III-БЎЛИМ. СУД ҚАРОРЛАРИ УСТИДАН ШИКОЯТ БЕРИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА КЎРИШ
36-боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
310-м о д д а. Суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли
эканлигини текшириш ҳақида мурожаат
қилиш ҳуқуқи
Ишда иштирок этувчи шахслар суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақидаги шикоят (ариза) билан қонунда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақлидирлар.
Прокурор муайян ишда иштирок этган-этмаганлигидан қатъи назар, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан ўз ваколатлари доирасида протест келтиради.
Ўзи чиқарган ҳал қилув қарори (ажрими), қарори бекор қилинишидан рози бўлмаган судья назорат тартибида протест билдириш ҳақида тақдимнома киритишга ҳақли.
1. Фуқаролик процессуал қонунларни татбиқ этишда, процессда иштирок этувчи манфаатдор шахсларга процессуал принциплар асосида иш тутишларини қонун тақозо этади.
Фуқаролик жараёнининг демократик принциплари суд фаолиятида асосли, қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорларнинг чиқарилишини таъминлашга қаратилгандир.
Фуқаролик суд ишларини юритишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари фақат биринчи инстанция судидагина эмас, балки ишлар апелляция кассация ҳамда назорат инстанцияси судларида ҳам ҳимоя қилинади. Бинобарин, агар ишнинг дастлабки судда кўрилишида қонун талабларига риоя қилинмаган, иш ҳолатларининг мураккаблиги ёки бошқа сабабларга кўра хатоларга йўл қўйилган бўлса, бундай хатолар юқори судларда кўрилиб, аниқланиши ва тузатилиши лозим.
Маълумки, судда қабул қилинган қарорлар тарафларнинг субъектив ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилади. Шу сабабли ишнинг кўрилиши натижасида норози бўлган шахслар юқори судга шикоят ёки протест билан мурожаат қилиб, ишнинг текширилишини илтимос қилишлари мумкин. Юқори судлар ўз навбатида биринчи инстанция тариқасида иш кўрган судларнинг қабул қилган қарорлари қанчалик тўғри ва асосли бўлганлигини текширишга мажбур. Шунинг учун ҳам юридик адабиётларда айрим ҳолларда ишни апелляция, кассация, назорат тартибида қайта кўриш (текшириш) деб ҳам юритилади.
2. Мазкур қоиданинг ўз кучини йўқотган 1963 йилги ГПКдан фарқи шундаки, бунга кўра, суднинг ҳар қандай ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорлари қонуний, асосли бўлиши лозимлиги тўғрисидаги қоидаларга қўшимча равишда улар, шунингдек, адолатли ҳам бўлишлиги ҳақида кўрсатиб ўтилган. Бундай сўзни киритилишига асос бўлиб ҳал қилув қарорини чиқаришда судья қонунни тўғри тадбиқ қилиши, талабни мавжуд далиллар билан исботлаган ҳолда ҳал қилув қарори чиқарилса-да манфаатдор шахс бу қарордан норози бўлиши мумкин, масалан, фуқаро “А” фуқаро “Б” га нисбатан томорқа еридаги экинларини унинг қора моллари пайҳон қилганликлари туфайли келтирилган моддий зарар экспертнинг хулосасига кўра, юз минг сўм билан икки юз минг сўм ўртасида эканлиги кўрсатилса-да, суд “Б” дан йигирма минг сўм ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарорини адолатсиз деб ҳисоблаб, келтирилган моддий зарарни юз минг сўмдан ошмаслигини асослаб беради.
3. Прокурор ФПКнинг 46-моддасига мувофиқ, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, қонунда прокурорнинг бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган ишни кўришда бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурорнинг қатнашишини зарур деб топган ҳолларда фуқаролик ишини кўришда, шунингдек прокурорнинг аризаси билан қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт.
Мазкур қоидада прокурор муайян ишда иштирок этган-этмаганлигидан қатъи назар суднинг қарорлари устидан ўз ваколати доирасида протест келтиришга ҳақли эканлиги тўғрисидаги қоидага кўра юқори турувчи прокурорларни назарда тутилишини инобатга олиш зарур.
4. Ушбу шарҳланаётган модданинг учинчи қисми фуқаролик процессуал қонунчилигида мутлақо янги қоида бўлиб, бу фақат бизнинг процессуал қонунчилигимизда ўз ифодасини топган. Бунга кўра, агар судья ўзи чиқарган ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни юқори судлар томонидан бекор қилинганлигидан рози бўлмаган ҳолларда юқори судларга мурожаат этиб, ушбу қарор устидан назорат тартибида протест келтириш ҳақида тақдимнома беришга ҳақли эканлиги белгиланган.
Бу қоиданинг муҳимлиги шундаки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар жадал суръатлар билан ўтказилаётган бир пайтда, одил судловни амалга оширишда хизмат қилаётган судьяларнинг юқори судлар томонидан кўрилган ишларни бекор қилинишига бефарқ бўлмасликлари ва одил судловни амалга оширишда фаол иштирок этишларидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |