87-м о д д а. Экспертнинг ҳуқуқлари
Эксперт иш материаллари билан танишиш, ишда иштирок этаётган шахслар ва гувоҳларга саволлар бериш, жойга бориб кўздан кечиришда иштирок этишга ва эксперт сифатида ўзини қизиқтираётган ҳолатларни аниқлаш учун ўзига қўшимча материаллар беришни суддан илтимос қилишга ҳақли.
Эксперт, башарти ўзига берилган материаллар етарли бўлмаса ёки ўз зиммасига юклатилган мажбуриятни бажариш учун етарли билимга эга бўлмаса, хулоса беришдан бош тортиши мумкин.
1. Эксперт фуқаролик ишларини биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўришда, худди шундай апелляция, кассация ва назорат инстанция судларида одил судловни амалга оширишда процессуал қонунчиликда кўрсатилган қатор ҳуқуқлардан фойдаланади.
2. Эксперт, ўзини эксперт сифатида қизиқтирадиган ҳолатларни аниқлаш учун иш материаллари билан танишишга, ишда иштирок этаётган шахсларга ҳамда гувоҳларга саволлар беришга, жойни бориб кўришда иштирок этишга ва унинг қўшимча материаллар берилиши тўғрисида судда илтимос қилишга ҳақлидир.
Экспертга берилган материаллар етарли бўлмаса ёки ўз зиммасига юкланган вазифани бажариш учун етарли билимга эга бўлмаса, хулоса беришдан бош торта олади.
3. Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, холислар ва ижро ишларини юритишда мол-мулкни сақловчилар одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ҳисобланади (ФПКнинг 35-моддаси).
4. Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ўз тушунтиришларини оғзаки ёки ёзма равишда баён қилишга, ёзувлардан фойдаланишга, шунингдек ушбу Кодексда ўзларига берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидирлар (ФПКнинг 36-моддаси).
5. Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тегишли бўлган ҳақ суммалари, улар ўз вазифаларини бажариб бўлганларидан сўнг, харажат тарафлардан ундириб олинган-олинмаганидан қатъи назар, суд томонидан тўланади.
Тўлаш тартиби ва тўланиши лозим бўлган сумманинг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Экспертлар ва мутахассислар суднинг топшириғига мувофиқ бажарган ишлари учун тегишли ҳақни, бу иш уларнинг хизмат бурчлари доирасига кирмаган тақдирда, оладилар (ФПКнинг
112-моддаси).
6. Раислик қилувчи эксперт ва мутахассисга уларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини тушунтиради, экспертни била туриб ёлғон хулоса берганлик, хулоса беришдан бош тортганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради (ФПКнинг 172-моддаси).
7. Суд амалиётида айрим судьялар эксперт томонидан иш учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилсалар маъқул кўрмайдилар. Экспертнинг қўшимча ҳужжатларни талаб этиши ишдаги чалкашликларнинг ечилишига ёрдам кўрсатади. масалан, суд тиббиёт экспертини иш бўйича жавобгарни муқаддам тиббий муассасаларга касаллиги бўйича мурожаат этган-этмаганлиги қизиқтириши мумкин ва ҳоказо.
Агар экспертиза ўтказиши лозим бўлган ашёнинг ҳажми катта бўлса, экспертга етказиш (олиб келиб кўрсатиш) имконияти бўлмаса, суд экспертизани жойида ўтказиш (кўздан кечириш) масаласини ажримда кўрсатиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |