210-м о д д а. Мол-мулкни ёки унинг қийматини ундириш
тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Суд мол-мулкни натура тарзида ундириш тўғрисида чиқарган ҳал қилув қарорида, агар ҳал қилув қарорини ижро этиш вақтида мазкур мулк нақд бўлмаса, жавобгардан ундириб олиниши лозим бўлган мулк қийматини кўрсатади.
1. Тарафлар ўртасида вужудга келган мол-мулкни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича суд чиқарган ҳал қилув қарорларининг ижросидаги тўсқинликларга нисбатан ушбу шарҳланаётган ҳуқуқий меъёрнинг аҳамияти сезиларлидир, чунки аксарият ҳолларда мол-мулк кўп вақт ўтиши билан ўзининг асли ҳолатини ўзгартиради. Бундай ҳолатларда даъвогар жавобгардан мол-мулкнинг асли (натураси)ни талаб қиладилар. Бунинг иложи бўлмаган ҳолларда суд ҳал қилув қарорида мол-мулкни натура тартибида жавобгардан ундириш, иложи бўлмаганлигини кўрсатиб, унинг қийматини ундириш мумкинлиги ҳақида ҳам кўрсатма беришга ҳақли.
Демак, суд факультатив турдаги ҳал қилув қарорини фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина чиқариши мумкин.
Ҳал қилув қарорида ундириладиган мол-мулкни натура тарзида ундириш билан унинг ҳақиқий қийматини ҳам кўрсатилиши, ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлашга замин бўлади, шунингдек унинг ижросини осонлаштиради.
Агар мазкур мол-мулк нақд бўлмаса, жавобгарлардан ундирилиши лозим бўлган мулк қийматини кўрсатиш тўғрисида даъвогарнинг талаби, шунингдек суднинг ташаббуси билан ҳам ҳал қилув қарорида кўрсатилиши мумкин.
Суд ҳал қилув қарори мол-мулк, айрим буюмларни ундиришга қаратилган бўлса, тегишли буюмларнинг кўриниши, катта-кичиклиги, оғирлиги, ранги ва ҳоказо аниқ кўрсатилиши лозим. Масалан, гилам ундириш билан боғлиқ ҳал қилув қарорида қандай гилам эканлиги (туркман гилами, хоразм гилами ва ҳоказо, унинг эни, бўйи, ранги ва бошқалар) аниқ кўрсатилади.
Агар ҳал қилув қарорида бир нечта турдаги буюмларни ундириш лозим бўлса, ундай ҳолларда ҳар бир буюмнинг жамини қўшган ҳолда умумий қиймати кўрсатилади.
Борди-ю суд ҳал қилув қарорида мол-мулк ундириш тўғрисида кўрсатилган бўлса-ю, бироқ унинг қиймати аниқ белгиланмаган бўлса, суд иш бўйича бу камчиликни қўшимча ҳал қилув қарорида (ФПКнинг 214-моддаси) кўрсатиб ўтишга ҳақли.
Шу ўринда суд амалиётидан бир мисол келтирамиз.
Н.С. марҳум ўғли Б.С.дан қолган мерос мулкдаги улушини белгилаб, натура тартибида олиб бериш ҳақида келини Ж.С.га нисбатан судга даъво билан мурожаат қилган.
Суд даъвони қаноатлантириб, Н.С.га меросдаги улуши сифатида Гулистон шаҳридаги 55-уйнинг 1-хонадонини олиб берган.
Апелляция инстанцияси судининг ажримига кўра, ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, низоли хонадон Ж.С.га қолдирилиб, Н.С.га меросдан улуши эвазига 203.266 сўм пул ундириб берилган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилиб, туманлараро судининг ҳал қилув қарорини кучида қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 223-моддасининг 6-қисмига кўра, улушли мулк иштирокчисига унинг улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдорлар томонидан компенсация тўланишига иштирокчининг розилиги билан йўл қўйилади.
Судда аниқланишича, марҳум Б.С.дан 3 та, яъни Укабаев кўчасида жойлашган 18-уй, 3-мавзедаги 55-уйнинг 1 хонадони ва 4-мавзедаги 73-уйнинг 25-хонадонидан иборат уй-жойлар мерос қолган. Унинг ворислари (хотини ва фарзандлари) мерос мулкларни ўзларига расмийлаштириб олишган.
Б.С.нинг вориси бўлмиш онасига эса мерос уй-жойлардан унинг ҳиссаси пул миқдорида ундирилган.
Биринчи босқич суди бу борада барча ворисларнинг меросга бўлган ҳуқуқлари тенглигидан келиб чиқиб ҳамда Ж.С. ва фарзандлари бу низоли уйдан ташқари Укубаев кўчасида жойлашган 4 хонадан иборат ҳовли жой ва Гулистон шаҳар, 4-мавзеда 4 хонадан иборат уйни мерос сифатида эгаллаганликларини инобатга олиб, Н.С.га Гулистон шаҳар 3-мавзедаги 55-уйнинг 1-хонаданини қолдириб, Ж.С.га эса унинг шу мерос уйдан ҳиссаси компенсация тарзда ундиришни белгилаб тўғри хулосага келган бўлсада, апелляция инстанцияси суди қонун нормасига зид равишда низоли уйни таъмиланганлиги ва даъвогарнинг ночор мулкий аҳволини даъвони рад этиш учун асос қилган1.
Яна бир мисол.
Азимова умумий мулкни бўлиш ҳақида А.Қ.га нисбатан судга даъво билан мурожаат қилган. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан суд қарорлари бекор қилиниб,иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 223-моддасининг 6-бандига мувофиқ, улушли мулк иштирокчисига унинг улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдорлар томонидан компенсация тўланишига иштирокчининг розилиги билан йўл қўйилади. Мулкдорнинг улуши арзимас бўлган, амалда ажратиб берилиши мумкин бўлмаган ва у умумий мол-мулкдан фойдаланишдан катта манфаатга эга бўлмаган ҳолларда суд ушбу мулкдор розилик бермаган тақдирда ҳам улушли мулкнинг қолган иштирокчилари зиммасига мазкур мулкдорга копенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Н.А. 1988 йилда А.Қ. билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлар. Бирга яшаган даврларида Ф.Хўжаев кўчасида жойлашган 14-уйни ва ВАЗ 2106 русумли автомашинани А.Қ. номига расмийлаштириб сотиб олишган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддаси талабига кўра, ушбу мол-мулк Н.А. ва А.Қ.ларнинг умумий мулки ҳисобланди.
Суд умумий мулкни тасдиқлашда эр-хотиннинг ҳуқуқларини тенглигидан келиб чиққан ҳолда низони ҳал қилиши лозим бўлсада, бироқ уйни Азимовага, автомашинани эса Қурбоновга қолдириб хатоликка йўл қўйган. Чунки, мулкдорни эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳоллари қонунда қатъий белгилаб қўйилган. Суд ўз қарорини асослаш учун бирон-бир ҳуқуқ нормаларини кўрсатмасдан жавобгарнинг умумий мулки бўлган уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилган. Қурбонов ўзининг назорат тартибидаги шикоятида низоли уй-жойдан натура сифатида ҳисса ажратишни сўраган, аммо суд унинг бу важларини текширмасдан даъвони қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келган (2-641д-02-сонли ажрим. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Суд амалиёти 2 2002 10-11 бет).
Do'stlaringiz bilan baham: |