222-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш
Суд дарҳол ижро этишга қаратилмаган ҳал қилув қарорининг ижросини ушбу Кодекснинг 24-бобида белгиланган қоидалар бўйича таъминлаш мумкин.
1. Ҳар қандай суд қарори нечоғли қонуний, асослантирилган, адолатли чиқарилмасин, агар у ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилмасдан, вақтида ижро этилиб жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмас экан, бундай қарорларнинг ҳеч қандай кучи бўлмайди, бу ўз навбатида давлатнинг обрўсизлантиришга олиб келади. Қонунлар каби суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорлари ҳам вақтида ижро этилиши билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ФПКда ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлашга алоҳида урғу берилган.
Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этилишидан ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлашни ажратиш керак. Қарорнинг ижросини таъминлаш-даъвони таъминлаш тўғрисидаги асос ва қоидаларга (ФПКнинг 248-258-моддаларига) мувофиқ бажарилади. Масалан, суд рўйхатга олинган мулкнинг бир қисмини рўйхатдан чиқариш ва сотишдан қолдириш тўғрисидаги даъвони қондирса, рўйхатга олинган мулкни сотишни тўхтатиб туриш йўли билан ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлай олади, чунки тегишли чора кўрилмаса, мазкур нарсаларнинг сотилиб кетиши ва ҳал қилув қарори ижро қилинмай қолиши мумкин.
Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлашга оид аризаларни кўриб чиқиш суднинг ихтиёрига кирадиган ҳолат бўлиб, унинг асосланганлигига аҳамият бериш лозим.
Фуқаролик даъвосини таъминлаш, учун бўлган асослар ФПКнинг 248-моддасида белгиланган. Бу қонунда кўрсатилишича, суд ёки судья ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимоси бўйича ёки ўз ташаббуси билан даъвони таъминлаш чораларини кўра олади. Даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суднинг ҳал қилув қарорининг ижросини қийинлаштирадиган ёки унинг бажарилмаслигига сабаб бўладиган бўлса, ишнинг ҳар қандай ҳолатида ҳам даъвони таъминлашга йўл қўйилади.
Фуқаролик даъвосини таъминлаш, чунончи: даъвогарга тегишли ҳақнинг келгусида ундирилишини таъминлаш юзасидан бундай чоранинг белгиланиши жавобгарнинг ноинсоф ҳаракатига қарши бўлиб, даъвогарнинг манфаатини ҳимоя қилиш учун зарур.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим суднинг ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро қилинади.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани ишни кўраётган судья ёки суд ўша куннинг ўзидаёқ жавобгарни ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни хабардор қилмасдан ҳал қилади. Даъвони таъминлаш чоралари қуйидагилардан:
жавобгарга тегишли ва унинг ўзида ёки бошқа шахсларда турган мулкка оид пул суммасини хатлаш;
жавобгарнинг муайян ҳаракатлар қилишини тақиқлаш;
бошқа шахсларда жавобгарнинг мулкини унга беришликни ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришликни тақиқлаш;
мол-мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисида даъво қўзғатилган ҳолда, рўйхатга олинган мулкни сотишни тўхтатиш;
агар қарздор ижро хати юзасидан даъво тартибида низолашса ва бундай низога қонун бўйича йўл қўйилса, бу хат бўйича ундирувни тўхтатишдан иборат бўлиши мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги, майиб бўлиш ёки соғлиқка бошқача шикаст етиши, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида келган зарарни қоплаш тўғрисидаги мол-мулкни талон-тарож қилиш натижасида келган зарарларни ундириш тўғрисидаги даъволардан бошқа даъволарни иш ҳақи, пенсия ва стипендияларни хатлаш йўли билан таъминлашга йўл қўйилмайди.
Зарур ҳолларда, суд даъвони таъминлаш чорасининг бир неча турига йўл қўйиши мумкин, лекин буларнинг умумий суммаси даъвонинг қийматидан ошиб кетмаслиги керак (ФПКнинг 249-моддаси).
2. Демак, ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш учун, бундай қарорни дарҳол ижро этишга қаратилган бўлишини талаб этишга аҳамият бериш лозим. Бундай ҳуқуқий меъёрнинг киритилишидан мақсад, ҳал қилув қарорини ўз вақтида ижро қилиш учун имконият берувчи бирон-бир асослардан ҳисобланади.
3. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш суднинг ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра кўриб чиқилади. Суд бундай процессуал ҳаракатларни ҳал қилув қарорини чиқариш жараёнида уни асослантириш ҳамда қарор қилиш қисмида баён қилиниши талаб этилади. Агар ҳал қилув қарорини чиқарилган тақдирда, унинг ижросини таъминлаш суд ажримига асосан ҳал этилади, суднинг ҳал қилув қарорини ижросини таъминлаш ҳақидаги ажрими устидан шикоят берилиши, прокурор протест келтириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |