Ушбу назарий қарашлар ва хулосаларга асосланилган ҳолда кейинги бобларда Усмон Азим шеърияти мисолида поэтик индивидуалликнинг моҳияти ҳақида мулоҳаза юритилади.
Иккинчи боб
ПОЭТИК МАТНДА ТАКРОР УСУЛИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ ПРОСОДИК ВА КОМПОЗИЦИОН ПРИНЦИПЛАРИ
Матнда муайян стилистик мақсадлар кўзда тутилиб, тилнинг барча сатҳларидаги бирликлар такрорга юз тутиши мумкин. Бу ҳодиса барча функционал услубларга у ёки бу даражада учрайди ва бу услубларнинг моҳиятидан келиб чиқиб вазифа бажаради. Бадиий услубда эса у энг фаол қўлланиладиган стилистик фигурадир.
Илмий манбаларда такрорнинг акромонограмма, аллитерация, анадиплосис, анафора, анноминация, антанакласа, ассонанс, боғлам, метабола / антиметабола, полиптотон, прозаподосис, рифма, шарҳ, эпанод, эпистрофа, эпифора, қайталаниш, қуршаб олиш сингари турларининг қўлланиши риторика билан боғлиқ тарзда вужудга келганлиги ҳақида маълумотлар берилади.61
Ўзбек мумтоз адабиётида ҳам лафзий санъатларнинг бири сифатида такрор фаол қўлланган ва тил бирликларининг, хусусан товуш, сўз, сўз бирикмаларининг шеърий асарнинг қайси ўринларида қайтарилиб келишига қараб унинг (такрор, мукаррир) илтизом, раддул-қофия, тадбил, таржиъбанд, таржиъот, тарсиъ, тасбиғ (ташобеҳул-атроф), тасдир, уюштириш (тансиқ ус-сифат, ҳусн ун-насақ, риёқат ул-аъдод, таътид), эънот, қайтариқ, қоришиқ, ҳожиб сингари кўплаб кўринишлари мавжуд бўлган. Гаплар такрори раддул-матлаъ, товуш такрори тавзиъ санъати дейилган.62
2.1. Аллитерация поэтик индивидуалликни белгиловчи омил сифатида
Такрорнинг ҳар бири тадқиқотимиз мавзуси учун танланган Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим индивидуаллигини тасдиқловчи стилистик-поэтик восита бўла олади. Масалан, стилистик фигуралар сирасига кирадиган такрор ва унинг бир кўриниши сифатида қараладиган аллитерация поэтик матн таркибида ғоят муҳим бадиий-эстетик вазифани адо этадики, уни фоника соҳасининг етакчи унсури сифатида таҳлил этиш муайян ижодкор услубига хос бўлган жиҳатларни белгилашда қимматли хулосаларни бериши мумкин. Чунки нутқ жараёнида товушлар талаффузидан ҳосил бўладиган экспрессив оттенкаларни ўрганувчи соҳа – фоника товушлар уйғунлиги қонуниятларини ўрганиш баробарида миллий поэтиканинг бир қатор қонуниятларини очишга кўмаклашади. Фоника – нутқнинг товуш томондан ташкил этилишини ўргангани учун ҳам поэтик нутқнинг сатҳларидан бири сифатида қаралади ва қатор стилистик фигураларни ўз ичига олади.
Шеърий асарлар мазмунидаги жарангдорлик ёки маҳзунлик, кўтаринкилик ёки тушкунлик, жўшқинлик ёки майинлик, бирон бир жиҳатни ажратиб кўрсатиш ёки тасвирнинг умумий фонида қараш сингари ҳолатлар матнда айрим товушларнинг қўлланишига ва уларнинг баъзан турли оҳангда айтилишига боғлиқ бўлиб қолади. Поэтикада маънони кучайтириш ва тасвирдаги айрим эпизодларни алоҳида ажратиб кўрсатишнинг махсус усули товушлар такрори бўлиб ҳисобланар экан63 бу ерда ҳам шаклнинг мазмун реаллашувига хизмат қилиш тамойили амал қилади.
Афсуски, ўзбек тилшунослигида бадииятнинг самарали ресурсларидан бири саналадиган товушларнинг экспрессив хусусиятларини ўрганишга доир кузатишларнинг камлиги бу бордаги кузатишларни маълум даражада қийинлаштиради.64
Шоирлар асар матни устида қунт билан ишлаши, матнда биронта ҳам элементнинг ортиқча бўлмаслигига, ҳатто қўлланган ҳар бир сўз таркибидаги товушнинг ҳам таъсирчан бўлишига, муайян бадиий-эстетик самара беришига ҳаракат қилиши ва бу жараёнда ифоданинг хилма-хил усулларидан фойдаланиланиши табиий ҳол, албатта. Шу боис ижодкорлар тил бирликларининг нафақат мазмунан, балки товуш мослигини таъминлаш учун ҳам интиладилар ва бу йўлда бир ёки бир-бирига ўхшаш товушлар, бўғинларида оҳангдош товушлар учрайдиган сўзларни махсус қўллайдилар.
Чунки фонетик воситалар поэтик нутқда мазмуни ва бадиий имкониятига кўра муҳим бўлган сўзни, образни ёки мавзуни алоҳида таъкидлаш вазифасини бажариши мумкин. Жумладан, аллитерация ҳам шундай. Бадиий ижоднинг хусусиятлари ҳақида гапирган В.Маяковский «Шеър қандай ёзилади» («Как делать стихи») мақоласида «Мен ўзим учун муҳим бўлган сўзнинг янада ажралиб туриши, унинг бир рамкада сақланиши учун аллитерацияга мурожаат қиламан», деб ёзган экан. Дарҳақиқат, шундай товушлар борки, улар чиндан ҳам муайян мақсадларга хизмат қилади. Масалан, рус тилида з, с товушлари сокинлик ва хотиржамликка, ч чорасизлик ва кескинликка, л товуши назокат ва гўзалликка, р қатъиятга ишора қилиб туради .65
Л.Г.Барлас «Рус тили. Стилистика» асарида М.В.Ломоносовнинг а товуши улуғворликни, коинотнинг кенглигини, кутилмаган қўрқинчни; е, и, ю товушлари майинликни, ёқимлиликни, йиғлоқиликни ва кичик нарсаларни; я ёқимлиликни, қувноқликни, майинлик ва мойилликни; о, у, ы қўрқинч ва кучли нарсаларни: ғазаб, ҳасад, ҳадиксираш ва қайғуни англатиши; к, п, т, б, г, д лар тумтоқ, маъносиз ва уларда ширинлик ҳам, куч ҳам йўқ эканлиги, с, х, ц, ч, р талаффузда жарангдор ва шиддаткор ҳамда кучли, буюк, баланд, кучли ва ажойиб нарса ва ҳодисаларни ифодалаши, ж, з, в, л, м, н мулойим талаффуз этилиши ва шунинг учун мулойим ва юмшоқ нарса ва ҳаракатларни ифодалаши ҳақидаги фикрларини қайд этган.66
Лекин шу нарса аниқки, бир тилдаги товушларнинг эмоционал-экспрессив хусусиятлари иккинчисиникига ўхшамайди ва бу жиҳат ҳар бир тилнинг миллий хусусияти сифатида қаралади. Ўзбек поэтик нутқи материалини ташкил этишдаги товушларнинг хосланиши статистик метод асосида таҳлил этилган М.Ҳакимов ва В.Жабборовлар «Поэтик нутқда товушларнинг хосланишига доир» номли мақоласи ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Унда Э.Воҳидовнинг «Ўзбегим» қасидаси таҳлил объекти қилиб олиниб, 400 та унли, 600 та ундош товушнинг статистикаси ўрганилган. Мақола муаллифлари шу тарзда олиб борган таҳлилларга асосланган ҳолда «р, н, л, м ундошлари ва о унлисини ҳақли равишда поэтик товушлар деб ҳисоблаш мумкин», деб о унлиси ҳамда д, у ундош товушларининг поэтик нутққа хосланганлигини; қ, ғ, нг, в, ч, ҳ, х, ф, ж, п товушлари частотасининг нисбатан кам эканлигини; а, и унлилари, т, б, с, й, к, ў, ш, з, э, г товушларининг умумнутқ товушлари ҳисобланишини исботлаб беришганки, бу фикрлар ҳам товушларнинг поэтик услубдаги рамзий характерини, аллитерация ёки ассонанс ҳодисаларининг юз бериш қонуниятларини англашда аҳамият касб этади.67
Хўш, стилистик фигуралар тизимда қараладиган аллитерация қандай ҳодиса? Илмий манбаларда бу саволга жавоблар анчагина ва улар кўпчилик ҳолатларда бири иккинчисини такрорлайди ёки тўлдиради ҳамда «матндаги ундош товушлар такрори» тушунчаси остида бир махражга бирлашади. «Мисралар, ундаги сўзлар бошида бир хил ундош товушларнинг такрор қўлланиши»68 сифатида баҳоланадиган аллитерация поэзиянинг асосий талабларидан бири сифатида қадимдан, балки шеърият пайдо бўлган дастлабки пайтлардан буён бадиий матнда оммалашган ва стилистик усул сифатида қўлланилиб келинаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам аллитерация товуш такрорининг энг кўп тарқалган кўриниши сифатида эътироф этилади. Бу туркий, жумладан, ўзбек шеърияти учун ҳам хос хусусият. Товушлар такроридаги бу фаоллик, биринчидан, ўзбек тили товушлар тизимида ундошларнинг етакчилик мавқега эгалиги, иккинчидан, маънолар ҳам, асосан, ана шу товушлар туфайли фарқланиши билан изоҳланади.
Фониканинг муҳим элементи сифатида қараладиган аллитерация товуш такрорининг алоҳида кўриниши ҳисобланади ва унда фақат ундош товушларнинг такрори назарда тутилади. Унинг акси бўлган унли товушлар такрори эса ассонанс деб номланади. Шунга асосланиб, товуш такрорининг икки тури – аллитерация ва ассонансни қайд этиш тўғри бўлади.
Матн маъносини кучайтиришга хизмат қилиши аллитерациянинг асосий вазифаси бўлса, ифоданинг таъсирчанлигини ошириш навбатдаги вазифасидир. Мазкур стилистик фигуранинг матнни англаш, тушуниш ва ҳис этишдаги хизматларини аниқлашда унинг оғзаки нутқ ҳодисаси эканлигини унутмаслигимиз зарур. Афсуски, таҳлилдаги қулайликлардан келиб чиқиб, биз мазкур ҳодиса тадқиқида ёзма матнларга таянишга мажбур бўламиз. Ваҳоланки, аллитерация ёзма матнларда ҳам яққол англашилиб турса-да, у ўз имкониятларини оғзаки нутқ жараёнидагичалик намойиш эта олмайди. Шеърий матн уни ким ўқиганлигига қараб тингловчида турлича таассурот қолдиради ва ҳис-туйғу уйғотади. Уни ўқийдиганларнинг ҳеч бири шеър муаллифининг ўзичалик тингловчига етказиб бера олмаслиги мумкин.
Бунинг устига таъсирчанликни фақатгина товушлар такрори зиммасига юклаб қўйиш тўғри бўлмайди. Бу вазифани сўзлар, бирикмалар ёки бутун бир гаплар такрори ҳам ўз зиммасига олиши мумкин. Аллитерациянинг нутқда қўлланиши ифодага жозиба бериб, фикрни, ҳис-туйғуни шеърий йўл билан ифодаловчи занжирда алоҳида ҳалқани ташкил этса-да, бундан уни қўлламаслик поэтик матнни камбағаллаштиради, деган хулоса ҳам келиб чиқмайди.
Аллитерация ҳодисаси нутқнинг барча кўринишларида қўлланишини ҳеч ким инкор этмайди, албатта. Аммо унинг қўлланишидаги функционал чегараланишидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Айнан аллитерация сингари стилистик фигуралар туфайли шеърий матнлар бошқа матнлардан жиддий фарқ қилади. Айтайлик, илмий, расмий, публицистик, сўзлашув, ҳатто бадиий услубга хос прозаик матнларда ҳам унга эҳтиёж сезилмайди. Бу услубларни юзага келтирадиган экстралингвистик омиллар мантиғи бунга йўл қўймайди. Такрорнинг бу жиҳатларига антик даврда ҳам эътибор берилган. Масалан, Теофраст бу усулни жиддий нутқ учун яроқсиз деб ҳисоблаган.69 Дарҳақиқат, оддий суҳбат жараёнида фикрни шеърий йўл билан тушунтириш ортиқча ҳаракат бўлгани каби, шеъриятда ҳам руҳий кечинмаларни ва уларнинг ифодаси бўлган ҳис-туйғуларни жўн тарзда ифода қилиб бўлмайди.
Агар аллитерациянинг, юқорида қайд этилган ва нутқда бажарадиган асосий вазифасидан келиб чиқадиган бўлсак, у фақат шеъриятга хос бўлган стилистик фигура ва ўзининг поэтик қимматини айнан ана шу матнда топади. Деярли барча шоирларнинг унга мурожаат қилишининг сабаби ҳам ана шунда. Айни пайтда, унинг қўлланиши ҳар бир шоир ижодида индивидуалдир. Сиртдан қаралганда шаклий ўхшашликларга дуч келишимиз мумкин. Аммо бир ижодкор асарлари матни мисолида улар яхлит тизим сифатида олиб қаралса, бу ўзига хосликни аниқлаш осон кечади. Бошқа ҳолатларда бунинг имкони бўлмаслиги мумкин.
Ушбу фонетик ҳодисага берилган таърифлар анчагина. Масалан, Р.Қўнғуров шеърий матнда бир хил товушларнинг такрорланишини,70 С.Каримов умуман поэтик асарларнинг турли ўринларидаги товуш такрорини аллитерация деб атайдилар.71 Аммо бу фикрлар аллитерациянинг моҳиятини тўла очиб бера олмайди. Ушбу фоностилистик ҳодиса О.С.Ахманова томонидан бирмунча кенг шарҳланган: аллитерация бир хил ёки бир-бирига ўхшаш товушларнинг ёки товуш бирикмаларининг а) бўғин бошида, одатда, тақлидий сўзларда; б) сўз бошида, одатда, турғун бирикмалар ва жуфт сўзлар бошида такрорланиши айтиб ўтилган.72
Одатда, аллитерация деганда сўз бошидаги товушларнинг такрори тушунилади. Бу сўз бошидаги товушларнинг бирмунча аниқ эшитилиши, эътиборни тортиши билан боғлиқ. Шунингдек, аллитерацияга оид илмий манбалар унинг фақат бир хил товушлар такрори доирасида чегараланмаслигини кўрсатади. Бинобарин, мазкур ҳодисани бир-бирига мос келадиган д-т, з-с каби ўхшаш товушларнинг уйғунлиги деб ҳам тушуниш лозим: «У севгисин сотди», қичқирар / Бир аёлнинг қасоскор кўзи. / Тиз чўкаман: / «Синглим, муқаррар / Буюк номзод ўлимга ўзим!» каби. Зеро, поэтик нутққа хос бўлган мусиқийлик ёки бошқа экстралингвистик омиллар товушларнинг турли ўринларда такрорланишини ҳам тақозо этади. Ҳарқалай, муайян товушларнинг матнда бир хил тартибда ёки бошдан-охиригача такрорланиб туриши фақат аниқ бир поэтик мақсадлар кўзда тутилгандагина самарали бўлиши мумкин.
Шеърий матнда рўй берадиган аллитерация тасвирийлик, жарангдорлик ва оҳангдорлик учун хизмат қилади. Шеърнинг мазмунига кўра қисқа ва қатъий сўзлар танланганда аллитерациянинг экспрессив имкониятлари кўпроқ намоён бўлади. Товушларнинг такрорланиши, умуман такрор руҳий ҳолатнинг муайян ҳолатдаги ифодаси бўлиб, унинг ёрдамида лирик қаҳрамон ички дунёси очиб берилишига, образларнинг поэтик талқинига йўналтирилади. Айни пайтда, шеърий мисраларда муайян бир товушни такрор қўллаш эҳтиёжи ижодкорга мазмунга путур етказмаган ҳолда сўз танлаш масъулиятини ҳам юклайди.
Юқорида тилга олганимиз М.Ҳакимов ва В.Жабборовларнинг мақола якунида келган хулосалари Усмон Азим асарлари матнидаги товушларнинг статистикасига ҳам асосан мос келади. Масалан, шоирнинг «Сайланма»си73 матнида ундошлар частотаси юқоридан пастга қуйидагича: Н-17586, Р-14232; Л-11894; М-10909; Д-10332; Т-8722; Б-8719; Г-8031; К-6386; Қ-6297; С-6042; Й-4208; Ш-3944; З-3887; Ч-2785; Ҳ-2545; Ғ-1769; В-1725; Х-1306; П-1248, Ж-1022; Ф-764 каби.
Қўлланиши 10.000 дан ортиқ бўлган товуш олинадиган бўлса, н, р, л, м, д ундошлари частотасининг юқорилиги уларнинг поэтик матнларда фаоллигидан далолат беради. Аммо уларнинг поэтиклиги ҳақида ҳали хулоса чиқариш эрта деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун уларнинг шеърий асарда бадиий-эстетик таъсирни ифодалашдаги иштирокини аниқлаш лозим бўлади. Шу маънода уларнинг айримларининг аллитерация ҳосил қилиш даражасини кўздан кечириш мақсадга мувофиқдир.
Масалан, н ундошининг қўлланиш частотаси юқори бўлганлиги аниқ бўлиб турса-да, унинг Усмон Азим «Сайланма»си таркибида аллитерациялашган ҳолда қўлланганини учратмадик. Тўғри, «Алпомиш хусусида шоир дўстимга махфий хат» шеърида ушбу товушга алоҳида аҳамият берилгандай туюлади: Арпали чўлида Алпомиш ухлар. Уни уйғотмайман. / Уйғонса, нима иш буюрамиз унга, / Хуршид Даврон? / Укам каби Эски Жўвада писта сотадими? / Акамдай пахта терадими икки минг тонна? / Нима иш буюрамиз унга, / Хуршид Даврон? / Имонни сотмоқликни ўрганадими амакимиздан, / Ёки мукофот олмоқликнинг йўлларини? / Аммамизнинг қилмишин кўриб, / Ўзини осиб қўяди-ку! / Нима иш буюрамиз унга, / Хуршид Даврон? Аммо унинг тасвирий имконияти ўзи иштирок этаётган сўз, жумла ва гап такрори доирасида намоён бўлмоқда. Чунки унинг бурун товуши бўлганлиги шеърий ифода жарангдорлигини ўз зиммасига олишга йўл қўймайди.
Усмон Азим шеърияти матнида л товушининг аллитерациялашган ҳолатлари маҳсулдор эмас. Чунки, ушбу товуш билан бошланувчи ўзак сўзларнинг ўзи қўлланиши частотасининг оз-кўплигидан қатъий назар элликта атрофида: лаб (350 марта), лаҳза (36 марта), ларза (4 марта), либос (11 марта), лобар (2 марта), лол (8 марта), лола (6 марта) каби. Ижодкор маҳоратини инкор этмаган ҳолда, бу сўзларнинг мазмунан бирикувчанлик эҳтимоли камлигини ҳам таъкидлаш зарур. Аммо ушбу ундошнинг айтилишидаги мулойимлик ва тилнинг икки ёнидан чиқадиган ҳаво ёрдамида талаффуз этилиши нафақат сўзларга, балки мисрага ҳам маълум маънода майинлик бағишлашини таъкидлаш лозим. Гарчи кам бўлса-да, л ундошининг – Ол! – парига либосин тутар... / Учиб кетар лаҳзада пари каби аллитерациялашган мисралар ҳам учрайди.
Мисоллар таҳлили бурун товуши бўлган м ҳақида ҳам шу фикрларни айтишга олиб келади. Узмоқ – энди сендан – / Менинг мен кўрмаган занжирларимни; Йиқилган менман-ку, / Менман – қулаган... мисраларида м нинг аллитерациялашган ҳолатлари кўзга ташланса ҳам, бунда тасвирийлик лексик восита – мен таркибида рўёбга чиқмоқда. Аммо қуйидаги мисрада меҳрибон ва мен сўзларининг ёнма-ён келишида аллитерация ҳодисаси бор: Дариғ тутма меҳрингни мендан, / Сўзсиз қолдим, Тангрим, сўз юбор.
Гарчи кам ҳолатларда бўлса-да, товушларнинг аллитерациялашиш жараёнида д ундоши иштирок ҳолатлар учрайди. Аммо бунда экспрессивликнинг барча юки айнан шу товушнинг зиммасида бўлади деб айтиш ҳам тўғри бўлмайди. Гард, дард, мард, номард, жўмард сингари оҳангдош сўзларнинг мисралар таркибида биргаликда келиши ва ўзига хос мусиқийликни ташкил этиши шеърнинг ўқилишида муайян тактни юзага келтиради ва шу тарзда унга хизмат қилаётган д товушининг тасвирийлик имкониятини кенгайтиради: Номард тўфонлар турса, / Отингдан гард қолмагай. Қисмат тескари бурса / Зотингда мард қолмагай; Тирамоҳда дард йиғлатар, / Элсиз қолган мард йиғлатар; Мард дунёга келган тупроқ зўр бўлар, / Номард оёқ босган замин шўр бўлар; Ўлар бўлсанг, пул деб ўлма – / Номард бўлиб кетарсан. / Ўлар бўлсанг, ишқ деб ўлгин / Жўмард бўлиб кетарсан каби.
Усмон Азим «Сайланма»сида у аксарият ҳолларда поэтик саналган товушлар орасида биринчи даражали ҳисобланадиган о унлиси билан ёнма-ён келади мисралар жарангдорлигини, шеърий пафоснинг юқори бўлишини таъмин этади: Милтиқ нохос отади, / Акс-садо қилар нидо; Фақат унинг ёнида бесас / Пайдо бўлди доно Кайковус. Жонимни бунча тез фидолар қилдим, / Гарчи эшитмайсан – дуолар қилдим, / Ортингдан эмраниб садолар қилдим: / Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони сингари. Бу икки товушнинг ёнма-ён келиши шоир ижодининг халқона руҳини кафолатлайдиган асосий лингвистик омиллардан бири бўлиб қолади: Ёрни излаб Қалмоқ сари учган, оғам, / Нодон оғам, зиндонларга тушган, оғам, / Номдор одам кўзларини олиб қочди, / Унинг асли ҳовли-жойи зиндондадир. / Қарашингда умид бордир, видо бордир, / Бахтли, бадбахт жо бўлгувчи дунё бордир, / Қўрқма, сенга менингдек бир фидо бордир, / Гарчи севги иккимизга заҳарлидир.
Қўлланиш частотаси юқори бўлган ушбу товушлардан ташқари сон жиҳатдан нисбатан оз бўлган яна бошқа ундошларни кўздан кечирамиз. Масалан, ш ва ғ товушларини олиб қарайлик.
Таҳлиллар сирғалувчи ш товушининг такрорланиши Усмон Азим шеъриятида фаол эмаслигини кўрсатади. Аммо – Салом шовқин, / Салом кўча! / Бағрингга олгин! / Лабларинг ненидир шивирлар шодон. / Бирдан ҳис, қиласан: замин-замин эмас, / Уфқлардан тортиб остонанггача / Шовуллаб, ловуллаб ётган бир денгиз сингари мисраларда у товушга тақлид замирида табиат ҳодисаларининг поэтик манзарасини ёритишга бўйсундирилган.
Ғ ундошининг аллитерацияси ҳам фаол эмас. Бу стилистик фигура Қоғозларга ёздим... Қоғозлар ёнди. / Бу сирни ўйладим – топдим, ниҳоят: / Мен Усмон эмасман, Алптегинман – мен, / Энасой бағрида тўлғонган ғоя; Ҳаққа етдим кузнинг ғамида, / Кўзларимдан чекинди рўё. / Бир «оҳ» урсам, «оҳ»им дамига / Йиқилади қон жиға дунё. / Қайрилади ғаюркор тиғлар, / Бузилади ғаним матлаби... / Куз кўксимга юракни михлар – Юрак – Исо пайғамбар каби сингари камдан кам ҳолатларда кўзга ташланади. Эътибор берилса, қоғоз сўзи таркибида ҳам ғ товуши келган ва сўзлар таркибида такрорланган. Аммо унинг экспрессивлиги ҳақида бир гап айтиш қийин. Чунки, сўз таркибидаги кўплик қўшимчаси -лар бу вазифани ўз зиммасига олиб қўйган.
Демак, поэтик матнларда маълум бир товушнинг фаоллиги унинг бадиий-эстетик вазифани бажаришда аҳамияти ҳақида хулоса чиқаришга асос бўла олмайди.
Гарчи поэтик матнда биронта ортиқча сўзга ўрин берилмасдан, ундаги ҳар бир тил элементи жой-жойига қўйилган ва уларнинг ҳар бири муайян бадиий-эстетик вазифани бажаришга қаратилган бўлса-да, бу элементлар орасида ҳам мазмунан, ҳам шаклан асарнинг, гап ёки жумланинг ядросида турган бирликлар бўлади. Улар баъзан ижодкорнинг муддаосидан келиб чиқиб, матннинг турли ўринларига жойлаштирилиши мумкин. Мана бу парчада Усмон Азим биз назарда тутган муҳим сўзни мисра охирига жойлаштирганлиги унинг таркибида бўлган р ундошига алоҳида вазифа юклаганлиги маълум бўлиб туради: Бу дунёнинг дардини / Териб кетгин шоирим. / Жонингга ачимагин – / Кетмайдими чириблар! / Бу дунёга бир қўшиқ / Бериб кетгин, шоирим, – / Марҳумлар уйғонсинлар, / Ухлолмасин тириклар.
Баъзан поэтик урғу олган р такрорланувчи сўз жумланинг ўртасига тушиб, ички қофияни юзага келтиради ва, айни пайтда, алоҳида оҳанг ва зарб билан талаффуз қилишни талаб этади: Осмонда юлдузлар чиройли, / Дунёда кундузлар чиройли, / Тўйларда кулганлар чиройли, / Вақтида ўлганлар чиройли; Қуёш бор, биз – ғолиб – кунлар кулдилар, / Оламнинг ярми биз – тунлар кулдилар; Ёға бошлар ёмғир имиллаб, / Кузги боғлар бағри туманзор. / У жим турар нимадир тилаб, / Деразамга боқиб умидвор каби.
Титроқ товуш бўлишига қарамасдан, айтилишида жарангдорлик бўлган р товушининг шеърий матнлар таркибида бу тарзда учраши фикрлар ва ҳис-туйғулар ифодасига, шиддатга мойил бўлган Усмон Азим услубига ҳамоҳангдир.
Баъзан сўзлар охирида аллитерация сифатида такрорланган р ҳар бир сўзни алоҳида урғу билан, чертиб-чертиб, сезилар-сезилмас пауза билан талаффуз қилишни тақозо этади ва бу билан лирик қаҳрамон руҳиятига мос ифоданинг шаклланишига шароит яратади: Агар гуллар ҳозир сўлсалар, / Кунлар келар ўлимдан ёмон. / Сен биласан, сувлар саробдир, / Фақат чўли тақир – ҳақиқат. / Гуллар умри беун хитобдир; Кўкда учар қирқта кабутар, / Бир ўспирин югурар ерда. / Қушлар билан манзиллар ўтар, / Ўтиб борар даладан, қирдан. / Қирқ кабутар фалакда учар, / Бир ўспирин югурар ерда. / Осмон билан ер фарқи ўчар, / Ҳар қадами айланар шеърга каби.
Мана бу «Тунлар тугасин деб…» бошланган шеърда аллитерацияни ҳосил қилган р га махсус вазифа – шоир энг муҳим деб ҳисоблаган детални матндаги бошқа элементлардан кескин фарқловчи восита бўлишлик юклатилган: Тунлар тугасин деб мен ҳам ёнгандим, Қисматинг – биз, дея кунлар кулдилар. Йўқ, дедим, ўзимни фалакка отдим, / Устимдан занжирлар, ғуллар кулдилар. / Синган қанотимни элга кўрсатиб, / Оламни тўлдириб қуллар кулдилар. / Ҳали ўлмаган бу жонимни йўқлаб / Йиғлай олмадилар – мунглар кулдилар. / Қара, мен сарғайдим, мен хазон бўлдим, / Аммо юрагимда гуллар кулдилар.
Ҳар банд охиридаги р билан туговчи кунлар, занжирлар, ғуллар, қуллар, мунглар, гуллар сўзларининг ички қофия тартибида жойлаштирилиши ва кулдилар сўзининг гўё радиф вазифасини ўташи мазкур аллитерациялашган товушнинг матндаги аҳамиятини яққол кўрсатиб туради.
Мана бу Чунки тунга айтар рост «оҳ»ингиз йўқ, / Фалакда кезгани шаън роҳингиз йўқ мисраларидаги р шоир қаламидаги аллитерациялашган энг яхши шеърий парчалардир. Аммо Ушлағичга осилганча, / Одамлар турар қатор, / Қатор-қатор, жуфт-жуфт кўзлар / Унга назар ташларди бандида гарчи кетма-кет келган сўзлар бир хил товуш – р билан тугаган бўлса ҳам, уни аллитерация намунаси деб бўлмайди. Бу матнда мазмунан яхлитликда бўлган сўзларнинг тасодифий ёнма-ён келиши сифатида қабул қилиниши лозим.
Туркологик адабиётларда қ, ғ товушлари туркий тилларнинг ўзаро фарқланишидаги асосий омиллардан бири сифатида қаралганлиги ва ўзбек тилининг «қ»ловчи гуруҳга киритилганлиги бу товушнинг она тилимиз фонологик тизимида муҳим ўрин тутишидан далолат беради.74 Бу ҳолатни эса фоника учун ҳам аҳамиятли деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ. Чунки Усмон Азим шеърияти матнини кўздан кечириш бу товушнинг шоир услубида алоҳида ўрин тутганлигидан далолат беради.
Қ товушининг портловчилик характери унинг маъносида кескинлик ва қатъият ифодасининг мавжудлигига ишорадир. Демак, бадииятда унинг ана шу имкониятлари рўёбга чиқади ва ижодкор руҳий оламидаги алоҳида ҳолатларнинг поэтик ифодаси сифатида намоён бўлади. Тахтли кўнгил – фақир бўлгин, / Бахтли кўнгил – ҳақир бўлгин, / Баҳордан кеч – тақир бўлгин – / Ўзинг сўнг бир чечак ўстир. Эзгуликка даъват этувчи ушбу мисралар таркибидаги фақир, ҳақир, тақир сўзлари таркибидаги қ фақатгина оҳангни бир маромда ушлаб турувчигина эмас, айни пайтда, у қатъиятга ундовчи восита ҳамдир. Мана бу «Қайт» дедингиз, «қалб» дедик, / «Айт» дедингиз, «ҳақ» дедик. / Бошимиз дорда туриб / «Жон» демадик, «халқ» дедик мисраларида эса халқ деган сўзнинг лирик қаҳрамон томонидан қатъий айтилишига ва унга ишонтиришга шоир жиддий тайёргарлик кўрган ва бундан аввал қалб ва ҳаққа имон келтириб, ўқувчи ёки тингловчини энг муҳим сўзни қабул қилишга тайёрлаган.
Усмон Азим қўллаган аллитерациялар унинг поэтик услубида халқона руҳ ҳукмронлигининг далили сифатида намоён бўлади. Баъзи шеърлар матнидаги қалдирғоч қанот, қанотни қайирмоқ сингари турғун бирикмалар таркибидаги қ, биринчидан, бирикманинг ғоятда табиий ва қуймалигини далилловчи, иккинчидан эса, талаффуздаги уйғунлик ва жозибани таъминловчи фонетик воситадир: Эй, қалдирғоч қанотим, / Сен менинг маст руҳимсан; Мен қайтаман қуёш йўлидан, / Қанотимни тузоқ қайиргай; Лочин эдим, армонларинг / Қайирди қанотимни... Тирик кетган ҳар кишига / Шоир очади аза. / Ҳар бекатда биров ғойиб – / Қанотларим қайрилди...
Шоирнинг бошқа бир шеърида эса бу уйғунлик кенгроқ ва изчилроқ кўламда намоён бўлади: Инсонни тушуниш керак! / Май ҳиди анқиган ғариб қаҳвахона... / Одамлар, қадаҳлар, сигарет дуди, / Кимдир ориқ, қалтироқ қўллари билан / Чўнтагин ағдариб (тамаки қолдиғи тўкилар) / Ягона сўмини сарфлар ароққа – манзил – қаҳвахона, ундаги нарсалар – қадаҳ, ароқ, ичувчининг аҳволи – қалтирамоқ. Буларнинг барчаси яхлит ҳолида нафрат уйғотувчи нохуш бир манзарани шакллантирган бўлса, қ нинг такрори бу нохушликни оҳангда яна ҳам кучли тарзда беришга кўмаклашади.
Ҳали тушларингда учасан юксак / Мен қанча қанотдай қоқмай қўлимни, / Йўқолган осмондан топмасман дарак, / Кўраман тубанлаб кетган йўлимни мисраларида қ ли сўзлар гарчи аллитерация ҳолатида тизилган бўлса-да, жарангдорликни вужудга келтириш учун танланган эмас. Уларнинг қўлланишида бу мақсад ўртага қўйилган, деб бўлмайди. Аммо охири қаттиқ ундош билан тугаган сўзга қўшилган жўналиш келишиги қўшимчасининг унга мос ҳолда ўзгарган шакли кейинги сўз билан ёнма-ён ҳолда чиройли аллитерацияни ҳосил қилган: Қаёққа қараяпсани, / Мен – мўъжиза ёнингда; Қушча қичқирарди бўшлиққа қараб, / Фазога нидоси кетарди сингиб каби.
Таркибида аллитерацияга учраган товушлар бўлган сўзлар контакт ҳолатда жойлашганда такрор усулининг самарадорлиги сезилади: Қочдим ҳушёрликдан, тушга алмашдим./ Беқанот қалбимни қушга алмашдим. Кўкка боқдим, ўт туташди жоним аро.../ Қат-қат булут қатларида не сир-асрор! Агар бу контакт ҳолат жумланинг охирида бўлса, урғу олган сўзнинг таъсири яна ғам кучаяди: Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар, / Оғиз очар фақат овқат емоққа.
Кўр бўлма, дунёга боқ, / Бошдан адоғигача. / Одамларни қўшиқ қил, / Қўлин қадоғича. / Қарға қошида қарға / Бўлиб сайрама, болам. / Булбулсан, булбуллардай / Жон ўртар, бўлсин ноланг. Мисралар қатидаги қ туфайли шаклланган ритм кейинги қаторларда охирги мисрага қадар б ундошига кўчади. Охирги мисрага келиб устунлик жон, нола сўзларидаги о унлисига ўтади.
«Бўлиниб бораяпман…» номли шеърда қ ундоши ўзи билан ёнма-ён келган унли товушлар билан биргаликда шоир услуби ва лирик қаҳрамоннинг руҳий изтироби, айни пайтда, воқеликка бўлган муносабатдаги қатъиятини ўзида мужассам қилган поэтик восита сифатида иштирок этади: Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка, / Она, оқибатим адашиб кетди. / Болам, қаерларда қолди шафқатим? / Севгилим, лабимни йўқотиб қўйдим. / Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка, / Душманим бахтиёр – қаҳрим қаерда? / Нега бунча пастман – қаерда бўйим? / Оёғимдан қачон ажралиб қолдим? Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка, / Хотирам йўқликка қоришиб кетди. / Селдай оқиб кетди кўксимдан юрак, / Фақат хаёл тошдай қотди бошимда. Чиноринг тагида бўлиниб ётибман – / Шунда бир сўз баргдай лабимга қўнар: / «Ватан» дейман, такрор айтаман: «Ватан».../ Бирлаша бошлайди юрак, ақл, тан… Бу товушли бирикмаларнинг кетма-кет жойлашувида муайян уйғунлик бор ва улар сўзларнинг мазмуний ва оҳанг жиҳатдан боғланишини мустаҳкамлайди. Шу маънода микроматндаги барча қ товушларини бу қоидага мувофиқ қўлланган дейиш хато бўлади. Масалан, Она, оқибатим адашиб кетди мисрасидаги қ юқорида айтилган уйғунликдан ташқарида, чунки, ёнма-ён келган она, оқибат сўзларидаги о бериладиган урғу қ нинг мавқеини пасайтиради. Хотирам йўқликка қоришиб кетди мисрасидаги йўқлик таркибида бўлган қ ҳам қоришмоқ даги қ га уйғун эмас. Қоришмоқ даги қ кейинги сўздаги к га уйғун: қоришиб кетди каби. Охирги мисрада келган ақл сўзидаги қ ҳам автономдир.
Мана бу мисраларда ҳам тарихан бири иккинчисининг варианти бўлган қ ва к тасвирда чиройли аллитерацияни ташкил қилган: Кичкинаман – руҳим, қалбим қаршингда карахт, / Бир озгина бўйинг калта бўлса-чи, дарахт!
Сирғалувчи ва жарангиз товуш сифатида қараладиган с ундошининг тасвирий имконияти матн таркибидаги товушларнинг умумий фонида унчалик сезилмаслиги мумкин. Аммо поэтик асарларда аллитерация элементи сифатида қўлланганда уларнинг моҳияти ўзгаради. Замиридаги кескинлик, қатъият, баъзан майинлик каби оттенкаларни намойиш этиб, экстралингвистик ва лингвистик омиллар уйғунлигини таъминлашга, ижодкор руҳий оламидаги туғёнларнинг юзага чиқишига кўмаклашади. Масалан, кескинлик оттенкаси: Сайлашса сайлашар-да, / Одам каму, раис мўл; майинлик оттенкаси: Саҳарнинг салқинини / Ўтгa отди саратон. / Саҳронинг ўртасида / Шамол қовжираб ёнди. / Сабрнинг гавараси – / Саксовул – шўрлик армон; муносабатдаги қатъият оттенкаси: Ялинаман унга: / – Бор, Бойсунга бор! / Шаҳарга ярашмас саҳройи сўхтанг. / Борсанг – шамол тайёр, ёмғир ҳам тайёр, / Тоғлар орасида яшайсан / кўркам; муносабатдаги салбийлик оттенкаси: Уфқлар салқи тортган, / Салт от серрайиб турар каби. Бу ерда экспрессивликнинг ҳосил бўлишига р нинг геминатив ҳолати ҳам кўмаклашади.
Аллитерациянинг кетма-кет келган сўзлар таркибида содир бўлиши ифодага алоҳида жозиба ва ўйноқилик руҳини беради: О, кўксимга тўкилди шабнам, / Қалбда майса сасини сездим каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |