201-боб. БУЙРУҚ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ
2381-м о д д а. Суд буйруғи асосида қарзни ундириш
Суд буйруғи ундирувчининг пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ёки кўчар мол-мулкни низосиз талаблар бўйича қарздордан талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья судда ишни кўрмасдан чиқарган ҳужжатдир.
Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ва суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шарҳланаётган моддада суд буйруғининг тушунчаси ва унинг ижро ҳужжати сифатида тутган ўрни ўз ифодасини топган.
1. Суд буйруғи фуқаролик ишлари бўйича суд қарорларининг мустақил тури ҳисобланиб, буйруқ тартибида иш юритишнинг якуни бўйича чиқарилади. Суд буйруғи биринчи инстанция судлари томонидан бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни соддалаштирилган тартиб-таомиллар асосида ҳимоя қилишни назарда тутади. ФПКнинг 18-моддасига кўра, кўрилаётган ва ҳал этилаётган масалалар бўйича суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади. Бундан кўриниб турибдики, суд буйруғи на ажрим ва на суд ҳал қилув қарори сифатида кўрсатилмаган. Суд буйруғи суд қарорларининг алоҳида тури сифатида эътироф этилмоқда. Суд буйруғи ўзининг таркибий қисми, тузилиши ва мазмун-моҳияти билан одил судлов ҳужжати ҳисобланган суд ҳал қилув қарорларидан жиддий фарқ қилади. Бинобарин, буйруқ тартибидаги ишлардан ташқари бошқа барча суд ишларини юритиш турларида фуқаролик ишлари суд мажлисида мазмунан кўрилиши ҳамда ҳал қилиниши, одил судлов ҳужжати сифатида ҳал қилув қарори чиқарилиши мумкин бўлади. Суд буйруқлари ўзига хос бўлган қуйидаги белгилари билан суд қарорларидан фарқланади:
Биринчидан, суд буйруғи ишни мазмунан кўрмасдан, мавжуд ёзма ҳужжатлар асосида чиқарилади. Судья ушбу ҳолатда гувоҳ кўрсатмаларини, эксперт хулосаларини текширмайди, тарафларнинг тушунтиришлари ва учинчи шахсларнинг баёнотларини эшитмайди.
Иккинчидан, буйруқ тартибида иш юритиш жараёнида тарафлар сифатида ундирувчи ва қарздор эътироф этилади.
Учинчидан, суд буйруғи фақат қонунда белгиланган асослар (ФПКнинг 2382-моддаси) мавжуд бўлгандагина чиқарилади. Суд буйруғи низосиз талаблар юзасидан чиқарилиб, қонунда белгиланмаган асослар юзасидан чиқарилиши мумкин эмас.
Тўртинчидан, суд буйруғини чиқариш учун қатор шартлар мавжуд бўлиши талаб этилади. Биринчи шарт шундан иборатки, ундирувчи суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан бирга қарздорнинг ўз зиммасига олган мажбуриятини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Иккинчи шарт, тақдим этилган ҳужжатлар ишнинг моҳиятини ўзида тўлақонли акс эттириши лозим. Учинчи шарт, низо мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.
Бешинчидан, суд буйруғи ижро ҳужжати ҳисобланиб, суд ҳужжатларини ижро этиш учун қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади1.
Умумий қоидага мувофиқ, биринчи инстанция судлари томонидан суд буйруғи судьянинг якка ўзи томонидан чиқарилади.
Буйруқ тартибида иш юритишда даъвогар ва жавобгар иштирок этмайди, балки қарама-қарши тарафлар қарздор ва ундирувчи деб эътироф этилади. Буйруқ тартибида иш юритиш қарздор томонидан ўзининг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини амалга оширувчи ундирувчининг ташаббуси билан қўзғатилади. Шу мазмундаги аризалар билан ундирувчининг номидан қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончнома асосида унинг вакили мурожаат қилиш ваколатига эга бўлади (ФПКнинг 53, 54-моддалари).
ФПКнинг 46-моддаси талабларига мувофиқ, суд буйруғини чиқариш ҳақидаги ариза билан прокурор ҳам мурожаат қилиши мумкин. Лекин Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги “Прокуратура тўғрисида”ги (янги таҳрири) Қонунининг 26-моддаси талабларига кўра, прокурор фуқаро соғлиғи, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмасагина, фуқаро манфаати юзасидан суд буйруғи чиқариш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 4-сонли қарорида ҳам тушунтириш берилган бўлиб, унга кўра, прокурор фуқаро соғлиғи, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмасагина, фуқаро манфаати юзасидан суд буйруғи чиқариш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бундай ҳолда, суд буйруғи чиқариш ҳақидаги прокурорнинг аризасига арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари, фуқаронинг судга мурожаат қила олмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам илова қилиниши лозим (Пленум қарорининг 4-банди). Шундай қилиб, буйруқ тартибида иш юритиш, қачонки пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ёки кўчар мол-мулкни қарздордан талаб қилиб олиш тўғрисидаги масала тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳамда ФПКнинг 2382-моддасида назарда тутилган низосиз талаблар бўйича чиқарилиши мумкин.
2. Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этилиши мажбурий ҳисобланади. Суд буйруғининг бошқа турдаги суд ҳужжатларидан фарқи шундаки, унинг ижро этилиши учун судья томонидан алоҳида ижро варақаси берилиши талаб этилмайди. 2001 йил 29 августдаги Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 7-моддасида ҳам суд буйруғининг ижро ҳужжати ҳисобланиши белгиланган бўлиб, судья томонидан суд буйруғи бевосита суд ижрочиларига ижро қилиш учун юборилади. Суд буйруғи бўйича ундирув суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |