209-м о д д а. Ташкилотлардан пул суммалари ундириш
тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Суд ташкилотлардан пул суммалари ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида ундирилган пул суммасининг турини, шунингдек, ундириладиган сумма жавобгарнинг банкдаги қайси ҳисобидан олиниши кераклигини кўрсатади.
1. Суд чиқарган ҳал қилув қарорини амалиётда ижросини тўғри ва ўз вақтида таъминлаш учун ҳал қилув қарори асосида бериладиган ижро ҳужжати аниқ расмийлаштирган бўлиши талаб этилади. Бунинг учун суд ҳал қилув қарорини чиқаришда фуқаролик ишларининг турлича эътибор бериш ва уларнинг номлари тўлиқ кўрсатилиши лозим.
Ушбу шарҳланаётган қонуннинг мазмуни ана шу талабларга эътибор беришликни назарда тутади. Агар ундириладиган талаб ташкилотлардан пул суммаларини ундириш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, суд юридик шахснинг банкдаги қайси ҳисобидан олиниши лозимлигини кўрсатилиши керак, чунки ташкилот-юридик шахснинг банкда турли ҳисоблари бўлиши мумкин (масалан, капитал қурилиш, маданий-маиший ва ҳоказо).
Худди давлат ташкилотларига ўхшаш кооператив-ширкат хўжаликларнинг ҳам банкдаги ҳисоблари турли тармоқларини назарда тутган ҳолда очилган бўлиши мумкин.
Суд ҳал қилув қарорининг қарор қисмида ижро этишнинг белгиланган тартиби ёки ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этилиши ҳақидаги, унинг ижросини таъминлаш чоралари билан боғлиқ суднинг хулосасига оид процессуал ҳаракатлари ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида батафсил кўрсатилган бўлиши лозим.
Шу ўринда суд амалиётидан бир мисол келтирамиз.
Ю. ва В. лар моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида Б. ва Я. ларга нисбатан даъво билан судга мурожаат қилган.
Суд Ю. ва В. ларнинг даъвосини қисман қаноатлантириб, уларнинг фойдасига Б. ва Я. дан 1.605.525 сўм моддий ва 20.000.000 сўм маънавий зарар ундирган.
Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 21 июнда қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 13-бандида тушунтирилишича, маънавий зарар миқдорини белгилашда судлар жабрланувчига етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, зарар етказувчининг ва жабрланувчининг айб даражалари, зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларини ҳисобга олишлари лозим.
Суд маънавий зарарни қоплаш миқдорини белгилашда даъвогарга етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, айб даражасига қараб аниқламаган. 20.000.000 сўм маънавий зарар қандай асосларга кўра белгиланганлиги суд қарорида кўрсатилмаган. Зарарнинг миқдорини аниқлашда оқилона ва адолатлилик талаблари эътиборга олинмаган1.
Do'stlaringiz bilan baham: |