2.11.Қаттиқ фойдали қазилмалар
Кўмир конлари, асосан катта ҳавзаларни ташкил этиб, ётиш холати ва сифати бўйича турличадир. Кўмир конлари жуда кўп қатламли кўмир сақловчи свиталар ёки қўнғир кўмир ётқизиқларидан ташкил топади. Тошкўмир ўзининг ҳусусиятига қараб ёқилғи сифатида фойдаланиладиган, коксланадиган ва кимёвий қайта ишланадиган турларга бўлинади.
Қора металлар маъданлари–темир, марганец, хром, титан ва уларга қўшимча компонентлар сифатида ванадий, германий, баъзан никель, кобальт ва бошқа элементлардан ташкил топган саноат учун аҳамиятли учта йирик кон турлари мавжуд: 1) темирлашган кварцитлар орасида учрайдиган қатламли ва қатламсимон гематит–магнетитли ётқизиқлар; 2) денгизнинг қирғоқбўйи ётқизиқлари орасида учрайдиган гематит–сидерит-шамозитли қатламлар; 3) чўкинди-эффузивли тоғ жинслари қатламлари билан боғлиқ скарнлардаги магнетит маъдан ётқизиқларининг штоксимон ва плитасимон маъданлари. Бу турларга мансуб темир маъданлари Дунё захирасининг 70%и ни ташкил қилади. Улар дунё бўйича қазиб олинаётган ушбу маъданларнинг тахминан 80% беради.
Марганец оксиди конлари денгиз қирғоқларида ҳосил бўлган ётқизиқлар орасида қатлам кўринишида учрайди. Дунё бўйича шу каби ётқизиқлардан марганецнинг 50 фоиздан кўпроғи олинади.
Титан маъданларининг асосий қисми қадимги титано–магнетит сочмалари ҳосил қилган конлардан қазиб олинади.
Океанлар тубидаги темир–марганец ғуддалари келажакда фойдаланиш учун истиқболли ҳисобланади. Улар анчагина чуқурликда ётишига қарамасдан хозирги кунда уларни олиш имкониятлари мавжуд. Тинч, Хинд ва Атлантика океанлари тубида ўн миллиардлаб тонна темир–марганец ғуддаларидан ташкил топган маъданлар жуда катта майдонларни эгаллаган. Улар таркибида темирдан ташқари 27% гача марганец, бироз никель, мис ва кобальт бор.
Хром асосан, металлургия ва кимё саноатида ишлатилади. Унинг саноат туридаги конлари ультраасосли жинсларда катлам, линзасимон ва томирсимон кўринишда учрайди.
Рангли ва қимматбаҳо металлар маъданларининг саноат турлари аксарият ҳолларда бир мажмуа ҳолда бўлади, яъни 2–3 ва ундан ортиқ бўлган фойдали қазилмалар билан бирга учрайди.
Мис конларида кумуш, молибден ва бошқалар билан бирга элементлар мажмуасини ҳосил қилади. Ультраасосли жинслар никель, мис, кобальт ва платиноидлар мис–никель туридаги конларни ҳосил қилади. Колчедан полиметалл ётқизиқлар метаморфик ва эффузив–чўкинди жинсларда кенг тарқалган бўлиб, уларда қўрғошин, қалай, мис, олтин, кумуш, индий, кадмий, галлий, германий ва бошқалар тўпланади. Штокверк туридаги конлар мис, молибден, олтин ва рений каби фойдали қазилмалар учун ҳарактерли ҳисобланади. Булардан ташқари, жуда катта мисли қумтошлар ва олтинли конгломератларнинг конлари мавжуд. Конгломератларнинг Африкадаги жуда йирик свитаси олтинга жуда бой бўлиб, улар билан бирга баъзан уран ҳам учрайди.
Катта қалинликдаги боксит қатламлари алюминийнинг асосий маъдани ҳисобланади. Рангли ва қимматбаҳо металлар томирли жинсларда катта концентрацияда учраши мумкин, аммо уларда маъдан миқдори аввал изоҳ берилган турлардагига нисбатан анча кам бўлади.
Рангли металлар учун океан тубида тўпланадиган маъданлар янги саноат тури сифатида қабул қилиниши мумкин. Маълум бўлишича, Тинч океанининг шарқий қисмида катта миқдорда сфалерит, пирит, марказит, бироз мис, қўрғошин, кумуш ва кадмий мавжудлиги аниқланган. Қизил денгиз гиллари таркибида 3% мис, 10% цинк, кумуш ва олтин борлиги аниқланган.
Радиоактив элементлардан ураннинг концентрацияси конгломерат, қумтош ва сланецлар таркибида кўп, томирли жинслар таркибида эса кам учраши аниқланган.
Нодир элементларнинг муҳим манбалари–пегматитли томирлар ва гранитоидларнинг грейзенли зоналари билан боғлиқ береллий, литий, ниобий ва тантал маъданлари ҳисобланади.
Денгиз қирғоқларида ҳосил бўлган ётқизиқларда учрайдиган сочма циркон, монацит ва рутил минераллари шу минералларни ташкил қилган элементлар учун катта саноат тури ҳисобланса, ишқорий интрузив жинслар V, La, Ce, Pr, Nd, Sm, Su, Gb, Tb ва бошқалар учун асосий манба бўлиб хизмат қилади.
Саноат хом-ашёлари учун маъданлар. Графит конининг саноат тури метаморфизмга учраган кўмирдир. Уларда линза ва томирлар кўринишида учрайдиган кристалли графит ўзининг кўп соҳаларда ишлатилиши билан ажралиб туради. Серпентинитлардаги хризотил-асбестларнинг йирик томирли зоналарида ва метаморфиқ ётқизиқлар орасида учрайдиган антофиллит–асбести асбестнинг икки хил саноат турини ҳосил қилади. Шунингдек, пегматитлар, гнейс ва кристаллик доломитлар билан боғлиқ бўлган слюда(мусковит, флагопит) конлари асосий саноат тури ҳисобланиб, бутун дунёда шу хом ашёга бўлган талабни қондириш учун етади.
Олмоснинг асосан иккита: сочма ва кимберлит трубкалари билан боғлиқ саноат туридаги конлари мавжуд.
Гранитоидлар ва кварцитлардаги кварц томирларида ва карбонатли тоғ жинслари бўшлиқларидаги “уячалар” ни тўлдириб турувчи флюорит ва исланд шпати конлари энг йирик саноат аҳамиятига эга бўлган конлар ҳисобланади.
Кимё саноати учун хом-ашёлар. Туз ва фосфоритлар жуда катта қалинликга эга бўлган чўкинди жинс қатламларини ҳосил қилади. Бу гуруҳга стронций, бор, олтингугурт, барит, селитралар, аччиқтошлар ва бошқалар киради. Штоксимон ва линзасимон калий ва натрий тузлари мураккаб структурали–метаморфик тоғ жинсларида учрайди.
Қурилиш ва флюсли материаллар. Бу гуруҳга саноат учун аҳамиятли гил, кварц қумли қатламлар ва линзалар, қуйма кварцит, охактош, гипс қатламлари, доломит ва магнезит қатламлари ва линзалари, бўрнинг линзасимон ётқизиқлари киради. Булардан ташқари, мармарлар, туфлар, гранитлар, габбро, порфиритлар, лабродоритлар безак тошлари сифатида ишлатиладиган тоғ жинсларининг миқдори чексиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |