Намуналарнинг лаборатория шароитида синовдан ўтказиш. Намуналарни синаш(ўрганиш) турли хил усуллар–спектрал, кимёвий, минералогик, петрографик, технологик ва бошқа усуллар ёрдамида амалга оширилади. Намуналарни ўрганиш натижасида шу намунадаги фойдали қазилмалар сифати ҳақида, масалан, маъданларнинг кимёвий таркиби тўғрисида маълумотлар олинади.
Намуна олиш ва уни қайта ишлашда қандай аналитик, техник ва технологик тадқиқотлар бажарилиши лозимлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш лозим. Намуна синовларининг тури ва уларни ўтказишнинг ўзига хослиги намуналаш турлари, фойдали қазилманинг минерал ва кимёвий таркиби, уларнинг қўлланиш соҳаси, бажариладиган ишларнинг тафсилийлиги ва бошқа омиллар билан боғлиқ. Намуналарнинг аналитик таҳлиллари жараёнларида, масалан, спектрал таҳлил ёрдамида - фойдали қазилмаларнинг таҳминий миқдорий элементар таркиби; кимёвий таҳлил ёрдамида - ушбу элементларнинг миқдорий нисбати; фазовий таҳлил ёрдамида – уларнинг учраш шакллари аниқланади.
Тақрибий миқдорий спектрал таҳлил юқори сезгирликка эга, аммо етарли даражада аниқ эмас. Шунинг учун бу таҳлилга фойдали қазилма заҳиралари контурига кирмаган намуналарни жўнатиш тавсия этилади. Спектрал таҳлил учун массаси бир неча граммли тортма намуна етарли бўлади. Кейинги қирқ йиллик давомида ўзининг аниқлиги бўйича кимёвий таҳлилдан паст бўлмаган фотометрия ва оловли спектрометрия, эмиссион таҳлил ва рентгеноспектрал усулларни ўз ичига олувчи миқдорий спектрал таҳлил усуллари кенг қўлланила бошланди.
Кўпчилик оддий намуналар кимёвий таҳлил қилинади. Улар учун аниқланаётган компонент миқдори ошиб бориши билан тасодифий нисбий ҳатолик камайиб бориши ҳарактерлидир. Кимёвий таҳлил учун намуна массаси 50-100 грамм, баъзан эса - 250- 500 грамм ва ундан кўпроқ бўлиши мумкин.
Фазовий таҳлил ёрдамида минерал шакллари бўйича элементларнинг тақсимланиши аниқланади. Ушбу тадқиқотлар учун кимёвий, рентгенографик ва термографик усуллардан фойдаланилади.
Намуналарнинг техник синовлари ёрдамида тоғ-техник, фойдали қазилма ва ёндош жинсларининг табиий ётган ҳолида ҳам, уларни парчалашдаги технологик босқичларда ҳам навлари ва русумий хоссалари аниқланади. Тоғ-техник хоссалари орасида маъданларнинг ўртача намлиги, нефт ва газли жинсларнинг ғоваклилиги, кўмир ва ёнувчи сланецларнинг куллилиги ва каллорияси, сочмаларда маҳсулдор қумларнинг гранулометрик таркиби муҳим аҳамиятга эга бўлади. Намуналар ушбу ҳоссаларининг синови дала шароитларида разведканинг барча босқичларида ўтказилади. Турли минерал хом ашёларнинг нави ва русуми маҳсус турғун лабораторияларда, истемолчи саноат тармоғи талабларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Технологик синовларда минерал ҳом ашёнинг кимёвий, минералогик ва гранулометрик таркиби ва унинг энг муҳим физик-техник ҳоссалари аниқланади. Кимёвий таркиб хусусиятларига жинс ҳосил қилувчи оксидлар, асосий ва йўлдош компонентлар, фойдали ва зарарли қўшимчалар миқдори киради. Минерал таркиби минерал-петрографик, минералогик, шлих ювиш, термик, люминесцент ва бошқа таҳлиллар ёрдамида аниқланади. Бунда маъданлардаги минераллар миқдорининг нисбатлари, структуравий ва текстуравий хусусиятлари ўрганилади. Минерал доналарининг ўлчами бўйича миқдорий тақсимланишини ҳарактерловчи гранулометрик таркиб дастлабки намунада ҳам, уни майдалашнинг турли технологик босқичларида ҳам аниқланади. Минерал ҳом ашёнинг қайта ишлаш технологиясига таъсир этувчи муҳим физик-механик ҳоссаларига хом ашёнинг бўлаклилиги, ўртача ва билвосита ўртача миқдори, қаттиқлиги, мўртлиги, магнитлиги кабилар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |