2.7. Фойдали қазилма ётқизиқларининг ўзгарувчанлиги. Агар юқорида кўриб чиқилган конларни қазиб олиш учун муҳим бўлган геологик ҳусусиятлар–ётқизиқлар параметрлари уларнинг барча қисмларида бир хил бўлганда эди, уларни разведка қилиш ва қазиб олиш катта қийинчилик туғдирмаган бўлар эди. Бундай ҳолларда битта нуқтадаги очилманинг ўзи бўйича олинган барча ўлчовларни, кузатувларни ва тадқиқот натижаларини ётқизиқ контури доирасидаги бутун ётқизиқларга тадбиқ этиш учун етарли бўлар эди. Аммо, табиатда бундай фойдали қазилма ётқизиқлари мавжуд эмас. Геологик–саноат параметрлар қиймати ётқизиқ контурлари доирасида ўзгаради. Уларнинг ўзгарувчанлиги конларни разведка қилиш ва эксплуатацияси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга ва уни ҳам конларни қидириш ва разведка қилишнинг муҳим назарий иқтисодий омиллари сифатида қараш лозим бўлади.
Умумий ҳолда геологик параметрлар ўзгарувчанлиги қанча кескин ва қийин бўлса, разведка маълумотларини ва кичик масофаларни умумлаштиришда шунча катта хатоликларга йўл қўйилиши мумкин.
Эксплуатация ҳисобларини лойиҳалаш учун ҳар бир геологик – саноат параметрларнинг ўртача қиймати сифатида ва шунингдек, уларнинг ўзгариш чегаралари, бутун ётқизиқ ва унинг айрим блоклари бўйича ўзгаришлар ҳарактери ҳақида маълумотлар йиғилади.
Конни разведка қилишнинг биринчи босқичида геолог, разведка қилиш лаҳимларини тўғри жойлаштириш учун коннинг ўзгарувчанлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиши лозим. Разведка жараёнида коннинг ўзгарувчанлиги ҳақидаги тасаввурларга аниқликлар киритилади. Коннинг ўзгарувчанлиги ҳақидаги разведка натижасида олинган геологик параметрлар, саноатга тўлақонли, аниқ ва ишончли ахборотлар бериш учун майда тавсилотларигача ўрганилган бўлиши керак.
Конларнинг геологик–саноат параметрлари ўзгарувчанлигини уларнинг ҳарактери, даражаси ва структураси бўйича фарқлаш лозим. Ўзгарувчанлик ҳарактери конларнинг геологик параметрлар қийматидаги ўзгаришларда маълум қонуниятларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигида ўз ифодасини топади.
Турли хил геологик белгиларнинг қонуниятли ўзгаришларига кўплаб мисоллар мавжуд. Бундай ўзгарувчанликларга мисол сифатида чўкинди йўл билан ҳосил бўлган линзасимон таналар қалинлигининг олис томон аста секинлик билан камайиб бориши, баъзи бир маъданли таналар моддий таркибининг вертикал ва горизонтал зоналарга ажралиши, уларнинг қалинликлари бўйича маъданли таналар таркибини зоналарга ажралиши, нураш қобиғи профилининг қонуниятли ўзгаришлари, чўкинди йўл билан ҳосил бўлган конларнинг фациал зоналарга бўлиниши хизмат қилиши мумкин. Ўзгарувчанликнинг стратиграфик қонуниятлари ҳам назарда тутилади, масалан, бир коннинг ўзида стратиграфик жихатдан юқоридан пастга томон кўмирнинг метаморфизмга учраш даражаси ошиб боради.
Икки ва ундан ортиқ белгиларнинг қонуниятли ўзгарувчанлиги орасида ўзаро боғлиқлик холатлари кўп. Масалан, кўпинча полиметалли конларда кумуш миқдори қўрғошин миқдорига ва кадмий миқдори цинк миқдорига боғлиқ равишда ўзгаради. Кўпинча маъданли тана қалинлигининг маъданлар таркибига кирувчи компонентлар миқдорига нисбатан тўғридан – тўғри ёки тескари боғлиқлиги кузатилади. Кўмирнинг куллилигига нисбатан ёниш иссиқлиги, гилларнинг кимёвий таркибига нисбатан ўтга чидамлилиги қонуниятлари умумэътироф этилган. Энг оддий ҳолатларда қонуниятли ўзгаришларнинг миқдорий параметрлар қийматини тўғридан-тўғри ва градиент ўзгарувчанлик қонуни бўйича аниқлаш мумкин, бу эса ушбу қонунга бўйсунувчи ҳар қандай нуқтада параметрлар қийматини олдиндан кўриш имконини беради.
Бир қатор ҳолларда мураккаб эгри чизиқлар бўйича ўзгарувчанлик қонуниятлари аниқланади. Масалан, чўкинди йўл билан ҳосил бўлган конлар кўпинча геологик белгилар ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги циклик ўзгарувчанлик билан ҳарактерланади. Бундай ўзгарувчанлик турларининг тарқалиш майдони чекланган. Бундай қонуниятни илғаб олиш қийин, ўзгарувчанлик қонунияти контурини белгилаб олиш учун, барча ўзгариш белгиларидаги кўплаб жиҳатларни, аниқланганларини ўртачалаштиришни, оддий кузатувларни умумлаштиришни тавсилий жихатдан яхши ўрганиш талаб қилади.
Ўзгарувчанлик даражаси – ўрганилаётган белгиларнинг тебранишидир. Ўзгарувчанлик белгиларини миқдорий жихатдан охирги қийматлар ёки ўртача қийматлардан четга чиқиш амплитудалари билан баҳолаш мумкин.
Маълумки, фойдали қазилма таналари баъзи бир структураларга эга бўлади. Уларда бошқа участкалардаги шу каби таналардан ички геологик бир хиллилиги билан фарқ қилувчи зоналар ва участкалар(геологик блоклар) ажратилиши ва контурланиши мумкин. Масалан, маъданли таналардаги турли хил сингенетик ва эпигенетик ўзгаришлар, вертикал ва горизонтал зоналанишлар, метасоматозлар, фойдали қазилмаларнинг турли хил моддий таркибга эга бўлган участкалари ва блоклари, турли хил табиий ва саноат турига хос хом – ашё навларидан ташкил топганлиги, камбағал ва сийрак маъданлар орасида жойлашган бойиган маъданли устунсимон таналар, саноат аҳамиятига эга бўлган маъданли ётқизиқларда маъдансиз ва ноконденцион дарчаларнинг мавжудлиги, қалинликларнинг катталашуви ва кичрайиши, ётқизиқлар тузилишидаги турли хил ўзгаришлар, турли хил ётиш шароитларига эга бўлган тектоник блоклар ва бошқалар аниқланиши мумкин. Фойдали қазилма таналарининг бундай зона ва участкаларини геологик блоклар деб аташ мумкин.
Геологик блоклар ички тузилишига кўра улардаги маъданли таналарга нисбатан бир хил. Геологик блокларнинг контурлари, ўзаро нисбий ҳарактери ва ўлчамлари маъдан ҳосил бўлиш, фойдали қазилма конлари ва айрим ётқизиқларнинг хосил бўлиш жараёнлари ва ривожланиши натижасида шакилланадиган маъданли тана структурасини ҳарактерлайди.
Геологик блоклар танасида фойдали қазилмаларни ажратиш ва контурлаш маъданли майдонлар, конлар ва маъданли таналар структураси ҳақидаги таълимот асосида фойдали қазилма конларининг ҳосил бўлиш қонуниятлари ва жойлашишидан келиб чиқиб, аниқ геологик маълумотлардан фойдаланиш йўли билан асосланиши ва маълум даражада башорат қилиниши мумкин.
Разведканинг энг асосий вазифаларидан бири маъданли таналарнинг ўзида мужассам этган геологик жихатдан бир ҳил бўлган блокларни аниқлаш ва контурлашда ўз аксини топади. Конларни қазиб олишнинг хозирги механизациялаштирилган усули тоғ – техник шароитларни маълум даражада яхлитлиги ёки хеч бўлмаганда маъданли таналарнинг бир участкадан бошқаси томон ўзгариб бориш ҳарактери ҳақидаги маълумотларни олишни талаб этади.
Минерал хом–ашёларни самарали бойитиш, завод шароитида қайта ишлаш ва фойдаланиш учун маъданларнинг сифати ва ҳусусиятлари бўйича яхлит, стандартли бўлиши лозим. Агар разведка вақтида геологик таналар аниқланмаган ва контурланмаган бўлса, хом – ашё сифати ва ҳоссалари нисбатан яхлит ва турғун бўлган тоғ – геологик шароитларда саноатнинг бу талабларини таъминлаш мумкин эмас. Шундай қилиб, фойдали қазилма таналарининг геологик блокларга ажратилиши ҳақидаги масала ва уларнинг айрим тавсифи – развдканинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бир геологик блок доирасида айрим геологик–саноат параметрларнинг ўзгарувчанлиги, табиийки, бошқа блоклардаги ўзгарувчанликдан ўзининг даражаси ва ҳарактери бўйича фарқ қилади. Барча маъданли таналар бўйича ўзгарувчанлик параметрларини ўрганиб, ундан сўнг структурасидаги ўзгарувчанлигини, бошқача қилиб айтганда, айрим геологик блокларнинг ҳусусиятларини ва ўзгарувчанлик даражасини ажратиш лозим. Шундай қилиб, структуравий ўзгарувчанлик – бу ўзгарувчанлик кўрсатгичларини макон бўйлаб тарқалишидир. У оддий, мураккаб, қонуниятли ёки қонуниятсиз бўлиши мумкин.
Маъданли тананинг геологик структураси билан геологик–саноат параметрларининг ўзгарувчанлиги орасида маълум боғлиқлик мавжуд. Айнан баъзи бир геологик – саноат параметрларнинг ўзгарувчанлиги бўйича кўпинча эмпирик равишда айрим геологик блоклар ва маъданли таналар структурасининг чегаралари аниқланади. Масалан, ётқизиқлар қалинлигининг ўзгарувчанлик ҳарактери ёки фойдали компонентлар миқдори, асосий хом – ашё тури ва нави, тектоник элементлар бирлиги ва ётиш шароитларининг бир хиллиги, ёндош жинсларнинг таркиби ва ҳоссалари бўйича маъданли тана ва конларнинг структура элементлари ажратилиши мумкин. Шундай қилиб, геологик–саноат параметрларининг ўзгарувчанлик структураларини аниқлаш нафақат амалий аҳамиятга эга балки, геологик разведка кузатувларини умумлаштириш ва геологик қонуниятларни аниқлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Геологик–саноат параметрлар ўзгарувчанлигини ўрганиш учун математик модуллаштириш усуллари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |