3.3. Литологик қидирув даракчилари
Литология деб чўкинди тоғ жинслари таркибини, хосил бўлиш шароитларини ва амалда фойдаланиш соҳаларини ўрганадиган геология фанининг бир бўлимига айтилади. Чўкинди жинсларнинг моддий таркибини ўрганмасдан туриб, уларнинг сифатини аниқлаб бўлмайди; ҳосил бўлиш шароитларини билмасдан туриб эса, фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш ишларини тўғри ташкил этиш мумкин эмас. Кўплаб конлар фақат маълум таркибли тоғ жинслари билан бирга учрайди. Масалан, нефт одатда ғовакли жинсларда(коллекторларда) йиғилади. Улар нефтни ўзининг ғовакларида тўплашлари мумкин. Кўпинча қумлар, ғовакли қумтошлар ва охактошлар коллекторлар ҳисобланади. Марказий Қозоғистоннинг Джезказган мис конида мис рудалари фақат охаклашган цементга эга бўлган қумтош қатламларида тўпланган. Охаклашган цемент осон эриган ва маъданли минераллар билан ўрин алмашган. Бу кондаги бошқа тоғ жинсларида маъданлашиш умуман мавжуд эмас ёки жуда ҳам кам учрайди.
Конларни маълум таркибли асосий тоғ жинсларига бундай ёндашув, қидирув ишларига ёрдам берувчи, литологик қидирув даракчиларини ишлаб чиқиш учун асос вазифасини бажаради.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, кўплаб қулай литологик таркибли тоғ жинслари чўкинди тоғ жинслари деб аталиб, табиийки стратиграфик устунда маълум бир ўринни эгаллайди. Шунинг учун кўпинча литологик қидирув даракчиси стратиграфик қидирув даракчилари билан узвий боғлиқ ва стратиграфик устун ва қидириш ишлари олиб бориладиган регион майдонида тарқалган турли геологик ёшга эга бўлган жинслар бўйича шу жинсларнинг литологик таркиби ҳақида фикр юритиш мумкин.
3.4.Магматоген қидирув даракчилари
Кўпчилик маъдан ва минерал хомашё конлари совиётган магматик ўчоқлардан ажралиб чиқувчи эманациялар ва эритмалардан ҳосил бўлади. Шу билан боғлиқ равишда, геологик ёш хусусиятларини, таркибини, ётиш чуқурлигини ва маъдандор магманинг геологик совиш шароитларини ҳисобга олиб қурилган қидириш ишларини олиб бориш учун магматоген қидирув даракчилари муҳим аҳамиятга эга.
Турли таркибли магмалар учун турли хил фойдали қазилмалар ҳарактерлидир.
Ултраасосли жинслар –перидотитлар, дунитлар ва бошқа жинслар билан платина ва платина гурухи металлари, никел, кобальт, темир, асбест, тальк, магнезит, вермикулит, корунд, хром, олмос конлари боғлиқ.
Асосли магматик жинслар-габбро норитлар билан никел, кобальт, кумуш, маргимуш, апатит конлари боғлиқ.
Ўрта ва гранодиорит ва гранитлар қаторига мансуб нордон жинслар билан қалай, вольфрам, молибден, олтин ва кумуш, мис, қўрғошин, рух, сурма ва симоб конларининг катта қисми боғлиқ. Миснинг ўрта таркибли жинслар билан боғлиқлиги анча юқори эканлиги кузатилади. Шу билан бирга қалай, вольфрам конлари кўпинча гранитлар билан боғлиқ. Сиенитлар билан эса темир, апатит ва корунд конлари боғлиқ. Шундай қилиб, қидирув ишлари олиб бориладиган худуддан у ёки бу фойдали қазилмаларни топиш имкониятларини аниқлаш, айнан шу худудда тарқалган маълум таркибли отқинди тоғ жинсларининг мавжудлигига ёки иштирокига боғлиқ.
Бошқа томондан, физик-кимёвий қонуниятларга мос равишда, маъдандор эритмалардан турли хил минералларни хосил бўлиши, фақат маълум бир ҳароратда, босимда ва уларнинг эритмадаги концентрациясида содир бўлади. Магматик ўчоқдан узоқлашган сари оддий холларда ҳарорат ва босим камайиб боради. Концентрация, ҳарорат ва босимнинг пасайиши ҳамда эриган моддаларнинг чўкмага ўтиши билан боғлиқ равишда тебраниб туришга мойил ва шунинг учун ҳар бир минералнинг эритмадан чўкмага ўтиши фақат магматик ўчоқлар атрофида у ёки бу даражада концентрик жойлашган маълум зоналардагина содир бўлади. Энг чуқур, магма ўчоғига яқин зоналарда қалай, вольфрам, молибден ва бир қатор олтин маъданли кон турлари, оралиқ холатни эгалловчи зоналарда мис, цинк ва қурғошин конлари, ер юзасига энг яқин жойлашган зоналарда эса кумуш ва олтин конларининг баъзи турлари, шунингдек, сурьма ва симоб конлари учрайди.
Бу каби турли хил металл маъданларининг магматик ўчоқлар атрофида зоналар ҳосил қилиб тарқалиши, қачонки, магма ер юзасидан унча катта бўлмаган ва ўртача чуқурликда совиган вақтдагина энг яхши намоён бўлади. Агар интрузив тана ер қобиғининг чуқур қисмида қота бошласа, зоналарга ажралиш аниқ намоён бўлмайди.
Фойдали қазилмаларни зонали тарқалиши билан мос равишда қидириш ишларини олиб бориш мақсадларидан келиб чиқиб бу ишларни уч гурухга ажратиш қулай.
1.Интрузив массивлар ичида қидирув ишларини олиб бориш. Одатда гипабиссал она интрузив таналарда муваффақиятга эришиш имкониятлари мавжуд. Аммо, интрузив массивларда кўпинча интрузив массивининг ўзини ёшига нисбатан анча ёш массивларда маданлашув холатлари учраб туради.
2.Чўкинди жинсларнинг юқори чегараси ва интрузив жинслар тахминан тенг ривожланган худудларда қидирув ишларини олиб бориш. Рангли, нодир, ноёб ва камёб метал конларининг асосий массаси айнан шундай худудларда жойлашган.
3.Интрузив жинслар умуман мавжуд бўлмаган худудларда қидирув ишларини олиб бориш. Бундай жойлардан энг паст ҳароратли сурмали, симобли конларни ҳамда паст ҳароратли мис, қўрғошин ва рух каби конларни топиш имкониятлари мавжуд.
Магматоген қидирув даракчиларга ёндош жинслардаги ўзгаришлар ҳарактери, масалан, гранитларнинг грейзенлашуви ҳам киради. Гранитларнинг грейзенларга айланишида дала шпатининг таркибларга ажралиши содир бўлиб, ёрқин слюдалар ва кварцлар ҳосил бўлади. Магма билан бирга келтирилган бор ва фтор грейзенлашган жинсларда турмалин, флюорит ва топаз минералларини ҳосил бўлишига олиб келади. Баъзи бир ҳолларда грейзенлашган жинслар билан қалайлашган конлар боғлиқ.
Бошқа холларда ёндош жинсларнинг ўзгариши серицитлашиш, хлоритлашиш, кварцлашиш, каолинлашиш, доломитлашиш ва бошқа жараёнларда ўз ифодасини топади. Одатда ҳар бир кон турининг ҳосил бўлишида ёндош жинслар у ёки бу даражада ўзгаришга учрайдилар. Аммо, одатда жинсларнинг ўзгариш зоналарини хосил бўлиш вақтида маъданлашиш кейинги навбатга ўтади ва шунинг учун кўпинча бу зоналарда фойдали қазилмалар кузатилмайди. Ўзгарган жинсларни топиш бу хали шу жойда кон бор дегани эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |