24-боб. ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ
248-м о д д а. Даъвони таъминлаш асослари
Суд (судья) ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан даъвони таъминлаш чораларини кўриши мумкин. Даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суд чиқарган ҳал қилув қарорининг ижросини қийинлаштирса ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйса, даъвони таъминлашга йўл қўйилади.
Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси тарафининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризасига биноан ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги суд томонидан кўрилиши мумкин. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага даъвонинг ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар, ҳакамлик судининг даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги ажрими илова қилинади.
Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани суд томонидан кўриб чиқиш ва даъвони таъминлаш ҳақида ажрим чиқариш ушбу Кодекснинг 249-258-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
1. Даъвони таъминлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни суд процессининг ҳамма босқичларида амалга ошириш мумкинлиги мазкур қоиданинг мазмунидан англаш мумкин.
Умумий қоида бўйича даъвони таъминлаш чораси даъво қўзғатилганидан сўнггина кўрилади. Бу қоидадан айрим истиснолар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодекси қоидалари билан белгиланган бўлиб, баъзи шароитларда ҳали қўзғатилмаган даъволарни ҳам таъминлаш чоралари кўрилиши назарда тутилади. Жумладан, шу Кодекснинг 57-277-моддаларида кўрсатилишича, жиноят орқасида моддий зарар етказилганлиги тўғрисида етарли маълумотлар бўлган тақдирда терговчи, прокурор суриштирувчи шахс судда қўзғатилган ёки келажакда қўзғатилиши мумкин бўлган фуқаролик даъвосини таъминлаб қўйиш чорасини кўришга мажбур. Масалан, шахсий автомашинанинг эгаси томонидан бировга шикаст етказилганида ёки у бировнинг ўлимига сабабчи бўлганида, келгусида ўзига нисбатан фуқаролик даъвоси қилинишини назарда тутиб, жамғарма банкидаги пулларини олиши, уйидаги қимматбаҳо буюмларни беркитиши мумкинлигини кўзда тутиб, терговчи жиноят содир бўлганидан хабардор бўлган замон дарҳол, ҳам кечиктирмасдан келажакда қўзғатилиши мумкин бўлган даъвони таъминлаш чорасини (бу тўғрида арз бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар) ўз ташаббуси билан кўриши лозим.
Юқорида келтирилган қонунларга асосланиб чиқариладиган қарорнинг ижро этилишини таъминлаш учун суд ва бошқа ваколатли орган томонидан чора кўрилишига даъвони таъминлаш деб айтилади.
Фуқаролик даъвосини таъминлаш, чунончи: даъвогарга тегишли ҳақнинг келгусида ундирилишини таъминлаш юзасидан бундай чоранинг белгиланиши-жавобгарнинг ноинсоф ҳаракатига қарши бўлиб, даъвогарнинг манфаатини ҳимоя қилиш учун зарур.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим суднинг ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро қилинади.
2. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза турлича бўлиши мумкин, шунинг учун судья ишнинг ҳолатига қараб, даъвони таъминлаш чораларини кўриши керак. Даъвони таъминлаш чораларини кўришда суд нафақат даъвогарни шу билан жавобгарнинг ҳам қонуний манфаатларини бузилмаслик чораларини кўриш даркор, чунки асоссиз таъминланган даъво натижасида жавобгар тегишли мулкни эгалик қилиш, бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ҳамда шу ҳаракат туфайли жавобгар моддий ва маънавий зарар кўриши мумкин. Шунинг учун суд даъвони таъминлашда ҳар иккала тарафнинг манфаатларини бузилмаслик суднинг эътиборида бўлиши лозим.
Суд амалиётида аксарият ҳолларда даъвони таъминлаш учун ариза даъвогар томонидан берилади, айрим ҳолларда эса жавобар ҳам ариза билан мурожаат этиши мумкин, масалан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларда даъвогар ихтиёрида бўлган айрим мол-мулкларни яшаришга оид ҳаракатларни олдини олиш мақсадида қўлланиладиган чораларидир. Шунинг учун суд даъвони таъминлаш чораси ҳақида қайси тараф ариза берганлигидан қатъи назар унинг асосли эканлигини суд текшириши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |