119-м о д д а. Суд харажатларини тарафларга қайтариш
Прокурорнинг, шунингдек бошқа шахслар ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг арз-талаблари (ушбу Кодекснинг 5-моддаси) бутунлай ёки қисман рад этилганда, жавобгарнинг суд харажатлари унга бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда қайтариб берилади.
Талабларни қаноатлантириш рад этилганида, ушбу Кодекснинг 42-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган тартибда суд томонидан жалб этилган жавобгарнинг суд харажатлари унга бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилади.
Мол-мулкни хатлашни бекор қилиш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвогарнинг суд харажатлари унга бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилади.
1. Фуқаролик процессуал қонунчилигида ҳуқуқи поймол этилган фуқаро ташкилотларга ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлишини таъкидлаш билан бир қаторда уларнинг бузилган ҳуқуқлари бошқа шахслар томонидан ҳам ҳимоя қилишлиги ушбу қоидада кўрсатиб ўтилган.
Фуқаролик суд ишлари билан боғлиқ қонунларнинг бажарилиши юзасидан прокурор назорати судлар томонидан қонуний ва асосли қарор чиқарилишида судларнинг мустақиллиги фақатгина қонунга бўйсуниш принципига қатъий риоя этган ҳолда ўз ваколатини таъминлаш билан одил судловни амалга оширишда судларга кўмаклашади. Қонунда прокурор бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, прокурор бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган ишни кўришда бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги қонунда ўз ифодасини топган (ФПКнинг 46-моддаси).
Демак, прокурор ФПКнинг 5-моддасига мувофиқ, ўз ташаббуси билан ишга киришишдан ташқари, суд ташаббуси билан (қарори) бўйича ҳам, шунингдек, қонуннинг махсус, тўғридан-тўғри кўрсатмасига биноан ҳам ишга жалб қилиниши мумкин.
Бироқ, прокурор манфаати кўзланган шахснинг ўрнига ўтмайди, бу шахс ишда даъвогар бўлганича қолади. Прокурор талаб қилувчи тарафнинг баъзи ҳуқуқларидан фойдалана олмайди, чунончи прокурор жавобгар тараф билан келишув битимини туза олмайди, прокурорга нисбатан муқобил даъво қўзғатиш мумкин эмас, прокурор суд божи тўламайди ва ҳоказо.
Маълумки, талаб қўзғатган прокурор жавобгарга қарши бўлган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилади. Аммо ишнинг судда кўрилиши натижасида талабнинг асоссизлиги аниқланса, прокурорнинг ундан воз кечиб, даъвогарнинг талабини рад қилишни суддан сўрайди ва шу билан жавобгарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган бўлади.
2. Давлат бошқаруви идоралари, қонунда кўрсатилган ҳолларда, ўзларига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида судда хулоса бериш учун ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун суднинг таклифига мувофиқ процессда иштирок этишга жалб этишлари ёки ўз ташаббуслари билан қонунда кўрсатилган ҳолларда процессда қатнашишлари мумкин.
Демак, қонун бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик процессида прокурордан ташқари яна бошқа идоралар ва шахсларнинг ҳам иштирок этишини белгилайди.
Агар прокурор ҳар қандай иш бўйича бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик процессининг иштирокчиси бўла олса, юқорида кўрсатилган идоралар, ташкилотлар ва айрим фуқаролар фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина фуқаролик процессида иштирок эта оладилар.
Юқорида кўрсатилганидек, давлат бошқарув идоралари фуқаролик процессига давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киришадилар. Процессга киришишдан мақсад давлат бошқарув идоралари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга суд идораларига холисона, қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқаришда ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади.
Прокурор, шунингдек қонунда кўрсатилган бошқа шахслар тарафларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат этган шахслар суд харажатларини тўламайдилар, бундай процессуал ҳаракатлар давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Шу туфайли шарҳланаётган қонунда, агар улар томонидан қўзғатилган иш юзасидан жавобгар томон зарар кўрган бўлса, суд харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилиши керак, агар талаб тўлиқ рад этилган бўлса, тўлиқ қаноатлантирилган бўлиши, агар қисман қаноатлантирилган бўлса даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда қайтариб берилиши керак.
3. Фуқаролик ишларини судда кўришга тўсқинлик қиладиган айрим ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ФПКнинг 249-моддасида даъвони таъминлаш учун суд «жавобгарнинг ўзида бўлган ва унга тегишли ёки бошқа шахсда турган мол-мулкни, пул суммасининг хатланиши кейинчалик эса уни суд томонидан бекор қилиш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантирилган тақдирда, даъвогарнинг шу туфайли сарф қилган суд харажатлари унга бюджет маблағлари ҳисобидан қайтариш лозимлиги белгиланган.
Давлат божини қайтариш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 108-моддаси, Солиқ кодексининг 342-моддасида кўрсатилган асосларга мувофиқ амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |