217-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши
Суднинг ҳал қилув қарори, агар унинг устидан шикоят берилмаган ёки протест келтирилмаган бўлса, апелляция шикояти бериш ва протест келтириш муддати ўтганидан кейин қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти берилган ёки апелляция шикояти келтирилган тақдирда, ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори инстанция суди кўриб чиққанидан кейин қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тарафлар ва ишда иштирок этган бошқа шахслар, шунингдек уларнинг ҳуқуқий ворислари судга ўша талаблар билан, ўша асослар бўйича янгидан арз қилишлари, шунингдек, бошқа процессда суд аниқланган фактлар ва ҳуқуқий муносабатлар ҳақида низолашишлари мумкин эмас.
Агар иш судда ушбу Кодекснинг 5-моддасида назарда тутилган тартибда прокурор ва давлат бошқаруви органи, ташкилот ёки айрим фуқаролар томонидан бошланган бўлса, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори иш кимнинг манфаатини кўзлаб қўзғатилган бўлса, ана шу шахс учун мажбурийдир. Агар жавобгардан даврий тўловлар (алиментлар, соғлиққа шикаст етказилганда кўрилган зарарни қоплаш ёки ўлганлик билан боғлиқ тўловлар ва ҳоказолар) ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кецин тўловлар миқдори ёки муддатини белгилашга таъсир этувчи ҳолатлар жиддий равишда ўзгарса, ҳар бир тараф янгидан ариза бериш йўли билан тўловларнинг миқдорини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.
1. Фуқаролик ишлари юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорнинг қанчалик адолатли, қонуний ва асослантирилган бўлиши манфаатдор шахслар томонидан берилган апелляция шикояти (протести)да кўрсатилади.
Агар иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан белгиланган муддат ичида шикоят берилмаган, протест келтирилмаган тақдирда, у қонуний кучга киради, қонунда кўрсатилган ҳолларда, дарҳол қонуний кучга кириши белгиланган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция тартибида кўрилган ишлар дарҳол қонуний кучга кириши қонунда ўз ифодасини топган.
Агар апелляция шикояти (протести) фуқаролик иши юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорининг бир қисмига нисбатан берилган тақдирда ҳам ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмайди.
Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори тарафлар учун мажбурийдир. Суднинг ҳал қилув қарори тарафлар учун ҳам, бошқа барча судлар учун ҳам, шунингдек давлат ҳокимияти органлари ва бошқармалари ҳамда мазкур ишга алоқадор барча фуқаролар учун ҳам мажбурийдир. Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қатъий белгилайди, тарафлар ўртасида низога барҳам беради ва қонуний кучга эга бўлади. Ҳал қилув қарорининг кучга кириши муайян ҳуқуқий оқибатларга, чунончи: мустаснолик, рад қилиб бўлмаслик, ижронинг муқаррарлиги каби оқибатларга сабаб бўлади.
Рад қилиб бўлмаслик шундан иборатки, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини рад этиб бўлмайди, тарафлар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қила олмайдилар. Шу тартибда прокурор ҳам апелляция протести бера олмайди.
Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори қонун сингари барқарор бўлиши керак. Суд қарори устидан кўп марта шикоят қилиш йўли билан уни рад қилиш мумкин бўлганда эди, қарорнинг мазкур хусусияти бузилган бўлар эди.
Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш билан бирга низони судда қайта-қайта текшириш мумкин бўлганда эди, ҳал қилув қарори барқарор ва муайян бўлмас эди, ҳолбуки аксарият фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари ҳал қилув қарорининг барқарор ва муайян бўлишини талаб қилади. Бу дегани қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини суд назорат тартибида бекор қилиш мумкин эмас, деган хулосага келмаслик керак. Бироқ, бундай бекор қилиш алоҳида ҳоллардагина мумкин, яъни тарафларнинг тўғридан-тўғри берган шикояти бўйича эмас, балки ҳал қилув қарорини назорат тартибида кўриш қоидалари асосида йўл қўйилади.
Демак, ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши уни рад қилиб бўлмаслигидан далолат беради, чунки у давлат номидан мажбурлаш кучига эга бўлиб, илгари низоли деб қаралган фуқаролик иши эндиликда суд қарорига асосан низони ҳал этилганлигини уни ижро қилиш лозимлигини билдиради.
Суднинг ҳал қилув қарорига ўз вақтида апелляция шикояти, апелляция протести келтирмаслиги туфайли қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори уйидан берилган ишкоят (протест) кўрилмайди ва суд лозим топган ҳолларда манфаатдор шахсга қайтарилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |