117-м о д д а. Шикоятни кўриш билан боғлиқ чиқимларни
тақсимлаш
Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳал қилув қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризани кўриш билан боғлиқ чиқимлар суд томонидан, башарти суд фуқаронинг шикояти ёки аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарса, ана шу фуқаронинг зиммасига ёки, агар органлар ёки мансабдор шахс хатти-ҳаракатларининг ғайриқонунийлигини аниқлаган бўлса, ана шу орган ёки мансабдор шахс зиммасига юклаши мумкин.
1. Фуқаролик ишларини судда кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимлар иш юритиш турларига қараб ундирилади.
Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари буйруқ тартибидаги, даъво тартибидаги ишларни, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар бўйича ишларни ҳамда алоҳида тартибда юритиладиган ишларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини белгилайди.
Қонунда белгиланганидек, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракат (қарор)лари устидан бериладиган шикоятларга оид ишлар судлов тўғрисидаги қоидаларга амал қилган ҳолда ўзининг яшаб турган жойидаги судга ёки давлат органи ёки мансабдор шахснинг иш жойи жойлашган ҳудуддаги судга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар юзасидан шикоят бериш билан боғлиқ бўлган ишларни юритиш ФПКнинг 27-боби 269-272-моддаларида белгиланган қоидалардан иборат. Булардан ташқари 1995 йил 30 августда қабул қилинган «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонун1 ҳамда “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумининг 1996 йил 19 июлидаги қарори билан тартибга солинади2. Бу ҳуқуқий меъёрларда шикоят қилиш учун асослар ва бошқа қоидалар ўз ифодасини топган. ФПКнинг 269-моддасида шу туркумдаги ишлар юзасидан шикоят бериш тартиби кўрсатилган. Унга кўра фуқаро ўзининг ҳуқуқларини ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга, мансабдор шахсга мурожаат қилишга ҳақли. Агар юқори идора, мансабдор шахс шикоятни бир ой муддатда кўриб чиқмаса ёки шикоятга рад жавобини олса, фуқаро шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоа бирлашмалари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракат (қарор)лари устидан бериладиган шикоятлар ФПКнинг 148-149-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилиши ва Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги қарорида белгиланган тартибда давлат божи ундирилиши юқорида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1996 йил 19 июлдаги Пленуми қарорининг 12-бандида берилган.
Иш юритишнинг бу турига кўра, ариза ва шикоятни кўриш билан боғлиқ чиқимлар қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда шикояти рад этилган шахсдан ундирилади. Бордию, органлар ёки мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларининг ғайриқонунийлиги суд томонидан аниқланган тақдирда, суд ана шу орган ёки айбдор мансабдор шахсдан ундириш масаласини ҳал этади.
Шикоятни кўриш билан боғлиқ чиқимларни ундиришда суд айбдор бўлган мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериши ва шу асосида, у раҳбарлик қилган ёки қилаётган ташкилотдан эмас, балки шахснинг ўзидан ундириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш лозим.
Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳал қилув қарори) устидан берилган шикоят ва аризаларни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимларни ундиришда суд «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябр 533-сонли қарорида кўрсатилган тартибда энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида айбдор томонидан ундирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |