314-м о д д а. Процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланганлиги ишнинг нотўғри ҳал этилишига сабаб бўлган ёки сабаб бўлиши мумкин бўлган тақдирдагина ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади. Агар: 1) иш суд томонидан ғайриқонуний таркибда кўрилган бўлса; 2) иш суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабар берилмаган шахслардан бирортасининг йўқлигида кўрилган бўлса; 3) иш кўрилаётганида иш юритиладиган тилга доир қоидалар бузилган бўлса; 4) суд ишда қатнашишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалани ҳал қилган бўлса; 5) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор чиқаришда суд маслаҳатининг сир сақланишига доир қоидалар бузилган бўлса; 6) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор судьялардан бирортаси (судья) томонидан имзоланмаган ёки ҳал қилув қарори унда кўрсатилмаган судьялар (судья) томонидан имзоланган бўлса; 7) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ишни кўрмаган судьялар томонидан чиқарилган бўлса; 8) ишда суд мажлиси баённомаси мавжуд бўлмаса ёки у имзоланмаган бўлса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарор мажбурий тартибда бекор қилиниши шарт.
1. Фуқаролик ишларини юритишда йўл қўйилган ҳар қандай процессуал ҳуқуқий меъёрларнинг бузилиши ёки нотўғри татбиқ этилиши, ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорларни бекор қилинишига олиб келмасдан фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина асос бўлади.
Демак, иш кўришда муҳим аҳамиятга эга бўлмаган процессуал ҳуқуқий бузилишлар иш бўйича қабул қилинган қарорларнинг бекор қилинишига асос бўлмаслиги керак. Бундай ҳолларда суд томонидан йўл қўйилган процессуал ҳуқуқ нормалари ҳақида юқори судлар ўзларининг хусусий ажримларида қайд қилиб ўтишлари лозим (ФПК нинг 316-моддаси).
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги ишни нотўғри ҳал этилишига қанчалик таъсир кўрсатганлигини суд ҳал этади.
2. Ушбу шарҳланаётган қонун (ФПК нинг 314-моддаси иккинчи қисми) талаблари бўйича тарафларнинг бузилган процессуал ҳуқуқлари суд қарорини бекор бўлиши учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки уларни нотўғри қўллашда қуйидагиларга аҳамият бериш лозим:
2.1. Ишнинг суд томонидан ғайриқонуний таркибда кўрилиши деганда, агар фуқаролик ишини кўраётган суд, айниқса иш ҳайъат таркибида кўрилган тақдирда белгиланган судьялардан бирининг ўрнига таркибга кирмаган бошқа судьяни киритиш ҳолларини кўрсатиш мумкин. Бу ҳолат, айниқса фуқаролик ишлари халқ маслаҳатчилари иштирокида кўрилган вақтларда кўп учраб турар эди.
Агар судья вақтинчалик ўз вазифасини бажариш имконияти бўлмаган ҳолларда (даволаниш, таътилда бўлиш, узоқ муддатли сафарда бўлиш ва ҳ.к.) унинг вазифасини судлар тўғрисидаги қонунга кўра, топширилган шахс томонидан кўрилмаслик ҳолларини келтириш кифоя.
2.2. Фуқаролик ишлари суд муҳокамасида иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахсларнинг иштирокида кўрилмаслиги уларнинг қонуний манфаатларини бузилишига олиб келади.
Ишда иштирок этувчи шахслардан бирортаси суд мажлисига келмаган тақдирда, унга чақирув қоғози топширилганлиги тўғрисида маълумот бўлмаса, суд ишни кўришни кейинга қолдириши лозим.
Агар ишда иштирок этувчи шахслар тегишли тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлиб, суд узрли деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаган бўлсалар ҳам суд ишни кўришни кейинга қолдиради.
Тарафлар судга келмаслик сабаблари ҳақида маълумот беришлари ва бу сабабларнинг узрлилигига далиллар тақдим этишлари шарт. Башарти жавобгарнинг келмаганлик сабаблари ҳақида маълумот бўлмаса ёки суд келмаганлик сабабларини узрсиз деб топса ёхуд жавобгар иш юритилишини қасддан чўзаётган бўлса, суд ишни кўришга ҳақли.
Тарафлар ишни ўзларининг иштирокларисиз кўришни ва ўзларига суднинг ҳал қилув қароридан нусха юборишни илтимос қилишга ҳақли. Агар ишнинг ҳолатлари бўйича зарур бўлса, суд тарафларнинг суд мажлисида иштирок этишини шарт деб топиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахснинг вакили ишни судда кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлишига қарамай, судга келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабабларга кўра суд мажлисига келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради ва бу ҳақда тегишли юқори турувчи прокурорга ёки адвокатлар малака комиссиясига маълум қилади.
Агар тарафлар (даъвогар ва жавобгар) узрсиз сабабларга кўра суд мажлисига келмаса ёхуд уларнинг бирортасидан ҳам ишни ўзининг иштирокисиз кўриш тўғрисида ариза тушмаган бўлса, суд ишни кўришни кейинга қолдиради.
Тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрсиз сабабларга кўра келмасалар, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли. Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрсиз сабабларга кўра келмаса, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли (ФПКнинг 174-моддаси).
2.3. Ўзбекистон Республикасида фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.
Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, она тилида кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, судда сўзлаш, арз билан мурожаат этиш ва илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек, ушбу Кодексда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.
Суд ҳужжатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг она тилларига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади (ФПКнинг 9-моддаси).
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 115-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларга таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Мазкур принцип Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни (8-модда)да ҳам уқтирилган1.
Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, ўз она тилида кўрсатув ва тушунтириш бериш, судда сўзлаш, арз билан мурожаат қилиш, шунингдек, ФПКнинг 9-моддасида белгиланган тартибда таржимоннинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади. Бу ҳуқуқий меъёрнинг асосий вазифаси суд ишлари юритиладиган тилни билмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тегишли даражада ҳимоя этилишини кафолатлайди.
Суд ишларининг миллий тилда юритилиши қоидасига кўра, суд ишлари юритилишида иштирок этувчиларга ва суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахсларга жараённинг тушунарли, шу билан бирга, судда иш кўришнинг тарбиявий характерда бўлишини таъминлайди. Бу қоида суд процессининг барча босқичларига тегишли бўлиб, унинг бузилиши суд ҳукми, ҳал қилув қарорининг бекор қилинишига асос бўлади.
2.4. Суд ишда қатнашишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалаларни кўриши ушбу қоидада маън қилиниши кўрсатиб ўтилган. Фуқаролик ишларини ҳал қилишда судда иштирок этмасдан уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳал этиш фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина йўл қўйилади, акс ҳолда бундай ишлар юқори судлар томонидан бекор қилинишига асос бўлади. Масалан, меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган ишларда учинчи шахсларнинг иштироки лозим бўлса-да, уларнинг иштирокисиз суд ҳал қилув қарорида учинчи шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид масалаларни ҳал этиш ҳолларини кўрсатиш мумкин.
Судьянинг бу ҳаракатлари фуқаролик процессининг бевоситалик принципига боғлиқ. Бу принципга биноан фуқаролик ишларини текширувчи ва иш юзасидан қарор чиқарувчи судьялар иш материаллари билан шахсан танишишлари, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертлар ва мутахассисларнинг хулосалари (фикрлари)ни эшитиш, ёзма далиллар билан танишиш, ашёвий далилларни кўздан кечиришни, далилларни суд мажлисида бевосита ўзлари, шунингдек, ишда қатнашувчиларнинг иштирокида текширишни тақозо этади.
Мазкур принципга мувофиқ, суд фуқаролик ҳуқуқий низоларни ҳал этишда тарафларнинг ҳуқуқлари пайдо бўлиши, ўзгариши ёки тугаши билан боғлиқ далилларни бевосита аниқлайди. Суд умумий қоида бўйича топширилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини кўради, фақат истисно тариқасидаги бундай ҳужжатларни суд мажлисига топшириш мумкин бўлмагандагина, ҳужжатларнинг иккинчи нусхаларидан фойдаланиши мумкин.
2.5. Фуқаролик ишлари қайси суд босқичида кўрилишидан қатъи назар, агар қабул қилинган суд қарорлари судья томонидан имзоланмаган бўлса ёки ишни кўрмаган судья томонидан имзоланган тақдирда, ёки ишда суд мажлиси баённомаси бўлмаса ёхуд у имзоланмаган бўлса, юқори судлар томонидан бекор қилинишига асос бўлади.
2.6. Ишни кўриш вақтида келиб чиқадиган барча масалалар судьянинг якка ўзи томонидан, ишни судьялар ҳайъати кўраётган ҳолларда эса, судьяларнинг кўпчилик овози билан ҳал этилади. Суд қарорлари алоҳида хона (маслаҳатхона)да чиқарилади ва ёзма равишда тузилади. Қарор чиқариш вақтида бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди. Ҳар бир масала ҳайъат томонидан ҳал қилинаётганида судьяларнинг бирортаси ҳам овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради. Озчилик томонида қолган судья ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақли, унинг бу фикри ишга қўшиб қўйилади, бироқ эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайди.
Агар алоҳида фикр баён қилинган суд қарори юқори суд инстанциясида кўрилмаган бўлса, у қонуний кучга кирганидан кейин иш билан бирга қўшиб қарорга нисбатан протест келтириш масаласини ҳал қилиш учун тегишли суд раисига юборилади (ФПКнинг 14-моддаси).
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, процессуал ҳуқуқ нормаларини ФПК 314-моддаси иккинчи қисмининг 1-8-бандларида кўрсатиб ўтилган тарзда бузиш ҳолларининг исталган бирини апелляция инстанцияси суди аниқлаган тақдирдагина биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори албатта бекор қилиниши, иш эса биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юборилиши керак.
1) Иш биринчи инстанция судида кўрилаётганда ФПКнинг 92-моддасида назарда тутилган иш юритишни тўхтатиб туриш учун асослар бўлгани ҳолда иш биринчи инстанция суди томонидан мазмунан ҳал қилинганлиги (бу асослар апелляция шикояти ёки протестини кўриб чиқиш вақтида ҳам сақланиб турган бўлса) ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш юритишни тўхтатиб туриш зарурлиги кўрсатилган ҳолда ишни янгидан кўриш учун юборишга судлар эътибор қаратмоғи лозим (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2004 йил 21 майдаги “Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти ҳақида”ги Пленум қароридан)1.
2) Суд ишда қатнашишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масала юзасидан қарор чиқаришга ҳақли эмас.
М. Жиззах вилояти Халқ банки бошқармасига нисбатан ишга тиклаш ва мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундириб бериш ҳақида судга даъво билан мурожаат қилган.
Суд М. нинг даъвосини қаноатлантирган.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган.
Вилоят суди раёсатининг қарори билан апелляция инстанцияси ажрими бекор қилиниб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 15 февралда вилоят суди раёсати қарорини бекор қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг ажримини ўз кучида қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 декабрда 474-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат-тижорат Халқ банки уставининг 29-бандида банкнинг ҳудудий бошқармалари ва бўлинмалари раҳбарлари республика давлат-тижорат Халқ банки бошқаруви томонидан тайинланиши кўрсатилган.
М. Республика Давлат-тажорат Халқ банки бошқаруви раисининг буйруғи билан Халқ банки туман бўлинмаси бошқарувчиси лавозимидан озод қилинган бўлсада, биринчи инстанция суди ишни кўришда Республика давлат-тижорат Халқ банки бошқаруви вакилини жавобгар сифатида ишга жалб қилмасдан, Фуқаролик процессуал кодексининг 314-моддасида кўрсатилган ҳал қилув қарорининг бекор қилинишига асос бўладиган хатоликка йўл қўйган ва шунга кўра апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш ҳақида қонуний хулосага келган1.
3) Мерос мулкка бўлган ҳуқуқ ҳақидаги низоларни кўришда суд барча ворисларни ишда иштирок этишга жалб қилиши лозим.