14-боб. ПОЕЗДЛАРНИНГ ВАҚТНИ ТАҚСИМЛАШ
ТАРТИБИДА ҲАРАКАТИ
398. Вақтни тақсимлаш (кетма-кет) тартибида поездлар ҳаракати ДАТК раиси томонидан белгиланади.
399. Поездларни вақтни тақсимлаш тартибида жўнатиш фақат айрим, ўтказиш қобилияти чекланган, камида тормозлаш йўли масофасида кўринишни таъминлайдиган план ва профилга, автоблокировка билан жиҳозланмаган йўлларга эга перегонларда, шунингдек, автоблокировка билан жиҳозланган перегонларда блокировка қурилмалари узоқ вақт ишдан чиққан ҳолатларда, телефон алоқа воситалари орқали поездлар ҳаракати ўрнатилгандан сўнг қўлланиши мумкин.
400. ДАТК раисининг буйруғи билан поездларни вақтни тақсимлаб жўнатиш рухсат этилган перегонлар, кетма-кет жўнатилаётган поездларнинг энг катта ҳаракат тезликлари ва жўнатилаётган поездлар орасидаги энг кам вақт оралиқлари белгиланиши лозим.
401. Вагонларни перегонга туташ шаҳобча йўлларга қўйилган ҳолатларда, шунингдек, жўнатилган поезд кетидан жўнатилиш станциясига қайтадиган хўжалик поездлари ҳаракатланганда, вақтни тақсимлаб ҳаракатланиш тартиби ДАТК ташишларни ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи томонидан белгиланади.
402. Вақтни тақсимлаш тартибида поездлар ҳаракати поезд диспетчерининг тегишли перегонни чегараловчи станцияларга узатиладиган қайд этилувчи буйруғи билан ўрнатилади.
403. Вақтни тақсимлаб жўнатилганда биринчи поезднинг машинисти перегон учун белгиланган нормал тезликда ҳаракатланиши лозим. Иккинчи поезднинг машинисти поездни ушбу ҳолатлар учун ДАТК раиси буйруғи билан ўрнатилган тезликдан оширмасдан, ўта эҳтиёткорлик билан ва ҳаракатга тўсиқ учраса, дарҳол тўхтатишга тайёр ҳолда юритиши керак.
404. Қуйидаги поездларни вақтни тақсимлаб (кетма-кет) жўнатиш тақиқланади:
а) йўловчи, почта-багаж, йўловчи-юк ва одамлар ташийдиган, шунингдек, таркибида 1 классли хавфли юк (ВМ) ортилган вагонлар ва суюлтирилган газли цистерналар бор поездларни. Бундай поездлар ортидан ҳам бошқа поездларни жўнатиш рухсат этилмайди;
б) вагонларни илгарига қаратиб ҳаракатланганда;
в) олдинда кетаётган поезд учун перегонда тўхташ кўзда тутилган бўлса;
г) туман, бўрон пайтида ва сигналларни кўринишини ёмон-лаштирадиган бошқа ноқулай шароитларда.
405. Бир ва икки йўллик перегонларда ҳам поездларни вақтни тақсимлаб жўнатиш фақат телефон алоқа воситалари бўйича бир йўллик ҳаракат қоидаларига асосан ёки электр жезл тизимида амалга оширилади. Поездларни вақтни тақсимлаб ҳаракатланиши pyxcaт этилган перегонларнинг жезл аппаратларида бураб чиқариладиган жезллар бўлиши керак.
406. Поезд диспетчерининг ҳаракатни телефон алоқа воситалари орқали ўрнатиш ва поездларни вақтни тақсимлаб жўнатиш хақидаги буйруғи олингандан сўнг, бундай поездлар ҳаракати тўғрисида поезд телефонограммалари бир йўллик ва икки йўллик перегонларда қуйидаги шакллар бўйича узатилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |