли эканлигини текширади.
Шунинг учун ҳам апелляция инстанцияси суди асослантирилган қарор чиқариши учун кўриладиган ишни тўла ва ҳар томонлама текшириши лозим. Судларимиз деярли барча ҳолларда тўғри қарор чиқарадилар. Аммо айрим ҳолларда ишдаги материаллар билан яхши танишмаслик, уларни чуқур текширмаслик, қонунни тушунмаслик ва тўғри татбиқ этмаслик оқибатида асослантирилмаган ва ғайриқонуний қарор чиқарилиш ҳоллари ҳам рўй беради. Бу эса фуқаролик ишини апелляция тартибида кўриб текширишга ва айрим ҳолларда биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилиб, ишни яна биринчи инстанция судига юборишга олиб келади.
Ҳал қилув қарорининг асослантирилмаганлиги деганимизда иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўла аниқланмаганлиги ва исботланмаганлигини, суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслигини тушунамиз.
Суд ҳал қилув қарорининг ғайриқонунийлиги-унинг қонунга, яъни ишнинг кўрилиши ва ҳал этилишида татбиқ этилиши лозим бўлган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бўлмаслигидир. Моддий ҳуқуқ нормалари ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри татбиқ қилинганлиги ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга асос бўлади.
Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри татбиқ этилиши – асоссиз ҳал қилув қарори чиқарилиши ҳолларидагина, жумладан, суднинг хулосалари иш ҳолатларига тўғри келмаганидагина ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлади. Агар биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўла ва тўғри аниқлаган бўлса-ю, аммо моддий ҳуқуқ нормаларини татбиқ этишда хатога йўл қўйган бўлса, бундай камчилик иккинчи инстанция суди томонидан тузатилиши мумкин. ФПКнинг 316-моддасида кўрсатилишича, апелляция, кассация, назорат инстанциялари ишни кўрган суд томонидан йўл қўйилган қонунни бузиш ҳоллари ҳал қилув қарорини бекор қилиш, ўзгартиришга ёхуд янги ҳал қилув қарори чиқаришга асос бўлмайди деб топсалар, бу ҳақда ажримда, қарорда ёки махсус қабул қилинадиган хусусий ажримда кўрсатишлари лозим.
Масалан, суд ҳал қилув қарори чиқаришда ўз кучини йўқотган қонунни қўллаш туфайли юқори судлар томонидан ҳал қилув қарорини бекор бўлишига олиб келиш масалалари амалиётда учраб турадиган ҳоллардир.
2. Айрим судлар томонидан фуқаролик ишлари юзасидан қабул қилинадиган ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмида иш қайси моддий ҳуқуқ (фуқаролик, меҳнат, уй-жой, оила ва ҳ.к. қонунлари) асосида ва ундаги нормалар кўрсатилмайдиган қарорларни ҳам учратиш мумкин, бундай ҳолларда фақат процессуал қонунларга яъни, ФПКнинг 203, 206-моддаларига ҳавола қилиш билан кифояланадилар.
Ҳал қилув қарори процессуал ҳуқуқ меъёрларига ва шу ҳуқуқий муносабатларга татбиқ қилиниши лозим бўлган моддий ҳуқуқ меъёрларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда чиқарилгандагина қарорлар қонуний бўлиб ҳисобланишини судлар назарда тутмоқлари лозим.
Айрим ҳолларда манфаатдор тарафнинг низоли масалаларда бир неча талаблари бўлиб, суд ана шу талаблардан биттаси бўйича тегишли ҳуқуқий актни татбиқ қилиб, бошқа ҳолатлар бўйича масала ҳал этилмасдан тегишли қонунга ҳавола қилинмаслиги учраб туради.
3. Суд томонидан татбиқ қилинмаслиги лозим бўлган қонунни қўллаш деган қоидани қуйидагича изоҳлаш мумкин, масалан, низоли талаб фуқаролик қонунлари билан эмас, балки меҳнат қонунлари билан татбиқ қилиниши ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Лекин бундай ҳолларда ҳам суд моддий ҳуқуқий нормаларни тўғри татбиқ этилмаганлиги туфайли шахс манфаатига қанчалик салбий таъсир кўрсатганлигини аниқлаши керак.
4. Биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорлари апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларида моддий ҳуқуқ нормаларини бузилишига ёки нотўғри қўллашга асос бўлган ҳолатлардан яна бири, суд томонидан қонунни нотўғри талқин қилинишидир.
Суд фуқаролик ишини мазмунан кўриб, ҳал қилув қарорини чиқаришда қарорнинг асослантириш қисмида ечилаётган масала бўйича тегишли қонунни тўғри татбиқ қилсада, унинг қоидаларини, мазмун-моҳиятини ўзгача талқин қилиш туфайли шахс манфаатининг бузилишига олиб келиш ҳоллари амалиётда учраб туради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунни нотўғри талқин қилиш деганда тегишли ҳуқуқий муносабатни суд тартибида ечимини топишда қонуннинг мазмунини нотўғри тушуниш туфайли тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича асоссиз хулосага олиб келиши тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |