Разведканинг асосий тамойиллари. Разведка энг аввало, конларни геологик ўрганиш бўлиб, бунда конларга хос бўлган барча геологик ҳоссаларни тадқиқ этмасдан туриб, ижобий ҳулосага келиш мумкин эмас. Разведка ҳар доим кон майдонида ўтказилган табиий ва сунъий очилмалардан кенг фойдаланган холда ўрганилган худуднинг тавсилий геологик суръатга олиш маълумотларига асосланади. Тавсилий геологик суръатга олиш ишларини олиб борган геолог иштирокида кон разведкасини амалга ошириш жуда маъқул холат ҳисобланади.
Кетма-кет яқинлашув тамойили геологик разведка жараёнини босқич ва кичик босқичларга табақалашга асосланган. Бу биринчи навбатда ўрганиладиган конларининг геологик хоссалари ва уларнинг ўлчамлари бир хил бўлмаслигидан, амалий вазифаларни ечиш учун тадқиқотлар объектларини локализациялашга ва ушбу хоссалар ҳақидаги тушунчаларга аниқлик киритишга имкон берувчи ишларни кетма-кет тафсиллаш натижасида маълумотларни ошириш билан белгиланади.
Ўхшашлик тамойили разведка қилинаётган бир туркумли конларнинг жойлашишидаги геологик-структуравий шароитлари, маъданларнинг моддий таркиби ва фойдали компонентларнинг тарқалишидаги ўзгарувчанлик бўйича умумий ўхшашлик хусусиятларини ҳарактерловчи белгиларни ўрганишда тўпланган тажрибалардан фойдаланишга асосланган. Разведка қилинаётган кон ва унинг муқобиллари етарли даражада ўхшаш бўлганда ушбу бош мезонлардан саноат типи, тизими ва уни разведка қилиш усуллари, мўлжали, шакли ва разведка тўрининг зичлигини белгилашда фойдаланилади. Разведка босқичларида, ўхшашлик тамойилидан келиб чиққан ҳолда, маҳсулдор тоғ лаҳимлари ва бурғи қудуқларидан ташқарида маъданлашувнинг башорати экстраполяция зоналари шаклида амалга оширилади.
Танлама тафсиллаш тамойили конларнинг типик участкалари, маъданли зоналари ёки тўпламларида (эталон) бошқа участкаларга қараганда батафсил ишларни амалга оширишни кўзда тутади. Эталон участкалар геологик хоссаларининг ўзгарувчанлиги ҳақидаги маълумотлар ўхшашлик тамойили бўйича қолган участкаларда ҳам қўлланилади.
Тадқиқотлар тўлиқлиги заҳираларини ҳисоблаш, кондицияларни тузиш, қазиб олиш ва минерал хом ашёни қайта ишлаш бўйича корхоналарни лойиҳалашда лозим бўлган маълумотлар билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тамойилга риоя қилиш коннинг барча ўлчамлари ва контурлари ҳақида, хусусан маъданлашувнинг чуқурликда тарқалиши, унинг алоҳида маъданли таналари, тоғ-геологик, гидрогеологик ва бошқа табиий шароитлари, уларнинг ётиш шакллари, маъданларнинг саноат навлари ва турлари, комплекс ва фазовий таркиби, уларда қимматли компонентларнинг тарқалиш қонунияти ҳақида маълумот олишга имкон беради. Тадқиқотлар тўлиқлиги даражаси ўтказилган ишларнинг тафсиллиги билан боғлиқ. Фойдали қазилма таналари тузилишининг дискертлилигини эътиборга олган ҳолда тадқиқотлар тафсиллиги бўйича маълумотлар олишга сарфланган ҳаражатларни коннинг эксплуатациясини қоплаш мумкин бўлган даражагача ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаш мумкин.
Тенг ишончлилик ёки ўрганилганлик тамойили тадқиқотлар объектларининг табиий даражалари бўйича ҳам, уларнинг фазодаги алоҳида параметрлари бўйича ҳам ажратилади. Бу тамойил конларнинг геологик хоссаларини ўрганишда ўзгарувчанликнинг субъектив омили таъсирини чегаралашга имкон беради. Уни муайян йўналишларда тасодифий катталик деб қараш мумкин. Бу тамойилга фойдали қазилма таналарининг йўналиши ва ётиши бўйича намуналанувчи разведка лаҳимлари ва бурғи қудуқлари орасидаги тенг масофа катталигини танлашда амал қилинади.
Энг кам ҳаражатли ва вақтли тамойили разведканинг юқорида санаб ўтилган тамойилларига амал қилишнинг режали-иқтисодий ёндошувини ифодалайди. Бунда вужудга келувчи қарама-қаршиликлар унинг барча тамойилларини қониқтирувчи ва геологик разведка ишларининг максимал самарадорлигини таъминловчи разведканинг оптимал вариантини топиш орқали ечилади,.
Do'stlaringiz bilan baham: |