3.1. Геологик қидирув даракчилари
Геологик қидирув даракчилари – бу кон қидирилаётган худудда узоқ геологик ўтмишда геокимёвий жараёнлар натижасида элементларнинг юқори концентрацияси тўпланган бўлиши ва маълум турдаги конларни ҳосил қилиши мумкинлиги тўғрисида мухокама қилиш имкониятини берувчи омиллар йиғиндисидир. Қидирув даракчилари - геологик ва географик омиллардан келиб чиққан бўлиб, минтақавий ёки ўрта миқёсли даражаларда кўрилади. Одатда бундай омиллар геологик суръатга олиш вақтида, айниқса геокимёвий қидирув ишларини ўтказиш давомида аниқланади. Қидирув даракчилари ҳам ҳар қандай кон учун умумий аммо, кам аниқликга эга бўлган конлар учун универсал ва маълум бир худуд учун ҳарактерли ҳамда нисбатан ишончли бўлган маҳаллий қидирув даракчиларига бўлинади. Конларнинг ҳосил бўлишини белгиловчи жуда кўплаб омиллар одатда қуйидаги олтита асосий гуруҳларга бирлаштирилади: стратиграфик, литологик, магматоген, структуравий, геокимёвий ва геоморфологик даракчиларга бўлинади. Худуднинг геологик тузилишидаги ҳусусиятларга ва таҳмин қилинаётган конларнинг турига кўра, у ёки бу гуруҳ геологик қидирув даракчилари энг муҳим бўла бошлайди. Истиқболли худудларни ажратишда бир нечта универсал ва маҳаллий қидирув даракчиларига таяниш лозим. Стратификацияланган металли конларни қидиришда стратиграфик ва литолого-фациал даракчилар ҳисобга олинса, сочма конларни қидиришда геоморфологик даракчилардан, туб жинслардаги титано-магнетитли ва платинали конларни қилиришда эса магматоген қидирув даракчиларидан унимли файдаланиш мақсадга мувофиқ.
3.2.Стратиграфик қидирув даракчилари.
У ёки бу худудда тарқалган кўплаб конлар маълум бир геологик даврга эга бўлган чўкинди тоғ жинслари билан бирга учрайдилар ва улар бошқа геологик даврга хос бўлган тоғ жинсларида учрамайдилар. Бирор бир даврга хос тоғ жинслари билан боғлиқлик ўрганилаётганда худуднинг геологик тарихи хусусиятларидан келиб чиқилади. Масалан, агар ўрганилаётган давр ётқизиқлари ботқоқланган текисликлар ёки ўсимликлар дунёсига бой бўлган дарё делталари ётқизиқларидан ташкил топган бўлса, бу ерда торф хосил бўлиши ёки дарахтлар кейинчалик тошкўмирга айланиш мумкинлигидан далолат беради. Шундай қилиб, баъзи бир конлар чўкинди тоғ жинслари билан бирга хосил бўлади ва улар орасида ётади (тошкўмир, фосфоритлар, қурилиш материаллари, қисман нефт) ҳамда стратиграфик устунлар таркибига киради.
Ўрганилаётган худудда маълум бир стратиграфик горизонт билан боғлиқ коннинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги бўйича шу худуднинг истиқболли районлиги хақида фикр юритиш мумкин, шунингдек, қидирув ишлари кўмирли ёки фосфоритли ва бошқа стратиграфик горизонтлар ривожланган чегаралар бўйича ташкил этилади. Масалан, Марказий Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистон худудида тарқалган маълум кўмир конлари фақат юра даврига хос тоғ жинслари билан боғлиқ.
Бокситлар, ўтга чидамли гиллар ва фосфорит конларининг бир қисми чўкинди ётқизиқлардаги танаффуслар билан боғлиқ бўлиб, улар турли геологик давр ётқизиқларига хос таналар орасида аралашиб ётадилар. Чунки танаффуслар одатда стратиграфик устунда тўлақонли маълум бир холатни эгаллайди. Шунинг учун, қидирув ишларининг йўналиши ва чегаралари бундай холатларда аралаш стратиграфик свиталарга мос келувчи географик тарқалганлик билан боғлиқ. Барча қатламларнинг ўзаро алмашиниб ётиш хусусиятларининг суммаси, қалинлиги ва чўкинди ётқизиқларнинг тарқалиш майдони, улар орасида қидирув ишларини олиб бориш учун қидирив даракчилари бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |