2.5.Ёндош жинслар кесмасининг турғунлиги. Ёндош жинслар кесмасининг турғунлиги етарли даражада доимий, осон фарқланувчи таянч маркирловчи горизонтлар мавжудлиги билан ҳарактерланади, улардан ишончли равишда мўлжал олиш, кузатиб бориш ва улар асосида айрим разведкалаш лаҳимлари ва чизиқлари бўйича кесмаларни солиштириш, геологик профиллар тузиш ва бошқа геологик умумлаштириш ишларини амалга ошириш мумкин. Фойдали қазилма ётқизиқлари қалинликларининг ўзгарувчанлик ҳарактери ва моддий таркибий тузилиши авввало, уларнинг турли ҳил нуқталарда ва кесмаларда ишончли идентификациялашни талаб этади. Бунда бир ҳил бўлган фойдали қазилма таналари ўрганилаётганлигига ишонч ҳосил қилиш даркор. Кесмаларни ишончли равишда таққослашсиз тектоник қурилмаларни ҳам асослаб бўлмайди.
Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиқиб, минтақавий кичик миқёсли суръатга олишдан тортиб то разведка бўйича олинган материалларни умумлаштиришга қадар бўлган геологик ишларнинг муҳим вазифаларидан бири, кесмаларни таққослаш ва бир–бири билан ўзаро боғлаш ҳисобланади дейиш мумкин. Қоидага кўра, денгиз чўкинди қатламлари яхши сақланган бўлади. Отқинди тоғ жинсларидан, эффузивлардан, метасоматик ўзгарган жинслардан ташкил топган кесмалар кўпинча яхши сақланмаганлиги сабабли уларни талқин қилиш анча қийинчилик билан кечади.
2.6.Конни қазиб олиш шароитлари. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш шароитлари бир қатор геологик–саноат параметрлар билан ҳарактерланади, жумладан, юқорида кўриб чиқилган параметрлар(қалинлик ва ётқизиқлар шакли, фойдали қазилма таналари ва ёндош жинсларнинг ётиш шароитлари, ётқизиқларнинг узуликлилиги ва х.к.) билан ҳам ҳарактерланади. Қазиб олиш шароитларини тавсифлаш учун қуйидагилар хал қилувчи маҳсус геологик–саноат параметрлар бўлиб хизмат қилади:
а) фойдали қазилма таналарининг ётиш чуқурлиги;
б)конларнинг гидрогеологик ва муҳандис–геологик шароитлари;
в)фойдали қазилмалар ва ёнбош жинсларнинг мустаҳкамлиги ва қаттиқлиги;
г) коннинг газлашганлиги;
д) коннинг иссиқлик режими.
а) Фойдали қазилма таналарининг ётиш чуқурлиги энг аввало коннинг қазиб олиш усуллари(очиқ ёки ёпиқ) нуқтаи назаридан қаралади. Конларнинг қазиб олишнинг очиқ усули қоидага кўра, меҳнат унимдорлиги, тоғ ишларини олиб боришнинг хавфсизлиги ва маҳсулот таннархи бўйича энг самарали усул ҳисобланади. Конларни очиқ усулда қазиб олишнинг иқтисодий самарадорлиги уни қоплама ётган жинслар ҳажмининг фойдали қазилма ҳажмига нисбати билан белгиланади. Ёпиб турувчи масса–“бўш” жинслар бўлиб, фойдали қазилма сақловчи масса устини очиш ва қазиб олиш учун уларни олиб ташлаш лозим бўлади. Қазиб олиш усулларини танлаш техник–иқтисодий ҳисоб китобларга асосланади. Бунда қоплама жинслардан ҳам фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинади. Қидириш ишларини олиб бориш ва разведка қилишнинг биринчи босқичида яқинлаштирилган натижага эришиш учун қоплама жинсларнинг масса коэффиценти деб аталувчи коэффицентдан фойдаланиш мумкин. Бу коэффицент қоплама жинслар қалинлигининг фойдали қазилма ётқизиқлари қалинлигига нисбати билан белгиланади. Агар фойдали қазилма ётқизиғи мураккаб таркибли ёки “бўш” жинсли қичик қатламлар билан ажралган бир нечта таналардан ташкил топган бўлса, қоплама жинслар қалинлиги ва “бўш” жинслар қалинлиги билан бирга ётқизиқ ичига (айрим ҳолда ётган ётқизиқлар орасига) киритиш, фойдали қазилма қалинлигини эса барча пачкалар ва айрим таналар қалинликлари йиғиндиси бўйича қабул қилиш лозим.
Қоплама жинсларнинг йўл қўйиладиган максимал коэффиценти фойдали қазилмаларнинг қийматига боғлиқ равишда қуйидагича ўзгариб туради:
қурилиш материаллари учун – 1 : 3;
кўмир учун – 1 : 6;
қора металл маъданлари учун – 1 : 10;
рангли металлар учун – 1 : 40.
Дунё тоғ саноати тажрибасидан маълумки, фойдали қазилмаларни очиқ усулда 500 метргача чуқурликдан қазиб олиш мумкин. Хозирги кунда ёпиқ усулда ер қаъридан қаттиқ фойдали қазилмаларни қазиб олиш чуқурлиги 3500 метрдан ошади (Жанубий Америка ва Хиндистондаги олмос ва олтин конлари). Ер остидан 1500–2000 метр чуқурликдан фойдали қазилмаларни қазиб олиш холатлари кўп учрайди, 1000 – 1500 метр чуқурликдан кўмир, темир, туз ва рангли металл маъданларини қазиб олинади. Кўпчилик саноат худудлари, масалан, Донбасс, Кривой Рог, Богемия, Курск хавзалари учун бу чуқурлик одатдаги чуқурлик ҳисобланади.
б)коннинг гидрогеологик ва муҳандис–геологик шароитлари. Гидрогеологик ва муҳандис–геологик белгиларининг мураккаблик даражасига кўра шахтали(маъданли) конлар тўртта гуруҳга бўлинади:
I - гуруҳ-оддий конлар: шахтага ёки каръерга сув оқимларининг кириб бориши хавфи бўлмайди ёки сув оқимининг кириб бориши соатига 100–500 м3ни ташкил қилади, конни ўзлаштириш учун маҳсус қуритиш тадбирларини амалга ошириш талаб этилмайди;
II - гуруҳ–ўртача мураккабликка эга бўлган конлар: шахта ёки каръерга сув оқимларининг кириб бориши соатига 200–500 м3ни ташкил қилади, унча катта бўлмаган ҳажмдаги қуритиш ёки ер ости сувлари босимини камайтириш бўйича тадбирлар ўтказиш талаб этилади;
III – гуруҳ–мураккаб конлар: шахта ёки каръерга сув оқимларининг кириб бориши соатига 600–1000 м3ни ташкил қилади, шахта ёки каръердан фойдаланиш учун қуритиш ёки ер ости сувлари босимини камайтириш бўйича дастлабки ва доимий тадбирларни ўтказиб бориш талаб этилади;
IV – гуруҳ–жуда мураккаб конлар: шахта ёки каръерга сув оқимларининг кириб бориши соатига 1000–2000 м3 ва ундан кўпни ташкил қилади, қуритиш тадбирларини олиб бориш ишлари анча қийинчилик туғдиради.
Конларни қазиб олишни мураккаблаштирадиган шароитларга қуйидагилар киради:
- ёндош қатламлар таркибида турғун бўлмаган жинсларнинг мавжудлиги;
- фойдали қазилма ётқизиқларининг остида ҳам устида ҳам юқори босимли ер ости сувларининг мавжудлиги;
- вақтинчалик(мавсумий) ёки доимий равишда ер ости сувларини ер усти сув оқимлари ёки хавзалари билан алоқасининг мавжудлиги;
- конни қоплама жинслари таркибида катта қалинликдаги сувга ўта тўйинган аллювиал ётқизиқларнинг мавжудлиги;
- ғор хосил бўлиш ходисалари;
- кўп йиллик музлаш.