1.3.Фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш тарихи ҳақида қисқача маълумотлар.
Маълумки, инсонлар жуда қадим замонлардан бошлаб баъзи фойдали қазилма маъданларидан фойдаланиб келишган. Археологлар ғорлардан, Миср пирамидаларидан ва Скиф қўрғонлари каби қадимги одамлар яшаган барча жойлардан, ўша вақтларда инсонлар учун фойдаланиш осон бўлган тошлардан ва металлардан ясалган буюмларни топишган. Инсонлар томонидан фойдаланилган дастлабки минерал хом ашёлар-гиллар ва кремний, тузлар ва бўёқ хом-ашёлари, оддий ва қимматбаҳо тошлар бўлган. Бронза, темир ва бошқа металларни қўлланиши билан ишлатиладиган хом ашёларнинг сони ҳам ошиб борган. Буларни тарихини ўрганиш геология-разведка ишларини ўрганиш билан чамбарчас боғлиқ ва мароқлидир.
Фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш ишлари Кавказ ўлкаси атрофидаги мамлакатларда, Сибирда ва Ўрта Осиёда жуда қадим замонлардан бошлаб ривожланган. Бу хақда кўплаб қадимги тоғ лаҳимлари ва узоқ ўтмишдан қолган маданий ёдгорликлар гувоҳлик беради. Археологлар эрамиздан аввалги VII –VI – асрда яшаган Скифлар томонидан Қора денгиз, Днепрь ва Днестр бўйларида ўша вақт учун жуда салмоқли ҳисобланган маъданлардан темир эритиб олинганлиги тўғрисида фикр юритиш имконини берадиган металл эритиш печлари ва шлак қолдиқларини топишган.
Ўрта асрлар давомида тоғ-кон ишлари кенг тараққий этган жойлар Европанинг Чехия, Силезия, Саксония ва Мордавия ҳисобланади.
Фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш назарияларига асос солган немис олими, металлург, минералог, врач Георгий Агрикола шу йўналишдаги кўплаб илмий ишлар муаллифи ҳисобланади. У ўзининг ишларида ўрта асрларга қадар бўлган маълумотларни умумлаштириб, металл эритиш, маъданни бойитиш, қазиб олиш технологияси, фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш ҳақидаги диққатга сазовор маълумотларини келтиради. У маъданларни тўпланишида асосий ролни сув ўйнайди деб ҳисоблайди. Маъдан таналарининг томир, шток, қатлам ва линза шаклларида учраши мумкинлигини кўрсатиб ўтади. Энг қизиғи ернинг ички ҳароратини юқорилигини кўмир ва битумларнинг ёнишидан деб тушунтиради. Агрикола минералларни 4 гурухга: ер, тузлар, қимматбаҳо тошлар ва металларга бўлади. Унинг “Ер остидагиларнинг келиб чиқиш сабаблари нималар” (1546йил), “Ердан нималар оқиб чиқади ва унинг сабаблари” (1546йил), “Қазилма бойликларнинг табиати” каби асарлари 200 йилдан кўпроқ тоғ-кон ишларида қўлланма сифатида фойдаланиб келинади.
Хитой, Хиндистон, Миср каби мамлакатларда эса, жуда қадим замонлардан бошлаб, фойдали қазилмалардан фойдаланишни билганлар. Масалан, Хитойда эрамиздан 2000 йил аввал нефрит олишган, ундан фойдаланиш учун ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, туз конларини қидириб топиш ва бурғулаш ишлари ривожланган. Компас, қоғоз, порох, сисмограф каби асбоблар ўша даврларда ишлаб чиқилган. Хиндистонда жуда қадим замонлардан олтин, аметист, яшма, олмос каби қимматбаҳо тошлар қазиб олинган.
Ўрта Осиёда анча илгари кўмир, олтингугурт, нефть, полиметаллар, симоб каби минерал хом-ашёлар қазиб олинган. Юқорида кўрсатилган мамлакатлардаги тараққиётнинг тўҳтаб қолишига ёки орқага сурилишига ўзаро уришлар, босқинчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
Фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш ишлари асосан XVIII - аср охири ва XIX – аср бошларидан жуда тез ривожлана бошлаган.
Собиқ иттифоқ даврида фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш ишлари жуда шиддат билан олиб борилган ва топилган минерал хом-ашёларнинг аксарият қисми марказга ташиб кетилган.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, унинг ер ости бойликлари ўзбек халқининг фаровонлиги, мумтақилликни мустаҳкамлаш учун ишлатилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |