Масъул муҳаррир: Х.Д.Ишбаев – геология-минералогия фанлари
доктори, профессор.
Тақризчилар: А.У.Мирзаев –Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Х.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти директори, геология-минералогия фанлари доктори.
А.Р.Қўшаков – Геология-минералогия фанлари номзоди, ЎзМУ, геология кафедраси мудири, доцент.
КИРИШ
Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти бир томондан, унинг худудида тарқалган миллий бойлиқлар миқёси билан белгиланса, иккинчи томондан, ана шу бойликлардан оқилона фойдаланишга қодир бўлган, етук салоҳиятли мутаҳассис кадрлари билан белгиланади.
Маълумки, бизнинг мамлакатимиз замини фойдали қазилмаларга бой бўлган мамлакатлар қаторига киради. Мазкур қазилма бойликларни қидириш, разведка қилиш, баҳолаш ва улардан самарали фойдаланиш ҳамда заҳираларини янада кўпайтириш, бу соҳанинг сир асрорларини мукаммал ўзлаштирган, ҳар томонлама етук, юксак маънавиятли, миллий истиқлол ғояларига садоқатли, зукко, баркамол ёш мутаҳассисларга, уларнинг билим ва малакаларига кўп жиҳатдан боғлиқ. Зеро, мамлакатимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашда унинг худудида тарқалган фойдали қазилма захираларидан самарали фойдаланиш, миллий иқтисодиётимизнинг барча соҳаларини бир маъромда ривожлантириш учун ер хақидаги фанларнинг илғор илмий ҳулосаларига таяниш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш орқали замин муҳофазасини таъминлаш муҳим аҳамиятга молик вазифалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонуни ер ости бойликларидан тўлиқ ва комплекс фойдаланишни, асосий ва йўлдош фойдали қазилмалар ва компонентларни ер остидан тўлиқ қазиб олиш ва заҳираларидан самарали фойдаланишни, фойдали қазилманинг сифатини ва коннинг саноат қимматини пасайтирувчи ёки уни қазиб олишни қийинлаштирувчи омиллар билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни кўзда тутади.
“Фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш” фани давлат геология таълими тизимида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу фан талабаларга геологияга доир иҳтисослик фанларидан олган билимлари асосида ўқитилади.
Мазкур фанни шакллантиришда В.М.Крейтер, В.И.Смирнов, В.В.Аристов А.Б.Каждан, О.Я.Погрребецкий каби бир қатор олимларнинг рус тилида чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмаларидан кенг фойдаланилган. Уларнинг дарслик ва ўқув қўлланмаларини ўзбек тилига таржама қилиниб, бўлажак геологларнинг келажак фаолиятлари давомида дуч келиши мумкин бўлган масалаларга эътибор қаратилган. Шуни ҳам такидлаш жоизки, дарсликда ер ости фойдали қазилма конларини қидириш, разведка қилиш ва баҳолашнинг умумэътироф этилган босқичлари, тамойиллари, қидириш даракчилари, белгилари ва усуллар кенг ёритилган.
Дарсликни баён этишда муаллифлар мавзуларнинг ўзаро алоқадорлигига ва мантиқий изчиллигига алоҳида эътибор қаратганлар.
Дарслик тўрт бўлим, ўн икки бобдан иборат бўлиб, унинг биринчи бўлимида фаннинг моҳияти, мақсади, предмети, қидириш ва разведка қилиш объектлари, фойдали қазилмаларни қидириш, разведка қилиш ва баҳолашнинг назарий ва иқтисодий асослари, конларнинг таснифи, фойдали қазилма таналарининг ётиш шакллари, қалинлиги, ўлчамлари, сифати, қазиб олиш шароитлари, захиралар концентрацияси, қидириш ва разведка қилиш ҳақидаги тарихий маълумотлар, фойдали қазилмаларнинг саноат турлари-қаттиқ, суюқ ва газсимон фойдали қазилмалар тўғрисида маълумотлар берилган.
Дарсликнинг иккинчи бўлимида минерал хом-ашё конларини қидириш, разведка қилиш, баҳолаш, қайта ишлаш ва фойдаланишининг геологик асослари, фойдали қазилма конларини қидириш даракчилари, белгилари, босқичлари ва усуллари ёритилган.
Учинчи бўлимида кимёвий, минералогик, технологик, техник намуналарнинг мақсади, намуна олиш турлари, намуналарни қайта ишлаш усуллари, разведка ишларини олиб бориш босқичлари, маъданли таналарни кузатиб бориш ва чегаралаш усуллари, интерполяция, разведка тўрлари, геологик разведканинг бош вазифаси, разведка ишларини олиб бориш учун маҳсус разведка техникалари ва усуллари, разведка ишларини ўтказиш учун лойиҳа тузиш таркиби, разведка ишларига тайёргарлик, уни ўтказиш ва умумлаштирувчи камерал қайта ишлаш бочқичларида амалга ошириладиган ишларга эътибор қаратилган. Геологик ҳужжатлаштиришнинг мазмуни, материаллари, стандарт шакллари, топо–геодезик ишларни амалга ошириш, маркшейдерлик ишлари, ер усти ва ер ости лаҳимларини ва бурғулаш қудуқларинингг ҳужжатлаштириш тартиби тўғрисида қисқача маълумотлар берилган. Конни геологик–иқтисодий баҳолаш, заҳираларни ҳисоблашда кондициянинг роли, асосий вазифалари, тамойиллари, минерал хом ашёлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳаражатлар, кондиция, коннинг қазиб олиш усули ва тизимларини танлаш, корхонанинг йиллик қувватини аниқлаш, тоғ-кон ишлаб чиқариш корхоналарига маблағлар киритиш, капитал ажратмалар, фойдали қазилмалар таннархини ҳисоблаш каби масалаларга эътибор қаратилган.
Тўртинчи бўлимда минерал хом ашёларнинг захира категориялари, захираларни ҳисоблаш учун маъданли таналарни чегаралаш (контурлаш), захираларни ҳисоблаш учун дастлабки маълумотлар, захираларини ҳисоблаш усуллари, захираларни ҳисоблаш учун тузатиш коэффицентлари, фойдали қазилма захираларини ҳисоблашдаги ҳатоликлар каби маълумотлар ёритилган.
Дарсликда назарий масалаларга кенг ўрин берилган. Аксарият мавзуларни ёритишда юқорида зикр этилган муаллифларнинг рус тилида чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмаларидаги расмлар, чизмалар ва жадваллардан фойдаланилган. Мазкур дарслик тўғрисида билдириладиган танқидий мулоҳазалар, фикр ва таклифлар учун муаллифлар олдиндан ўз миннатдорчиликларини билдирадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |