206-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг мазмуни
Ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.
Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарори чиқарилган вақт ва жой, ҳал қилув қарори чиқарган суднинг номи, судьянинг фамилияси (суд таркиби), суд мажлисининг котиби, тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришлари кўрсатилади.
Ҳал қилув қарорининг баён қисмида даъвогар талаби, жавобгарнинг эътирозлари ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришлари кўрсатилиши керак.
Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари, ишни ҳолатлари тўғрисидаги суд хулосаларига асос бўлган далиллар, суд у ёки бу далилни рад қилишда асосланган хулосалар, суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилмоғи лозим. Агар жавобгар арз қилинган талабни тан олса, асослантириш қисмида фақат арз қилинган талабнинг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилиши мумкин.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суднинг арз қилинган талабларини қаноатлантириш ёхуд бутунлай ёки қисман рад этиш тўғрисидаги хулосаси, суд харажатларининг тақсимланиши, ҳал қилув қарорлари устидан шикоят бериш муддати ва тартиби кўрсатилиши лозим.
1. Ўзбекистон Республикасида кўрилган фуқаролик ишлари юзасидан суд Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарган ҳал қилув қарорида тарафлардан бирининг маълум ҳуқуқини ва иккинчи тарафнинг маълум мажбуриятини эътироф қилади ва шунга биноан қарор қилади.
Суднинг ҳал қилув қарори қисқа, шу билан бирга масаланинг ҳамма томонларини ўз ичига олиши ва равшан бўлиши керак. Суднинг қандай факт ва далилларга биноан хулоса чиқарганлиги, у ёки бу қонунни татбиқ қилганлиги ва суднинг иш юзасидан қандай қарор чиқарганлиги ҳал қилув қарорининг мазмунидан кўриниб туриши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан берилган қатор тушунтиришларда суд ҳал қилув қарорини ёзганда масаланинг ҳамма томонини ўз ичига оладиган қилиб ёзиш зарурлиги қайта-қайта кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 17 апрелдаги «Суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида»ги Пленум қарорида суд томонидан аниқланган барча ҳолатларни, суднинг шундай қарор чиқаришига асос бўлган далилларни ва суд амал қилган қонун моддаларини аниқ кўрсатиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилган.1
Суднинг ҳал қилув қарорида шундай асослар бўлиши керакки, суд даъво талабларини қаноатлантирганда ёки даъвони рад қилганда нимага амал қилганлиги ва суднинг нима учун бир хил исботларни тўғри деб топганлиги ва иккинчи бир хил исботларни рад қилганлиги равшан кўриниб турсин. Ҳар бир ҳал қилув қарори аниқ бўлиши учун тўрт қисмдан: кириш, баён қилиш, асослантириш ва қарор қисмларидан иборат бўлишлиги қонунда белгиланган (ФПКнинг 206-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |