Назорат саволлари
Фойдали қазилмаларнинг морфологияси деганда нимани тушунасиз?
Ётқизиқлар қалинлиги ва турғунлигининг қандай синфи ва турларини биласиз?
Фойдали қазилмаларнинг сифати қандай параметрлар билан аниқланади?
Маъданли таналар ётиш шароитлари бўйича қандай фарқланади?
Ёндош жинслар кесмасининг турғунлиги қандай омиллар билан ҳарактерланади?
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш шароитлари қандай геологик–саноат параметрлар билан ҳарактерланади?
Фойдали қазилма ётқизиқларининг ўзгарувчанлиги деганда нимани тушунасиз?
Конларнинг ўлчамлари нималар асосида аниқланади?
Захиралар концентрацияси деганда нимани тушунасиз?
Фойдали қазилмаларнинг саноат турларини гапириб беринг.
II-БЎЛИМ
ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМА КОНЛАРИНИ ҚИДИРИШ
_____________________________________________________________
III-БОБ. ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМА КОНЛАРИНИ ҚИДИРУВ ДАРАКЧИЛАРИ
Конларни муваффақиятли қидириш, разведка қилиш ва баҳолаш уларнинг маъданли майдонларда, районларда, зоналарда, қамбарларда, ҳавзаларда тутган ўрнини ҳар томонлама ўрганишни талаб қилади. Бундай ўрганиш натижалари бўйича ҳариталар, стратиграфик устунлар, турли хил кесмалар, чизмалар, схемалар тузилади ва уларнинг тушунтириш ёзувлари ва таърифлари келтирилади. Чизма графиклар ва уларга берилган ёзма изоҳлар конларнинг иммитация модели ҳисобланади. Уларни тузиш асосида ўрганилаётган геологик тананинг айрим элементларини бир тизимга боғловчи баъзи бир аниқланган ёки макон ва вақтда таҳмин қилинган қонуниятлар ётади.
Адабиётларда бундай геологик элементлар қидириш меъзонлари ёки даракчилари деб аталади. Улар конларнинг жойлашиш қонуниятларини кўрсатиб бериш билан бирга фойдали қазилмаларни қидириш ва баҳолаш учун асос бўлиб ҳисобланади. Қуйида геологик даракчиларни йирик миқёсли разведка башоратлари учун, бошқача сўз билан айтганда, разведка масалаларини ҳал этиш ва фойдали қазилма конларини геологик–иқтисодий жиҳатдан баҳолаш учун геологик асос бўлиб хизмат қилишини қўриб чиқамиз.
Қидириш, разведка қилиш ва баҳолашда конларни назорат қилувчи қонуниятлар йиғиндиси–кон даракчилари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Лекин, улар турли хил кон турлари учун турлича комбинацияланиши ва уларнинг ҳар бири ўзига ҳос кўринишда намоён бўлиши мумкин. Шунинг учун уларни алоҳида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Юқорида кўриб чиқилган конларнинг саноат турлари таснифи асосида ажратилган ҳар бир фойдали қазилма конларининг асосий турлари одатда фақат маълум бир геологик шароитда хосил бўлади. Масалан, теллурли, олтин-кумушли маъданлар одатда ёш нордан вулқоник тоғ жинслари билан боғлиқ конларни қандайдир Уралнинг қадимий метаморфик сланецлари орасидан қидириш фойдасиз бўлади. Аксинча, одатда асосли лаваларнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлган мис сақловчи колчеданларнинг линзасимон таналарини ёш, учламчи ва хозирги нордон лавали вулканлар тарқалган регионлардан қидириш мантиқсиз. Шундай қилиб, геологик шароит фойдали қазилмалар бўлиши мумкин бўлган жойларни белгилайди. Бу шароитларни ўрганиш орқали қидирувчи геологик қидирув даракчилари ёки меъзонлари билан қуролланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |