32-м о д д а. Бир-бири билан боғлиқ бир қанча
талабларнинг судга тааллуқлилиги
Бир-бири билан боғлиқ бўлиб, баъзилари судга, баъзилари эса, хўжалик судларига тааллуқли бўлган бир қанча талаблар бирлаштирилганида, бу талабларнинг ҳаммаси судда кўрилиши керак.
Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, амалдаги қонунларда ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ва низолашаётган ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун умумий юрисдикциядаги судларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгиланган. Бизга маълум одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилади.
Суд амалиётида шундай ишлар борки, улар умумий юрисдикция судларига ҳам, хўжалик судларига ҳам тааллуқли бўлиб ҳар икки судда кўриш мумкиндек кўринади. Лекин қонун бошқа органларга кўра иш кўришни умумий юрисдикция судларда ҳал этиш лозимлигини қайд қилади. Бунинг учун ишлар бир-бири билан боғлиқ бўлган бўлиши, ва уларни бир-биридан даъво талаблари, унинг предмети ва асосининг умумийлиги туфайли бир-биридан ажратиш мумкин бўлмаслиги асос бўладиган ҳоллардагина бу қоида татбиқ этилиши мумкин.
Фуқаролик ишларини судда кўришни эркинлаштириш ва тааллуқлилик институтини такомиллаштириш мақсадида бир томондан фуқаро ва юридик шахслар ўртасида келиб чиқадиган низоли ишларни ҳал этиш ҳам умумий юрисдикция судларига тааллуқли қилиб белгиланган тақдирда бу тўғридаги қоидалар бир мунча такомиллашган бўлар эди деган фикрдамиз.
Фуқаролик процессуал қонунчилигида бундай қоида (ФПКнинг 32-моддаси) киритилган бўлсада, бироқ бу ҳуқуқий меъёр суд амалиётида камдан кам учрайдиган ишлар туркумига киради.
5-боб. ПРОЦЕСС ИШТИРОКЧИЛАРИ
33-м о д д а. Ишда иштирок этувчи шахслар
Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, процессда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.
Фуқаролик ишларининг суд мажлисида кўрилишида, хусусан, фуқаролар билан фуқаролар, ташкилотлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда албатта икки тараф: даъвогар ва жавобгар иштирок этади. Аммо баъзи ҳолларда, чунончи, алоҳида тартибда кўриладиган ишларда, фақат бир тарафгина, бирон-бир муддаони айтиб судга ариза билан мурожаат қилувчи шахс иштирок этиши мумкин.
Фуқаролик процессида даъво фақат даъвогар томонидангина қўзғатилмасдан, балки бузилган ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида қонун бу ҳуқуқни бошқа шахсларга ҳам беради. Чунончи, прокурор, давлат бошқарув органлари, ташкилотлар ҳамда жамоат ташкилотлари ёхуд айрим фуқаролар, агарда қонунга кўра улар бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишлари мумкин бўлса (ФПКнинг 5-моддаси), қўзғатилган процесс тўғрисида суд томонидан хабардор қилинади ва ўзининг ҳуқуқини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилишда ариза берган шахс билан бир қаторда даъвогар тарафида туриб процессда иштирок этишлари мумкин.
Аммо ишнинг ким томонидан қўзғатилишидан қатъи назар, низоли ҳуқуқ субъекти (манфаатдор шахс) процессда барча ҳолларда даъвогар бўлиб кўрилади. Масалан, давлат мулки бировлар томонидан ғайриқонуний равишда ўзлаштирилганда унга етказилган зарарнинг ундирилиши тўғрисидаги даъво ишини прокурор қўзғатса ҳам, аммо давлат даъвогар ҳисобланади, жавобгар тараф эса, хўжаликнинг мулкий ҳуқуқини бузган шахс (ёки шахслар) бўлади.
Юқорида қайд қилинганлардан ишни кўришда қатнашувчи тарафларга нисбатан процессда иштирок этувчи шахсларнинг доираси кенгроқ эканлиги кўриниб турибди.
Процессда иштирок этувчилар ваколати доирасида ўзларининг ҳаракатлари билан қандайдир шаклда одил судловни амалга оширишга кўмаклашади. Булар қаторига жамоат ташкилотлари ва меҳнат жамоалари (ФПКнинг 35-моддаси), таржимонлар, гувоҳлар, экспертлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, холислар ва ижро ишини юритишда мол-мулкни сақловчи шахсларни киритишимиз мумкин. Демак, ишда иштирок этувчи шахсларни икки гуруҳга бўлиш мумкин: 1) шахсий ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилувчи шахсларга, булар жумласига: фуқаролар, ташкилотлар бўлиб, улар даъво ишини юритишда даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар ҳамда шикоят берувчилар ва арз қилувчи шахслар; 2) бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари (фуқаролар, давлат, жамоат ташкилотлари)ни ҳимоя қилувчи шахсларга прокурор, давлат бошқаруви органлари ва қонунда кўрсатилган бошқа идоралар ва шахслар киради.1
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи процесс иштирокчилари юридик томондан манфаатдор эмаслар ва ишга нисбатан ҳам ҳеч қандай манфаатдорлиги йўқ. Ишда иштирок этувчи шахслар суд каби фуқаролик процессуал ҳуқуқий муносабатнинг субъекти бўлиб қатнашадилар.
Ишда иштирок этувчи шахслар процесснинг ҳамма босқичларида қатнашишлари мумкин. Шу билан бир қаторда ишда иштирок этувчи шахсларнинг доираси иш юритиш турига ва ишнинг туркумига ҳам боғлиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |