83-м о д д а. Ашёвий далилларни сақлаш ва қайтариб
бериш
Ашёвий далиллар суднинг ажримига биноан ишга қўшиб қўйилади ва ишда сақланади ёки алоҳида рўйхат қилиниб, суднинг ашёвий далиллар сақланадиган хонасига топширилади.
Судга келтириб бўлмайдиган ашёлар турган жойида сақланади. Улар батафсил таърифланиши, сурғучланган, зарур ҳолларда эса, фото ёки видео суратга ҳам олинган бўлиши лозим.
Ашёвий далиллар суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёки суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади.
Айрим ҳолларда суд ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин башарти, ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб бериш ҳақида илтимоснома тақдим этган бўлсалар ва бундай илтимосномани қаноатлантириш ишни кўриш ва ҳал қилув қарорини ижро этиш учун зарар келтирмаса, иш тамом бўлгунига қадар улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилиши мумкин.
Қонун бўйича фуқароларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган буюмлар тегишли ташкилотларга топширилади.
1. Ашёвий далиллар турлича бўлганлиги туфайли уларнинг сақланиши ҳам бир хилда бўлмайди, унинг ҳажми, қийматига қараб судья ҳал этади.
Фуқаролик ишларини кўришда ашёвий далил сифатида шундай буюмлар борки, уларнинг ҳажми жуда ҳам кичкина бўлишига қарамасдан улар ишда сақланмасдан алоҳида рўйҳатга олинган ҳолда тегишли банкларда сақланиши лозим, масалан, ёқут тошлар, дурлар, қандиллар, олтин тангалар, рангли металлар ва ҳоказо. Шу билан бирга ёғоч, тош, металга ёзилган ёзувлар ва бошқалар пакетга солинган ҳолда суднинг сейфида сақланиши лозим.
Ишга ашёвий далил сифатида қўшиб қўйилган пул, қимматли қоғозлар, валюта бойликлари, заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металлардан, қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмлар, шунингдек бундай буюмларнинг резгилари топилганда мутахассис иштирокида кўздан кечирилиши ва белгиланган тартибда сақлаш учун топширилиши лозим.
Фуқаровий даъвони таъминлаш мақсадида ёхуд гаров тариқасида олиб қўйилган ёки қабул қилинган пуллар уч суткадан кечиктирмай суриштирув, дастлабки тергов органи ёки суднинг депозит ҳисобига топширилиши шарт.
Ашёвий далилларни сақлаш масаласига Жиноят процессуал кодексида ҳам алоҳида қоидалар белгиланган, масалан:
Нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш ва уни жиноят ишига қўшиб қўйиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради. Ушбу қарор ёки ажримда ашёвий далилни ишда қолдириш ёки уни сақлаш учун топшириш масаласи ҳам ҳал қилиниши лозим.
Бундан ташқари ашёвий далилларни сақлашга оид қатор қоидалар ЖПКнинг 205-212-моддаларида берилган, буларнинг айримларида фуқаровий ишларга ҳам тегишли масалалар ўз ифодасини топган.
Судга келтириш имконияти бўлмаган ашёвий далиллар ўзида сақлаш чоралари кўрилади. Бунинг учун ашёвий далил кўздан кечирилади ва бу ҳақда баённома тузилиши керак, зарур ҳолларда телекамерага (видео ёзув) олиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Ашёвий далилларни суднинг ҳал қилув қарори чиқгунга қадар сақлаш мақсадида судья далилларни, шунингдек даъвони таъминлаш чораларини кўриш масаласини ҳам кўрадиган бўлса, иш бўйича тўғри, одилона ҳал қилув қарорини чиқаришга кўмаклашган бўлади.
2. Фуқаролик ишини кўриш учун ишга ашёвий далил сифатида олинган нарсалар судда маълум муддатга қадар сақланиши белгиланган. Жиноят ишида ҳам айрим ашёвий далиллар иш юзасидан ҳукм чиқарилган ва у қонуний кучга кирган вақтдан кейингина ашёвий далилни қайтариш масаласи кўтарилиши мумкин.
Ашёвий далиллар манфаатдор шахсларнинг талаблари билан ҳар вақт ҳам уларга қайтарилмайди. Агар ашёвий далилнинг қайтарилишишига салбий таъсир кўрсатган ҳоллар судья томонидан таҳлил қилиниши зарур.
Айрим ҳолларда ашёвий далил сифатида турли хилдаги гиёҳванд моддалар, жумладан, героин, наша, кўкнори ва бошқалар фуқароларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаганлиги туфайли махсус ташкилотларга топширилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |