Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қароридан кўчирма:
1) Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни ундириш турли шакллардаги мулкнинг дахлсизлигини таъминлашда, давлат ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, айрим судлар ҳар доим фуқаровий даъвони таъминлаш чораларини кўрмайдилар, тергов органлари томонидан мол-мулкни ўз вақтида хатламаслик ҳолатига баъзан тегишли муносабат билдирмайдилар, зарарнинг миқдори ва хусусияти тўғрисидаги далилларни тўлиқ текширмайдилар, фуқаровий даъволарни етарли асосларсиз кўрмасдан қолдирадилар, жиноят оқибатида қўлга киритилган маблағ эвазига зарарни қоплаш масаласини ҳамма вақт ҳам муҳокама этмайдилар. Фуқаровий даъво қўзғатилмаган ҳолларда етказилган мулкий зарарни ундириш масаласини ўз ташаббуси билан ҳал қилмайдилар, биргаликда содир этилган ҳаракатлар натижасида зарар етказган шахсларнинг солидар жавобгарлиги ҳақида қонун талабларининг бузилишига йўл қўймоқдалар. Зарарни келтириб чиқарувчи жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ишлари етарли даражада олиб борилмаётир2.
2) Жиноят процессида фуқаровий даъво қўзғатмаган, шунингдек, даъво кўрмасдан қолдирилган шахслар уни фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида қўзғатишга ҳақлидирлар3.
3) Судларнинг эътибори мазкур тоифадаги ишлар бўйича ҳукм чиқаришда фуқаролик даъвоси ҳал этилиши зарурлигига қаратилсин. Айни вақтда шуни назарда тутиш лозимки, соғлиққа оид жиноятлар бўйича давлат бюджетига тўланмаган солиқ миқдорида етказилган моддий зарар суммасини ундириш билан биргаликда, айбдордан солиқ қонунчилигида белгиланган миқдорда пенья ва жарима ундириш ҳақида фуқаролик даъвоси киритилиши мумкин.
Фуқаролик даъвосининг қаноатлантириш тўғрисида хулосага келганда, суд ўз ҳукмида маҳкумдан ундирилиши лозим бўлган пул суммаси миқдорини, тўланмаган солиқ ва бошқа мажбурий тўлов турига қараб, ушбу сумма ундирилиши лозим бўлган тегишли давлат бюджети (республика, маҳалла) номини кўрсатиши керак.
Тушунтирилсинки, солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноят ишлари ЖПКнинг 84-моддасида кўрсатилган асосларга кўра тугатилган тақдирда, мазкур тўловлар тўланмаганлиги оқибатида етказилган зарарни ундириш масаласи фуқаролик даъво ишларини юритиш тартибида ҳал қилинади1.
Суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
4) М.Н. Наманган вилоят молия бўлимига нисбатан қонунга қилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортилганлиги натижасида етказилган моддий зарар учун 10.600110 сўм ва маънавий зарар учун 10.000.000 сўм ундириш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилган.
Суд даъвони қисман қаноатлантириб, Наманган вилоят молия бошқармасидан М.Н. фойдасига моддий зарар учун 4.000.000 сўм, жами 5.267.558 сўм ундирган.
Кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳал қилув қарорининг зарарни молия бошқармасидан ундиришга оид қисмини ўзгартирди.
Иш ҳужжатларига қараганда, М.Н. 1995 йил 5 август куни вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 80-моддаси, 6, 8-бандлари ва 204-моддаси иккинчи қисми билан (эски таҳрирда) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилиб, 1998 йил 6 ноябрь кунига эхтитёт чораси тариқасида қамоқда сақланган. Суд 1998 йил 6 ноябрда М.Н.га нисбатан оқлов ҳукмини чиқариб, қамоқдан озод қилган.
ФКнинг 991-моддасига мувофиқ, қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, жиноий жавобгарликка тортиш, эхтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланилиши натижасида фуқарога етказилган зарар суруштирув, дастлабки тергов, пркуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар давлат томонидан тўла хажмда тўланади. Ушбу модда мазмунига кўра, бу ҳолда жавобгарлик давлат органларига эмас, бевосита давлатнинг ўзига юклатилади ва етказилган зарар давлат бюджетидан ундирилади.
Биринчи инстанция суди мазкур иш юзасидан зарар суммалари-ни давлат бюджетидан ундириши лозим бўлсада, қонун нормаларига зид равишда ишда жавобгар сифатида қатнашган Наманган вилоят молия бошқармасидан ундирган1.
5) Жиноят процессуал кодексининг 57-моддасига мувофиқ жабрланувчи, яъни жиноят туфайли маънавий зарар кўрган шахс, жиноят иши юритилиши жараёнида маънавий зарарни қоплаш ҳақида фуқаролик даъвосини қўзғатиш ҳуқуқига эга.
Агар жиноят иши кўрилаётганда маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво арз қилинмаган ёки ҳал этилмаган бўлса, ФПКнинг 245-моддасига мувофиқ, бундай даъво фуқаролик ишини юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
Реабилитация этилганнинг маънавий зиённи ундиришга бўлган ҳуқуқи оқлов ҳукми чиқарилганидан ёки жиноят ишини тугатилганидан кейин вужудга келишлигини назарда тутиш лозим. (ЖПК 302, 306, 309 ва 310 моддалари). Реабилитация этилганга етказилган маънавий зиёнини ундириш ҳақидаги даъво фуқаролик иш юритиш тартибида кўрилади (ФКнинг 1021-моддаси)2.
Do'stlaringiz bilan baham: |