29-м о д д а. Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал қилиш
тартиби
Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини, агар рад қилиниши талаб қилинаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, унинг сўзларини ҳам эшитиши керак.
Судьяни рад қилиш масаласи рад қилиниши талаб қилинган судьянинг иштирокисиз, қолган судьялар томонидан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.
Икки судьяни ёки суднинг бутун таркибини рад қилиш талаб қилинганида рад қилиш масаласи шу суднинг тўлиқ таркибида оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.
Ишни якка тартибда кўрадиган судьяни рад қилиш масаласи суд раиси томонидан, суд таркиби бир кишидан иборат бўлса, шу судья томонидан ҳал этилади.
Прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг котибини рад қилиш масаласини ишни кўриб чиқаётган суд ҳал қилади.
Рад қилиш масаласини ҳал қилиш учун судья (суд) алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқади ва рад қилиш талабини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида ажрим чиқаради.
1. Рад қилиш (четлатиш) тўғрисидаги аризани ҳал қилиш тартиби суд мажлисининг тайёрлов қисмида (суд мажлисида ишни мазмунан кўриш жараёнида) ҳал этилади. Суд бу ҳаракатлари билан иш кўриш учун зарур шарт-шароитлар бўлиш-бўлмаслигини аниқлайди. Амалга ошириладиган қатор процессуал ҳаракатлар билан бирга ишни суднинг мазкур ҳайъатида, чақирилган шахсларнинг иштирокида кўриш мумкин бўлишлиги ва тўпланган далилларнинг етарли бўлиш-бўлмаслик масалаларини ҳал этади.
Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилиб, прокурор, вакил сифатида ва кимларни эксперт, таржимон, суд мажлисининг котиби бўлиб иштирок этаётганлигини эълон қилади ва уларга нисбатан шахсий адовати бор-йўқлигини, рад қилиш (четлатиш) тўғрисида арз қилишлари мумкинлигини тушунтиради.
Агар четлатиш тўғрисида процесс иштирокчиларидан бирортаси арз ёки талаб қилсалар, унинг сабаблари аниқланади ва у ҳақда ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эшитади. Агар кимга нисбатан четлатиш билдирилган бўлса, унинг тушунтириши тингланади. Судьяга билдирилган четлатиш тўғрисидаги талаб ёки судьянинг ўз-ўзини рад этишига нисбатан тушунтиришлар судья томонидан суд мажлисида ҳам берилиши мумкин.
Четлатиш тўғрисидаги арз кимга қаратилган бўлса, шу шахс арз юзасидан изоҳ беришга ҳақли ёки умуман ҳеч нарса демаслиги (тушунтириш бермаслиги) ҳам мумкин. Иш юритилишида прокурор иштирок этаётган бўлса, четлатиш тўғрисида арз қилинган шахсга нисбатан ўз фикрини бериши лозим, бу фикр асосланган бўлиши керак.
Суд амалиётида иш кўришда иштирок этувчи шахсларга нисбатан асоссиз четлатиш билдирадилар. Бундай талабларни асоссиз бўлишига қарамасдан судлар томонидан арз қаноатлантирилади. Айниқса, суд таркибига нисбатан тўлиғича четлатиш ҳақида қўйилган талабнинг қанчалик асосли эканлигига суд эътибор беришлари лозим. Айрим ҳолларда арз қилувчи шахслар ҳеч қандай асос бўлмасада, фақат ўз хоҳиши билан иш тутмоқчи бўладилар. Суднинг бундай ажримлари юқори судлар томонидан асосли бекор қилинишига сабабчи бўлади. Четлатиш (рад этиш) ва ўз-ўзини четлатиш тўғрисидаги ариза маслаҳатхонада, (ташқаридан таъсир кўрсатмаслик мақсадида) холисона ҳал этилиши ва бу ҳақда ажрим чиқарилиши қонунда қайд қилинган.
Четлатиш ҳақидаги чиқарилган ажрим устидан хусусий шикоят берилмайди, чунки суднинг ажрими ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилмайди. Бироқ, четлатиш ҳақида асоссиз равишда чиқарилган ажрим устидан хусусий протест келтириш мумкин.
Хусусий шикоят ёки протест бўйича апелляция инстанция суди чиқарган ажрим устидан шикоят бериш мумкин эмас, бундай ажрим чиқарилиши билан дарҳол қонуний кучга киради (ФПКнинг 318-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |