177-м о д д а. Ишни кўришни кейинга қолдириш
Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек муайян суд мажлисида ишни кўришнинг имкони бўлмаган бошқа ҳолларда суд ишни кўришни кейинга қолдиради.
Суд ишни кўришни кейинга қолдирар экан, навбатдаги суд мажлисининг вақтини белгилайди ва бу ҳақда ҳозир бўлган шахсларга эълон қилиб, уларнинг имзосини қўйдириб олади. Судга келмаган ва процессда иштирок этишга янги жалб қилинадиган шахслар навбатдаги суд мажлисининг вақти тўғрисида чақирув қоғози орқали хабардор қилинади.
Кейинга қолдирилган ишни кўриш қолган жойидан давом эттирилади. Бироқ, агар иш ушбу Кодекснинг 33-моддасида санаб ўтилган янги шахсларни жалб қилиш учун кейинга қолдирилган бўлса, ишни кўриш янгидан бошланади.
1. Фуқаролик ишларини судда кўриш бошланган процессда тўлиқ якунланмаслиги мумкин. Бунга асос бўлиб турли объектив сабаблар процесснинг маълум қисми ўтгандан кейин иш юритилиши бошқа кунга ўтказилади. Суднинг бундай ҳаракатини процессуал қонунчилигида иш кўришни кейинга қолдириш дейилади.
Иш кўришни кейинга қолдириш учун қонунда кўрсатилган ёки суд томонидан иш кўришни давом эттириш учун объектив сабаблар (тарафлардан бирини иштирок этмаслиги, ишда иштирок этиши лозим бўлган шахсларнинг, шунингдек, гувоҳнинг процессда қатнашишини лозим деб топилиши далилларни талаб қилиш ва ҳоказо)га кўра қолдириш масаласи ҳал этилади.
Иш кўришни кейинга қолдириш, фуқаролик иши юзасидан ҳал қилув қарорини чиқармасдан қонунда кўрсатилган ёҳуд суд томонидан амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлардир. Судья иш кўришни кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради, унда фуқаролик ишини шу процесснинг ўзида қарор чиқаришнинг иложи бўлмаслигини кўрсатиб, манфаатдор шахс қандай процессуал ҳаракатларни амалга ошириши, уни бажариш вақти, шунингдек суд мажлиси қайси кун, соатда яна давом этиши ҳақида батафсил кўратилган бўлиши лозим.
Суд ФПКнинг 166-моддасида кўрсатилган ҳолларда ҳам иш кўришни қолдириши ҳақида ажрим чиқаради.
2. Юқорида баён этилганидек, суд иш кўришни қолдиришда навбатдаги бўладиган суд мажлисининг вақти ҳақида ажримда аниқ кўрсатилишидек процессуал ҳаракатларни иш кўришликни маълум вақтга танаффус эълон қилинишидан фарқлаш лозим.
Иш кўришни қолдиришда суд мажлисига ҳозир бўлган шахслар суд мажлиси қайси кунга ва вақтга қолдирилганлиги эълон қилиниб, уларнинг имзоси қўйдириб олинади. Иш кўришни қолдириш кейинчалик яна қайта тикланганда (давом этганда) зарур ҳолларда суд мажлиси тайёрлов қисмидан бошланади. Иш кўриш вақтида маълум муддатга танаффус эълон қилинганда эса, иш кўриш узилган жойидан тикланади ва давом этаверади. Агар олдинги суд мажлисига келиши лозим бўлган шахслар келмаган тақдирда улар навбатдаги суд мажлисининг вақти тўғрисида чақирув қоғози орқали хабардор қилинишлари лозим.
3. Кейинга қолдирилган фуқаролик ишини қайта бошлаш суд мажлисига жалб этилган янги шахсларга боғлиқ бўлади. Умумий қоида бўйича кейинга қолдирилган ишни кўриш қолган жойидан бошланади.
Шарҳланаётган ушбу қонунга кўра, агар ишга ФПКнинг
33-моддасида кўрсатилган шахсларнинг иштирокида кўриш лозим бўлса ва улар олдинги суд мажлисида иштирок этмаган бўлсалар суд ишни кўришни янгидан бошлаши лозим.
Ушбу масала бўйича суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
1) Айбдор шахсларнинг мол-мулкини хатлаш мулкий зарар қопланишини таъминлашнинг муҳим шаклларидан ҳисобланади. Иш материалларида мол-мулк рўйхатининг йўқлиги мулкий зарарни қоплаш тўғрисидаги масалани кўрмасдан қолдиришга асос бўла олмайди, чунки бундай мол-мулк ҳукм ижроси жараёнида ҳам аниқланиши мумкин. Шу билан бирга, судлар хусусий ажрим чиқариш йўли билан суриштирув ва тергов органлари томонидан айбдор шахсларнинг мол-мулкини хатлаш чорасини кўрмаганлиги ёки ўз вақтида кўрмаганлиги тўғрисидаги ҳар бир ҳолатга муносабат билдиришлари лозим.1
2) Ишнинг кўрилиши бошқа вақтга қолдирилаётган муҳлат эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини ва уларни яшаб кетиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.
Оилани сақлаш манфаатида суд иккинчи марта ишни кўришни қолдиришга ва эр-хотинни ярашиши учун қонунда кўрсатилган, олти ойгача бўлган муҳлатни белгилашга ҳақли.
Аниқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд эр-хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, уларга ярашишлари учун берилган муҳлатни ўзгартиришга ва бу муҳлат ўтгунга қадарли ишни кўришга ҳақли.
Ярашиш учун муҳлат беришлик ҳақидаги ажрим, иш ҳолатлари текширилганидан ва судга мурожаат қилишга олиб келган ҳақиқий асослар аниқланганидан кейин чиқарилади.2
Do'stlaringiz bilan baham: |