20-боб. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ АЖРИМЛАРИ
237-м о д д а. Суд ажримини чиқариш
Биринчи инстанция судининг ишни мазмунан ҳал қилинадиган қарорлари ажрим шаклида чиқарилади.
Ажримлар суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ушбу Кодекснинг 14 ва 207-моддаларида белгиланган тартибда чиқарилади ва ишга қўшиб қўйилади.
Мураккаб бўлмаган масалалар ҳал этилганида суд ўз жойида ажрим чиқариши мумкин. Бундай ажрим суд мажлисининг баённомасига киритилади. Ажримлар чиқарилиши билан дарҳол эълон қилинади.
1. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, агар биринчи инстанция судининг ишни мазмунан ҳал қиладиган қарори ҳал қилув қарори шаклида чиқарилса (ФПКнинг 203-моддаси), суд ажрими деб биринчи инстанция суди томонидан айрим хусусий масалалар юзасидан, шунингдек апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан шикоят ва протестлар юзасидан чиқариладиган қарорга айтилади.
Биринчи инстанция суди томонидан чиқариладиган ажримлар, қоида бўйича, судьянинг ёлғиз ўзи томонидан тарафларни чақирмай, суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилади. Иш суд мажлисида судья ёки суд ҳайъати тартибида кўрилаётган ажримларни суд ҳайъати чиқаради. Бундай ҳолларда тарафларнинг, шунингдек ишда иштирок этувчи прокурорнинг фикрлари эшитилади, бошқача айтганда, тарафларнинг тортишувчилик ва тенг ҳуқуқлилик принципларига риоя қилинади.
Ишнинг мазмунига қараб, ажрим чиқариш тартиби тўғрисидаги масала, яъни суд қандай ҳолларда алоҳида хона (маслаҳатхона)га кириб айрим суд ҳужжати сифатида ва қандай ҳолларда суд мажлисининг ўзида ажрим чиқарилиши ва унинг мазмунини баённомага ёзиш масаласи ФПКнинг 14-моддасида белгиланган тартибда чиқарилади ва ишга қўшиб қўйилади. Суд ҳайъат таркибида айрим ҳужжат тарзда ажрим чиқариб, масалани ҳал қилганда раислик қилувчигина эмас, балки барча судьялар ҳам иштирок этадилар ва имзо чекадилар.
Шуни айтиб ўтиш керакки, қийин масалаларни судья (суд) алоҳида хона (маслаҳатхона)га кирмай ҳал қилиши мазкур масалаларга жиддий эътибор бермаганлигини кўрсатади, бу эса, суднинг обрўйини кетказади. Шунинг учун ҳам кўриладиган масаланинг моҳияти, мазмуни, туркумига қараб асослантирилиши лозим бўлган ажримлар биринчи инстанция судининг суд мажлисида, суднинг айрим ҳужжати сифатида ёзилади.
Бошқа ажримлар ҳаммаси, масалан, суд мажлисини бошқа кунга қолдириш, далилларни текшириш тартибини белгилаш, қўшимча далиллар талаб қилиб олиш ва бошқа масалалар тўғрисидаги ажримлар суд томонидан ишнинг ҳолатига қараб, ё юқорида кўрсатилган тартибда ёки алоҳида хона (масалақатхона) га кирмай мажлиснинг ўзидаёқ кенгашиб, айрим ҳужжат сифатида эмас, балки суд мажлисининг баённомасига ёзиш йўли билан чиқарилади.
Иш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейинги ажримлар масаласига келсак, бундай ажримлар ҳамма тарафлар хабардор қилиниб, суд мажлисида албатта судья, суд ҳайъати томонидан имзоланиб, алоҳида хона (маслаҳатхона)да чиқарилади.
Суднинг ҳал қилув қарори сингари суд ажрими ҳам ҳал қилинадиган масалалар юзасидан тўла ва асосли, муфассал ва асослантирилган бўлиши, равшан ифодаланиши керак. Ҳал қилув қарори каби ажрим ҳам тўрт қисмдан иборат бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |